Ўзбекистон | 19:46 / 07.07.2025
7085
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролари учун Канада, Аргентина ва Австралия визасини олиш осонлашиши мумкин

Ташқи ишлар вазирлигида VFS Global'нинг минтақавий директори билан учрашув ўтказилди. Ўзбекистонда консулхона очмаган мамлакатларга виза расмийлаштириш учун Қозоғистонга чиқиб келиш заруратини камайтириш, бунинг учун биометрик маълумотларни Ўзбекистоннинг ўзида топшириш, суҳбатни эса онлайн ўтказиш таклиф қилинди.

Фото: Loop News

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида VFS Global халқаро компаниясининг МДҲ ва Шарқий Европа мамлакатлари бўйича минтақавий директори Ш.Мишра ва Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Т.Тўйчиев билан учрашув ўтказилди.

Вазирлик хабарига кўра, учрашувда Ўзбекистон ҳудудларида VFS Global офислари тармоғини кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинган.

“Жамоавий гуруҳларнинг аризалари бўйича компания ходимларининг сайёр қабуллари механизмини ишга туширишга келишиб олинди. Ушбу хизмат шакли пулли асосда кўрсатилади ҳамда чекка ҳудудлардаги ариза берувчиларга, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги марказларга ташриф буюрмасдан виза ёрдамини олиш имконини беради.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари учун республикада дипломатик ваколатхоналари бўлмаган мамлакатларга (жумладан, Канада, Аргентина, Австралия ва бошқалар) визаларни расмийлаштириш тартиб-таомилларини соддалаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Аккредитациядан ўтган консулликлар мавжуд бўлмаган шароитда визани расмийлаштириш қўшимча вақт ва молиявий харажатларни талаб қилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон томони жараёнларнинг бир қисмини мамлакатимиз ҳудудига кўчиришга, жумладан, VFS Global'нинг маҳаллий офислари орқали биометрик маълумотларни топшириш ва онлайн суҳбат ўтказиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди.

Томонлар ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма ташаббусларни амалга ошириш ва Ўзбекистон фуқаролари учун виза хизматлари сифатини оширишдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар”, – дейилади ТИВ хабарида.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид