Ўзбекистон | 21:30 / 01.03.2020
13898
6 дақиқада ўқилади

Тошкентда педагогикага ихтисослашган нодавлат университет очилади

Тошкент шаҳрида «Tashkent International University of Education» халқаро университети ташкил этилиши кутилмоқда.

Фото: DPA

Тегишли қарор лойиҳасига кўра, университет МЧЖ шаклидаги нодавлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Университетни очишдан мақсад – олий маълумотли педагог ва бошқарувчи кадрларни тайёрлаш, ривожланган мамлакатларнинг етакчи ОТМлари билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдир.

Университетни таъсис этишда Халқ таълими вазирлиги инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни қабул қилиш шарти билан, потенциал инвесторлар билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш ва тизимдаги фойдаланмаётган биноларни ажратиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритади.

Потенциал инвесторга қуйидаги мажбуриятлар юклатилиши мумкин:

ўз маблағлари ҳисобидан университетнинг фаолиятини молиялаштириш, объектларни реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, жиҳозлаш ва фойдаланишга топшириш, шунингдек, уларга тегишли ҳудудни ободонлаштириш;

– университетга берилаётган объектда таълим хизматлари кўрсатиш;

– университет томонидан белгиланган квота доирасида, Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги буюртмасига кўра, «The Times Higher Education World University Rankings» рейтингидаги дунёнинг 1000таликка кирувчи хорижий ОТМлар дастурлари асосида имтиёзли грантлар ажратиш йўли билан тегишли йўналишлар бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни амалга оширади.

Университетга ўқув-методик раҳбарликни таъминлаш, фаолияти ва ўқув жараёнини ташкил этиш ва юритиш, ўқув адабиётлари билан таъминлаш, шунингдек абитуриентларни ўқишга қабул имтиҳонларини ўтказиш ва чет эллик юқори малакали мутахассисларни ёллаш учун хорижий ҳамкор сифатида «The Times Higher Education World University Rankings» рейтингидаги дунёнинг 1000таликка кирувчи хорижий ОТМни белгилаш ва университет базасида уларнинг филиалларини очиш ҳуқуқи берилади.

Ўқитиш давлат таълим стандартларини инобатга олган ҳолда, университет ва унинг хорижий ҳамкори томонидан тасдиқланадиган ўқув режалари ва дастурларига мувофиқ тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Университетда кадрлар тайёрлаш кундузги, сиртқи, кечки ва махсус сиртқи йўналишлари бўйича амалга оширилади.

Университет битирувчиларига унинг хорижий ҳамкор университетларининг Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжати сифатида тан олинадиган халқаро даражадаги диплом берилади.

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига қабул квоталари университет томонидан, хорижий ҳамкорлар билан келишилган ҳолда белгиланади.

Университетнинг магистратура таълим босқичи битирувчилари Халқ таълими вазирлиги ҳамда Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги раҳбарлари номенклатурасига киритилади.

Магистратура дастурида ўқишни муваффақиятли тамомлаган ва халқ таълими тизимида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган шахслар учун 5 йил муддатга ойлик иш ҳақининг 50 фоиз бўлган миқдорида устама белгиланади (бошқа белгиланган қўшимча тўловлар ва нафақалардан қатъий назар).

Бакалавриатни тамомлаб, умумтаълим муассасаларига ишга кирганларга тўғридан-тўғри иккинчи малака тоифаси, магистратура битирувчиларига биринчи малака тоифаси берилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси университетнинг таъсис ҳужжатларини ишлаб чиқилишида ва уларни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишида кўмаклашади.

Белгиланишича, 2023 йил 30 декабрга қадар университет:

– барча турдаги солиқлар тўлашдан;

– Ўзбекистондаги фаолиятидан ҳам доимий муассаса орқали, ҳам тўлов манбайидан олинган даромадлар бўйича юридик шахслардан олинадиган фойда солиғидан;

– жиҳозлаш ва фаолиятини ташкил этиш учун белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича потенциал инвестор томонидан олиб келинадиган, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ускуналар (шу жумладан, лаборатория ускуналари), компьютер техникаси, мультимедиа маҳсулотлари, тиббиёт тренажёрлари, адабиётлар, қурилиш материаллари ва инвентарлар божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилиниши мумкин.

Ташқи ишлар вазирлигига мазкур қарорни амалга ошириш доирасида жалб этилаётган хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига консуллик ва бошқа йиғимлар ундирмасдан кириш визалари белгиланган тартибда расмийлаштирилишини таъминлаш юкланиши таклиф қилинмоқда.

Ички ишлар вазирлиги эса хорижий профессор-ўқитувчилар ва маъмурий ходимларга, шунингдек, уларнинг оила аъзоларига давлат божи ундирмасдан кўп марталик визалар берилиши ва муддати узайтирилишини ҳамда Ўзбекистондаги яшаш жойида вақтинча прописка қилинишини белгиланган тартибда таъминлайди.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойи охирида бакалавриатнинг 6та педагогик йўналишида ўқиш муддати 3 йил этиб белгиланди ва Самарқанд, Андижон, Бухоро, Термиз, Қарши давлат университетларининг Педагогика институтлари ташкил этилди.

Маълумот учун, Тошкентда:

Термизда эса TEAM университети, Фарғонада Корея халқаро университети, Гулистонда Малайзия билан ҳамкорликдаги халқаро «Binary» тадбиркорлик ва менежмент университети ташкил этилиши режалаштирилган.

Москва давлат геодезия ва картография университетининг Ўзбекистондаги филиаллари иш бошлаши ҳам мумкин.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид