Ўзбекистон | 10:00 / 13.07.2025
9210
14 дақиқада ўқилади

Тошкент пропискасининг очилиши, автотеррористларга чора ва порахўрлик “хит-паради” — ҳафта дайжести

Вилоятликларни таҳқирлаган қонун бекор қилиняпти: прописка тартиби Пахтаободда қанақа бўлса, Юнусободда ҳам худди шунақа бўлади. Йўл ҳаракатига оид селектор: радарга кўп тушганлар гувоҳномасидан айрилади, айрим йўлларда 130 тезликка рухсат берилиши мумкин. 10 минг долларлик поралар серияси: ушланганлар орасида прокурор ўринбосари ва ҳоким ҳам бор. Якунланаётган ҳафта хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Прописка режимининг умри тугамоқда

Ўзбекистонликларни ўз ватанида камситиб келган, вилоятлик бўлгани учун таҳқирлаган ва чин маънода хўрлаган қонун, ваниҳоят, бекор қилинмоқда. 10 июл куни фуқароларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишнинг янги тартиби тўғрисидаги қонун президент томонидан имзоланди. Қонун 3 ойдан кейин, 12 октябрдан бошлаб кучга киради. Шу санадан эътиборан, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти пропискасини олиш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 12 та тоифаси кўрсатилган қонун ўз кучини йўқотади ва бутун Ўзбекистон ҳудудида доимий ва вақтинча рўйхатда туришнинг ягона тартиби амал қила бошлайди.

Оддий қилиб айтганда, 2020 йилда Тошкентдан уй сотиб олиш орқали пропискага кириш имконияти яратилган бўлса, энди бу талаб ҳам бекор бўлади. Фуқаролар мисол учун Музработ ва Пахтаобод туманида қандай қилиб прописка олса, Миробод ва Юнусобод туманига ҳам худди шундай тартибда пропискага кира олади. Агар сиз бошқа вилоятдан Тошкентга кўчиб келсангиз ва ўз номингизда уйингиз бўлмаса, қонуний асосда яшайдиган уйингизнинг эгаси билан биргаликда давлатни бу ҳақда хабардор қилиб қўйсангиз кифоя. Хабар берилганидан кейин узоғи 1 иш кунида фуқарога доимий яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилгани ҳақида маълумотнома тақдим этилади.

Қайд этиш керак, яшаш ёки турар жойи ўзгаргани ҳақида 10 кун ичида хабар бериш – мажбурий деб белгиланган.

Айни пайтда, турар жойга фуқароларни рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига риоя этиш талаби сақлаб қолинади. Уй-жой кодексига кўра, бу норма 1 киши ҳисобига камида 16 квадрат метр деб белгиланган. Ҳокимликларда нормани кўтариш ваколати бор. Минимум меъёр бўйича ҳисоблаганда, умумий майдони 48 квадрат бўлган икки хонали квартирада кўпи билан 3 киши пропискага қўйилиши мумкин.

Сурункали қоидабузарлар тийиладими?

Ҳайдовчилар учун 1 июндан ишга тушган жарима баллари тизими радарларга тааллуқли эмаслиги сабаб, аравасини учириб ҳайдайдиган автотеррористларни қўрқита олмаганди. Хайриятки, бундан кўра самаралироқ бошқа чоралар ҳам режа қилинаётган экан. Президент Шавкат Мирзиёев 9 июл кунги селекторда “Сурункали қоидабузарлар” дастури ҳақида эълон қилди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бу дастур “жаримани тўлаб қўйдим-ку, хоҳлаганимдек юравераман” дейдиган ҳайдовчиларга “қонуннинг кучини кўрсатиб қўйиш” мақсадида ишлаб чиқилган. Дастурга кўра, бир ой ичида 2 марта қизилдан ўтиб кетган ёки бир ойда 5 марта радарга тушган ҳайдовчиларга 1 йилгача жаримадан чегирма берилмайди. Бир ой ичида 10 тадан кўп қоидабузарлик қилган ҳайдовчилар эса 6 ойгача гувоҳномасидан маҳрум этилади. 60 тезликка рухсат берилган жойда 120 тезликда, яъни 2 баробар тез юрганларнинг ҳам гувоҳномаси олиб қўйилиши кутиляпти.

Ички ишлар вазирлиги бу чораларни амалга киритишни худди жарима баллари билан бўлгани каби 7 йилга чўзиб юбормайди, деб умид қиламиз. Дастурни имкон қадар тезроқ қабул қилиш, қолаверса, автотеррористлар фойдасига ҳаддан ташқари юмшатиб юбормаслик ҳам жуда муҳим. Чунки уларга президент таъбири билан айтганда “қонуннинг кучи кўрсатиб қўйилмаса”, ҳар куни йўлларда 6 кишини ўлдиришяпти. Шавкат Мирзиёев селекторда шу рақамга алоҳида урғу бериб, кунига ўртача 6 нафар ватандош авария қурбони бўлаётгани – ҳаммани ташвишлантириши кераклигини айтди.

Йиғилишда маълум қилинган рақамларга кўра, ўтган йили ҳам ЙТҲларда 2200 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Ҳудудлар бўйича статистикада Сурхондарё вилояти яққол ажралиб туради: ўтган йили бу вилоятда ЙТҲлар сони бирданига 20 фоизга, ҳалок бўлганлар эса 35 фоизга ошиб кетган.

Вилоятлараро йўлларда тезлик чеклови ошиши мумкин

Селекторда аксарият ҳайдовчиларга маъқул келадиган янгиликлар ҳам кўп бўлди. Топшириққа асосан, хавфсизлик талабларига жавоб берадиган айрим йўлларда тезлик чекловларини юмшатиш, яъни ҳозиргидан тезроқ юришга рухсат бериш масаласи ҳам кўриб чиқиладиган бўлди. Депутат Алишер Қодировнинг изоҳидан келиб чиқилса, бу ерда гап магистрал йўлларнинг аҳоли яшамайдиган қисмларида тезликни 130 км/соатгача ошириш ҳақида кетаётган бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, йўлларнинг сифатини ошириш учун ажратиладиган маблағлар кўпайтирилади: радар ва камералардан бюджетга тушадиган жарималарнинг 25 фоизи йўл инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилади. Шунингдек, асоссиз қўйилган тақиқловчи белгилар олиб ташланади, йўлларда алоҳида мавқега эга бўладиган амалдорлар доираси торайтирилади.

“Тошпўлатов, Ибрагимов бир ҳафта муддатда ким рухсат берганидан қатъи назар барча ташкилот ва маҳаллалардаги асоссиз қўйилган тақиқловчи белгиларни олиб ташласин. Вазирлик ва идоралар ходимлари аҳолига ноқулайлик яратиб, парковка қилиб олган ҳудудларда фото ва видеокамералар ўрнатиб, жазо муқаррарлигини тушунтирсин. Давлат хизматчилари жамоат транспортида юриш бўйича аҳолига намуна бўлиши керак. Энди ҳукумат қарори билан тасдиқланган рўйхатдан ташқари бирорта раҳбарнинг хизмат машинасига йўлларда устунлик берилмайди”,деди президент.

Шавкат Мирзиёев тирбандликларни камайтириш бўйича топшириқлар бераркан, яқинда бу муаммога ўзи ҳам бевосита дуч келганини айтди:

“Ўтган шанба-якшанба куни ўзим рулда юриб келдим. У йўлларда рулда кимлигини ҳеч ким билмайди, мен ҳам 15–20 дақиқа тирбандликда турдим, тургандаям яхшилаб турдим. Тошпўлатов (ички ишлар вазирига қарата), тўғрими? Рулда менлигимни ҳеч ким билмасди, ҳамма билан турдим: нима қиламан, кўчага чиқиб, эй, йўлни очиб бер, деб бақирмайман-ку? Эл қатори турдим. Ўтиб бўлганимдан кейин вазирга телефон қилдим. Сен ўзинг келиб ўтгин қани. Одамлар кечаси уйига қайтиб келяпти, кайфияти ёмон томонга ўзгарадими ё ўзгармайдими?”

Ўзбеклар – Европада

Европага бораётган қоракўз ватандошларимиз сони ортиб боряпти. Маълум бўлишича, 2024 йилда ўзбекистонликлар шенген визаси учун рекорд даражада кўп ариза берган. SchengenVisaInfo портали маълумотига кўра, ўтган йили салкам 58 700 нафар ўзбекистонлик шенген визаси учун талабгор бўлган. Бу рақам бир йил олдингига қараганда 26 фоизга кўп. Виза олганлар сони эса бир йилда 33 фоизга кўпайган.

Аризаларга ижобий жавоб берилиши кўрсаткичи 88 фоизни ташкил этган. Яъни 2024 йилда шенген визасини сўраган ҳар 10 та ўзбекдан 9 тасига виза берилган. Энг кўп ариза бериладиган Германия консулхонаси ўзбекларнинг 19 300 та сўровидан 15 500 тасига ёки 80 фоизига ижобий жавоб берган. Энг кўп – салкам 70 фоиз ҳолатда рад жавобини берган консулхона эса Полшаники бўлган.

Бу ҳафта, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлигида VFS Global виза марказлари тармоғининг минтақавий директори билан учрашув бўлиб ўтди. Ўзбекистонда консулхона очмаган Канада, Австралия ва бошқа давлатларнинг визасини олишни ўзбекистонликлар учун осонлаштириш – кун тартибидаги асосий масала бўлди. Ҳозир бу давлатларга виза олмоқчи бўлган ватандошлар Қоғозистон ёки Россияга бориб келишига тўғри келяпти. Шу сабабли расмийлар ариза бериш жараёнининг бир қисмини Ўзбекистонга кўчиришни таклиф қиляпти.

Яна бир масала – жамоавий гуруҳларнинг аризалари бўйича VFS Global ходимларининг сайёр қабулларини ишга тушириш борасида эса келишувга эришилди. Бу хизмат пулли асосда кўрсатилади ва чекка ҳудудлардаги ариза берувчиларга Тошкент ё Самарқандга бориб ўтирмасдан, виза ёрдамини олиш имконини беради.

Коррупцион жиноятлар: Андижондан Қорақалпоғистонгача

Порахўрлик жиноятлари бўйича ҳафталик хит-парадларни давом эттирамиз. Бу борадаги биринчилик бу ҳафта Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаевга “насиб қилди”. ДХХ хабарига кўра, унинг қўл остида ишлайдиган ходим уй-жой қуриш учун ер ажратиб бериш эвазига қурилиш компанияси раҳбаридан 10 минг доллар олиб, ҳокимга берган. Бош мутахассис лавозимидаги бу шахс кейинроқ яна 20 минг доллар олади ва шундан 10 минг долларини ҳокимга бераётган вақтда, иккаласи қўлга тушади.

Бир даста юз долларлик билан ушланган яна бир амалдор – Гулистон шаҳри прокурорининг ўринбосари бўлиб ишлайди. У талон-торож қилиш ва фирибгарлик жиноятларида айбланаётган шахсга нисбатан енгиллик қилиб бериш эвазига, 10 минг доллар сўраб, шунча пулни хизмат хонасида олаётган вақтда ҳибсга олинган.

Ҳафта давомида пора билан ушлангани хабар қилинган амалдорлар топ-учлигини Қорақалпоғистоннинг Беруний тумани ҳокими ўринбосари якунлаб беради. У қизилмия илдизини етиштириш учун 150 гектар ер ажратиб бериш эвазига 12 минг доллар олган пайтида қўлга тушган.

Пора устида қўлга олинганлар рўйхати шу билан тугамайди. Расмий хабарларга қараганда, Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг Косонсой тумани бўйича бош мутахассиси – 10 минг доллар, Андижон вилояти солиқ бошқармаси бош инспектори – 2500 доллар, Сурхондарё вилояти солиқ бошқармаси бош инспектори ҳам худди шунча – 2500 доллар пора олган вақтида қўлга тушди. Кадастрлар палатаси Ғиждувон тумани бош мутахассиси фирибгарлик йўли билан 2000 доллар олганда ушланди. Агросаноат инспекцияси Андижон вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи эса “камтаргина” 1000 доллар олганида қўлга тушган.

Ҳафта давомида, шунингдек, Андижон давлат университетининг бир гуруҳ мансабдорларига нисбатан суд ҳукми ўқилгани маълум бўлди. Унга кўра, университетда нақ 25 йил давомида бош ҳисобчи лавозимида ишлаган Алимжон Маҳмудов, собиқ ректор Акром Йўлдошев ва яна 11 киши жиноий режа тузиб, турли йўллар билан стипендия, контракт, ётоқхона, рағбатлантириш пуллари ва бошқа маблағларни ўзлаштириш орқали, жами 53,6 млрд сўмни талон-торож қилганликда айбдор деб топилди. Айбига қисман иқрор бўлган бош ҳисобчи 6,5 йилга, айбловларни рад этган собиқ ректор 6 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Бухородан келган бошқа бир янгилик эса, давлат ташкилоти нафақат ўзлаштириш орқали, балки том маънодаги ўғирлаш орқали ҳам талон-торож қилиниши мумкинлигини кўрсатди. ЎзА хабарига кўра, Техник тартибга солиш агентлиги ҳузуридаги UzTest'нинг Бухоро вилояти филиалида оғирлиги 1,2 тонна, нархи 150 млн сўм бўлган синов ускунаси ва 250 млн сўмлик газбаллонларни ўлчаш воситаси ўғирлаб кетилган. UzTest бу жиноятни тасдиқлаб, ўғрилик ўтган йили ноябрда Техник тартибга солиш агентлигининг ўзи томонидан фош этилганини билдирди – ускуналар топилганми-йўқми, бунга аниқлик киритилмади. ЎзА хабарида айтилган “UzTest'да 6 млрд сўм мақсадсиз ишлатиб юборилгани” ҳақидаги даъво эса ташкилот баёнотида рад этилган.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистон ва Қозоғистон BRICS'да ҳамкор давлат мақомини олди. Гуруҳнинг Бразилиядаги саммитида Ўзбекистон номидан Сенат раиси ўринбосари Содиқ Сафоев қатнашди. Ташқи ишлар вазирлигининг изоҳлашича, BRICS билан ҳамкорликка ташқи сиёсатдаги прагматик ва мувозанатли йўналишлардан бири деб қаралмоқда. Рио-да-Жанейродаги саммитда ташкилот аъзолари АҚШнинг савдо сиёсатини танқид қилди, бунга жавобан АҚШ президенти Доналд Трамп BRICS'нинг “аксил-америка” сиёсатини қўллаётган давлатларга бож солиш билан таҳдид қилди. Қозоғистон эса, BRICS билан боғлиқ бўлмаган тарзда, Трампнинг 25 фоизлик божи билан тўқнашиш арафасида турибди.

Узлуксиз 90 кун ёки ундан ортиқ вақт давомида чет элда бўлган Ўзбекистон фуқаролари ватанга қайтганида ОИВ инфекциясига мажбурий текширувдан ўтказилади. Депутатлар бу ҳақдаги қонунни қабул қилиб, Сенатга юборди. Мажбурий текширув талаби 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган фуқароларга тааллуқли бўлади, Ўзбекистон фуқароларини текшириш харажатлари давлат бюджетидан қопланади. Бу тартиб қачондан кучга кириши қонун кейинги босқичлардан ўтганидан кейин маълум бўлади.

Чиқиндидан қарзи борлар 1 августдан бошлаб свет учун пул тўлолмайди. Тегишли қонун март ойида имзоланган эди. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги хабарига кўра, янги қонунни амалда қўллаш 1 августдан бошланади. Бунда, чиқиндини олиб чиқиб кетиш хизматидан қарзи бор истеъмолчиларга ҳар ойнинг 5-санасигача SMS юборилади. Шундан кейин 5 кун ичида қарздорлик бартараф этилмаса, истеъмолчи электр энергияси учун тўлов қилолмай қолади. Бу чеклов қарздорлик бартараф этилиши билан, автоматик тарзда ечилиши айтиляпти.

UzIMEI бошоғриғи яна кун тартибида. Сенатор Қобул Турсунов бу тизим юзасидан рақамлаштириш вазири Шерзод Шерматовга сўров юборди. Турсуновга кўра, IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш имконияти чеклангани туфайли айрим ҳолларда хизмат ҳақи сунъий ошириляпти. Бундан ташқари, иккинчи SIM-карта учун IMEI2-кодни алоҳида рўйхатдан ўтказиш кераклиги, бунинг учун айнан қурилмани аввал рўйхатдан ўтказган жойга бориш шартлиги фуқаролар учун қўшимча қийинчилик ва харажатларни келтириб чиқаряпти. Сенатор ўз сўровида UzIMEI'даги техник муаммолар ва бюрократия юзасидан изоҳ талаб қилган.

Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов

Мавзуга оид