20:56 / 26.03.2022
47694

Шифокорлар ойлиги, газ-свет янгиликлари ва ИИВдан “no photo, no video” — ҳафта дайжести

Тиббиёт ходимларига аталган президент фармойишида нималар ёзилган? ЙПХ ходимларининг видеосини тарқатганлар жаримага тортиладими? Электр ва газ ишлаб чиқаришни кўпайтиришга оид қанақа янгиликлар бўлди? Ижтимоий тармоқларни блокдан чиқариш ваъдаси амалга ошадими? Kun.uz'нинг якунланган ҳафта дайжестида шу ва бошқа мавзуларда сўз юритамиз.

Шифокорларнинг ойлиги оширилади

Президент соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари билан учрашувда эълон қилинган янгиликлар бўйича фармойиш имзолади. Унга кўра, 2022 йил 1 июндан бошлаб тизимдаги ходимларнинг ойлик маоши малака тоифасига қараб 15 фоизгача оширилади.

Бундан ташқари, мураккаб операцияларни бажарган шифокорларга 25 фоиз устама тўланади, олис ва чекка ҳудудларда ишлаётган шифокорларнинг ойлигига қўшимча 2 млн сўм қўшиб берилади.

1 майдан бошлаб барча тиббиёт ходимлари учун дастлабки ва даврий касбий тиббий кўрик бепул бўлади. Қон билан бевосита ишлайдиган тиббиёт ходимлари гепатит “В” касаллигига қарши бепул эмланади. 1 июлдан бошлаб эса 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган болалар йод препарати билан бепул таъминланади.

Ҳужжатга асосан, янги ўқув йилидан бошлаб 15 та тиббий мутахассислик бўйича магистратурада давлат грантлари 4 бараварга оширилади. Олис ва чекка ҳудудларда узлуксиз 3 йил ишлаган шифокорлар клиник ординатурага тест синовларисиз қабул қилинади.

Оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ва кўп тармоқли марказий поликлиникаларда иш вақти соат 20:00гача узайтирилади, уларда ишлайдиган шифокор ва ҳамширалар иш ҳақига қўшимча устама тўланади.

Тажрибали шифокорларнинг якка тартибда оилавий шифокорлик фаолиятини юритишига рухсат берилиши кутилмоқда. “Тажрибали шифокор” деганда ким тушунилишига ҳозирча аниқлик киритилмади. Дарвоқе, мазкур фармойишнинг ўзи ҳам ҳозирча очиқ манбаларда йўқ.

ЙПХ ходимларини тасвирга олиб тарқатиш тақиқланиши мумкин

blj2BMJRH_uI-4k1bx8Cqw-9cz7RmkQK.jpg (890×600)
Фото: Видеодан кадр

Президент имзолаган, бироқ очиқ манбаларда эълон қилинмаган яна бир ҳужжат, аниқроғи Ички ишлар вазирлиги киритмоқчи бўлаётган янги тақиқ шу ҳафта жамоатчилик эътиборини тортди. Вазирлик йўл-патрул ходимларининг фото ва видеосини уларнинг рухсатисиз тарқатишни тақиқламоқчи.

Агар муҳокамага чиқарилган ҳукумат қарори лойиҳаси қабул қилинса, Ўзбекистонда ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифаларини бажариши билан боғлиқ ҳолатда олинган фото ва видео тасвирларини унинг рухсатисиз тарқатиш ман этилади. Жамоатчилик қаршилигига учраган бу қарор қабул қилинадими-йўқми, ҳали номаълум, лекин шуниси аниқки, Ички ишлар вазирлиги фақат шу билангина чекланиб қолмоқчи эмас: вазирлик бу қоидани бузганларни, яъни ЙПХ ходимининг видеосини тарқатганларни жавобгарликка тортишга оид қонун лойиҳасини ҳам тайёрлаяпти.

Фаолларнинг фикрича, бу – нафақат очиқлик сиёсатига, балки қонунларга ҳам зид. Ички ишлар вазирлиги эса ЙПХ ходимлари фаолиятини ижтимоий тармоқларда ёритишга “ихтисослашиб олган” блогерларни сабаб сифатида кўрсатяпти. Дарҳақиқат, интернетда бу соҳа вакилларига нисбатан туҳмат ва ҳақоратлар, замонавий тил билан кибербуллинг жуда кўп, лекин виждонсиз ва қонунни менсимайдиган ходимлар шу йўл билан фош қилинаётгани ҳам бор гап.

Яна шуни айтиш керакки, Ўзбекистонда шахсни обрўсизлантириш ва туҳмат тарқатишга нисбатан жавобгарлик аллақачон бор, қайсидир ходим уни интернетда кимдир камситган деб ҳисобласа, бемалол тегишли жойларга мурожаат қилиши мумкин. Вазирликнинг бу таклифлари эса масалани чигаллаштиради, тизимли муаммоларни яширишга уринишдек кўринаверади.

Худди эътирозларга далил бўлгандек, шу янгилик билан бир кунда ЙПХ ходими ҳайдовчига электрошокер қўллагани видеоси тарқалди. Наманган шаҳридаги воқеада ҳайдовчи жаримасини вақтида тўламагани маълум бўлган, шундан кейин инспектор машинани жарима майдонига олиб кетмоқчи бўлиб, ҳайдовчини машинадан тушишга электрошокер билан мажбурлаган. Ходимнинг бу ҳаракати қонунга зид бўлиши мумкин. Балки шунинг учундир, Наманган вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бу воқеага оид видеобаёнотини Telegram каналидан ўчириб ташлади.

Очиқлик масаласида яна икки оғиз. Маълум бўлишича, шу йил 8 феврал куни ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишга оид 118-сонли президент қарори имзоланган. Ҳужжат очиқ манбаларда йўқ, лекин шуниси маълумки, унинг 4-бандида: “ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ўз хизмат вазифасини бажариш чоғида олинган видео ва фототасвирларни уларнинг рухсатисиз тўғридан тўғри интернет тармоғига жойлаштиришни тақиқлаш ҳамда бундай хатти-ҳаракат учун жавобгарлик белгилаш” бўйича 3 ой ичида таклиф киритиш топшириғи берилган.

Шу ўринда, президент ўтган йили имзолаган очиқликка оид фармонни эслатиб ўтамиз. Фармонда чеклаб қўйилган ахборотларнинг рўйхатини тасдиқлаб, ана шу рўйхатга кирмайдиган маълумотларни махфийлаштиришни тақиқлаш белгиланган эди, ана шу талаб ҳозиргача бажарилгани йўқ. Агар бажарилганида, ички ишлар ходимларини ҳимоя қилишга оид ҳужжатни яширишнинг имкони бўлмасмиди, ким билсин...

Сурхондарёда биринчи ИЭС қурилиши бошланди

j_8jdHbShbcjXyLg9S0JhQlkgL0qF6aD.jpg (1280×853)
Фото: Президент матбуот хизмати

Сурхондарёнинг Ангор туманида янги иссиқлик электр станцияси қурилиши бошланди. Бу янгиликнинг муҳим томони шундаки, бу охирги йилларда Ўзбекистонда қурилган энг йирик электрстанция бўлади.

Германия, Франция ва Нидерландия компаниялари билан давлат-хусусий шериклик асосида қуриладиган ИЭСнинг қуввати 1,5 минг мегаватт бўлади. Таққослаш учун, охирги 3 йилда давлат-хусусий шериклик асосида ишга туширилган 5та станциянинг умумий қуввати минг мегаватт эди.

Янги станция 2024 йил охирида битказилади ва йилига 12 млрд киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқара бошлайди. 1,2 млрд долларлик станция қурилишига Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида старт берилди.

Албатта, ИЭС ишлаши учун газ керак. Энергетика вазири ўринбосари Азим Аҳмадхўжаев берган маълумотга кўра, Ўзбекистон 2030 йилгача табиий газ қазиб олишни 20 фоизга оширишни режа қилмоқда. Вазир ўринбосари газ экспорти деярли тўхтатилгани, бундан кейин ҳам асосий эътибор ички эҳтиёжни қондиришга қаратилишини маълум қилди.

Kun.uz'нинг аниқлашича, ҳафта бошида водий вилоятларида табиий газ босими минимум кўрсаткичнинг ярмигача камайиб кетган. Бироқ “Ўзтрансгаз” буни тан олгани йўқ.

Ачинарлиси, газ босими пасайган кунларнинг бирида Қўқондаги “Ҳазрати Аббос” масжидининг имом-хатиби ис газидан заҳарланиб вафот этди. Марҳум Саидкамолхон домла Маҳмудовдан ташқари, унинг турмуш ўртоғи ва уч нафар вояга етмаган фарзанди ҳам ҳалок бўлди.

Кутилмаган янгилик: Ижтимоий тармоқларни блоклаш тўхтатилиши айтилди

Ўзбекистонда 2015 йилдан бери блокда бўлиб келган, одамларнинг эсидан ҳам чиқиб кетган Skype VPN'сиз ишлай бошлади. Ахборот технологиялари вазирлиги блокдаги бошқа тармоқлар – Twitter, TikTok, ВКонтакте ва WeChat'га қўйилган чекловлар ҳам олиб ташланишини ваъда қилмоқда.

Кўпчилик учун кутилмаган бу хушхабар хориждан 1,5 минг нафар меҳмон чақирилган Тошкент инвестиция форуми кунларига тўғри келди. The Economist журналисти Жоанна Лиллис Ўзбекистонда Twitter блоклангани сабаб форум ҳақида твит ёзолмаётган халқаро инвесторларга бунинг оддий йўлини ўргатгандек бўлди: шунчаки, VPN ишлатишга тўғри келади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда шахсга доир маълумотлар ҳимояси деган ёрлиқ билан ижтимоий тармоқлардан ўз серверларини Ўзбекистонга олиб келиш талаб қилиняпти. Биз бу талабнинг мантиқсизлиги ва у тармоқлар блокланишидан бошқа натижа бермаслиги ҳақида кўп бора ёзганмиз. Эслатиб ўтамиз, бу қонунни Telegram, Instagram, Facebook ва YouTube'га нисбатан ҳам жорий қилиб кўришган, лекин бунинг ортидан IT вазири, “Ўзкомназорат” бошлиғи ва бош вазирнинг IT бўйича маслаҳатчиси ишдан олинганди.

Бу ҳафта Ўзбекистонда яна нималар рўй берди?

TlEBi80HAgVYtSzukdD7YGyqodBrPN5C.jpg (900×625)
Фото: Kun.uz

Самарқанд халқаро аэропортининг қайта қурилган янги терминали очилди. Очиқ турган китоб шаклидаги терминал ва аэродром қурилиши қарийб 3 йил давом этди. Янги аэропорт 1 апрелдан халқаро рейсларни қабул қила бошлайди.

Чоршанба куни президент Шавкат Мирзиёев иқтисодий блок йиғилишини ўтказди. Мураккаб ташқи шароитлар фонида нархлар барқарорлигини сақлаш учун айрим озиқ-овқат маҳсулотлари божхона тўловларидан озод қилинадиган бўлди. Шунингдек, Ўзбекистонда солиқ маъмурчилигига оид барча ўзгаришлар тўхтатиб турилади.

Электромобилларга оид кенг қамровли президент қарори лойиҳаси эълон қилинди. Унда бюджет ташкилотларидаги хизмат машиналарини 2030 йилгача юз фоиз электромобилларга алмаштириш, электромобилда таксичилик қилувчиларни 2040 йилгача барча лицензия тўловлари ва йиғимлардан озод этиш, бензинда юрадиган машиналарни рўйхатдан ўтказишда янги тўловлар жорий этиш ва электромобилларга тааллуқли кўплаб имтиёзлар берилиши кўзда тутилган.

Ҳокимлар ер бўйича яна битта ваколатидан айрилди. Президент фармонига биноан, энди қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни аукцион орқали ижарага олишда ҳоким қарорини чиқартириш шарт эмас. Экинзорларни ижарага беришда хориждан қайтган собиқ меҳнат мигрантларига устунлик берилиши айтилмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида коронавирус сабабли тўхтатилган қатновлар тикланмоқда. 16 мартдан бошлаб Тошкентдан Қозоғистоннинг 5та шаҳрига автобус қатнай бошлади. 2 майдан бошлаб эса Тошкент ва Алмати орасида ҳафтасига уч марта тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши тарқатиб юборилди. Хоразмнинг Ҳазорасп туманида ҳоким ўринбосари 12 минг доллар билан ушланди, Самарқанднинг Иштихон туманида давлат хизматлари маркази ходими 6 минг доллар билан қўлга олинди.

Top