6 июл куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида БРИКСнинг 17-юқори даражадаги саммити бўлиб ўтди. Унда БРИКС давлатлари раҳбарлари Индонезияни гуруҳнинг янги аъзоси сифатида қабул қилди. Шунингдек, яна 10 та давлат ташкилотнинг ҳамкор давлатлари сифатида тан олинди.
«Индонезия Республикасини БРИКС аъзоси сифатида, шунингдек, Беларус Республикаси, Кўп миллатли Боливия давлати, Қозоғистон Республикаси, Куба Республикаси, Нигерия Федерал Республикаси, Малайзия, Таиланд қироллиги, Ветнам Социалистик Республикаси, Уганда Республикаси ва Ўзбекистон Республикасини БРИКСнинг ҳамкор давлатлари сифатида қабул қиламиз», - дейилади 17-БРИКС саммитининг қўшма баёнотида.
Якшанба куни бўлиб ўтган «Тинчлик ва хавфсизлик ҳамда глобал бошқарув ислоҳоти» мавзусидаги БРИКС сессиясида Ҳиндистон бош вазири Нарендра Моди бошқа ташкилотларни ҳам ислоҳ қилишга чақирди:
«БРИКС кенгайиши ва янги ҳамкорларнинг қўшилиши ушбу тузилманинг замонга мослашиш салоҳиятини кўрсатади. Энди эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши, Жаҳон Савдо Ташкилоти (WТО) ва Кўп томонлама тараққиёт банклари каби институтларни ҳам ислоҳ қилишга айни шу қатъият билан ёндашмоғимиз зарур.

Сунъий интеллект асрида, технологиялар ҳар ҳафта янгиланаётган бир пайтда глобал институтлар 80 йил давомида ўзгармаган бўлиши мутлақо қабул қилинмайди. XXI аср дастурини XX аср ёзув машинкасида ишлатиб бўлмайди», деди Ҳиндистон бош вазири.
Шунингдек, БРИКС етакчилари Иқлим молиялаштириш бўйича декларация, «Сунъий интеллект глобал бошқаруви» тўғрисидаги баёнот ҳамда «Ижтимоий сабабларга кўра юзага келадиган касалликларни йўқ қилиш бўйича шериклик ташаббуси»ни маъқуллади. «Ушбу ташаббуслар БРИКС давлатларининг глобал муаммоларга инклюзив ва барқарор ечимлар яратишга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларини намоён этади», дейилади баёнотда.
Маълумот учун, БРИКС дастлаб 2009 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой етакчиларининг илк саммитида шаклланган эди. Кейинчалик Жанубий Африка аъзо бўлди. Шу кунга қадар Миср, Эфиопия, Эрон, БАА ва Индонезия тўлиқ аъзоликка қабул қилинди. Бу йилги саммитда Индонезия илк бор аъзо давлат сифатида қатнашмоқда. Ташкилот айни вақтга келиб дунё аҳолисининг ярмидан кўпроғини расман бирлаштиради.















