АҚШ Президенти Доналд Трамп душанба куни Япония ва Жанубий Корея каби кучли таъминотчилардан тортиб, кичик савдо ҳамкорлари бўлган давлатларгача бўлган мамлакатларга, 1 августдан бошлаб АҚШ томонидан кескин оширилган бож ставкалари кучга киришини маълум қилишни бошлади. Reutersʼнинг ёзишича, бу — Трамп жорий йил бошида бошлаган савдо урушининг янги босқичини англатади.
Япония ва Жанубий Корея каби асосий иттифоқчилардан импорт қилинадиган барча товарларга АҚШ импортчилари учун 25 фоизлик бож жорий этилиши Wall-street’ни ларзага солди, лекин Осиё бозорларида бу хабар нисбатан хотиржам қабул қилинди.
Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида АҚШ томонидан 14 та мамлакатга юборилган мактубларни эълон қилди. Улар орасида Сербия, Таиланд, Тунис ва Қозоғистон каби кичик экспортчилар ҳам бор. Бу мактубларда қўшимча музокаралар учун имкониятлар назарда тутилган бўлсада, акс жавоб чоралари кўрилса, бунга ҳам шундай жавоб қайтарилиши ҳақида огоҳлантирилган.
«Ҳар қандай сабабга кўра сиз божларингизни оширсангиз, сиз танлаган рақамга қўшимча тарзда бизнинг 25% божи устига қўшилади», — деб ёзган Трамп Япония ва Жанубий Кореяга йўллаган мактубларида.
Хусусан, Трамп хат юборилган давлатларга қуйидаги бож ставкаларини жорий қилмоқчи эканлигини маълум қилди:
- Тунис, Малайзия ва Қозоғистон: 25%
- Жанубий Африка, Босния ва Герцеговина: 30%
- Индонезия: 32%
- Сербия ва Бангладеш: 35%
- Камбоджа ва Таиланд: 36%
- Лаос ва Мянма: 40%
Нашрга кўра, янги божлар 1 августдан кучга киради ва илгари эълон қилинган автомобиль, пўлат ёки алюминий каби секторал божлар билан бирлаштирилмайди.
Хусусан, Марказий Осиёдаги қўшнимиз Қозоғистон президенти Қосим Жўмарт Тўқаевга йўлланган хатда 1 августдан бошлаб Қозоғистондан импорт қилинадиган барча товарларга 25% бож ставкаси жорий этилиши ёзилган.












