Мана, навбатдаги ҳафта ҳам ортда қолди. Ўтган кунлар давомида Ўзбекистоннинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва кўплаб соҳаларида қатор ўзгаришлар, янгиликлар содир бўлди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2 февраль куни 2017−2018 йилларда Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурини тасдиқлади. Унга кўра, Жабрланувчилар ва гувоҳлар давлат ҳимоясида.

Андижонда тадбиркорларга бинолар фойдаланиш учун текинга бериладиган бўлди. Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги ишчи гуруҳи бугунги кун талабига жавоб бермаётган корхоналарда мутасадди ташкилотларнинг раҳбарлари ва тадбиркорлар билан учрашув давомида бу ҳақда айтиб ўтган.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси ўртасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди. Унга кўра, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ўзбекистонлик ҳарбийларни тайёрлашда иштирок этади.

Ўзбекистонда бу йили Наврўз байрамини ўтказиш тартиби аввалги йиллардагидан фарқли бўлиши кутилмоқда.

"GM-Ўзбекистон" компанияси Черкасскдаги Derways заводи билан ушбу корхона қувватларида ўз маҳсулотларини отвёрткали йиғишни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бормоқда

Ўзбекистон кенг жамоатчилиги яна бир жудоликка учради. Миллионларнинг севимли сухандони, сермаҳсул журналист, бағри кенг устоз Насиба Мақсудова кучли юрак хуружи оқибатида 8 февраль куни вафот этдилар.

Ўзбекистондан бўлган қарийб 5,35 минг зиёратчи баҳорги мавсумда Саудия Арабистонига «Умра» (кичик ҳаж) зиёрати учун йўл олишади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкентда 2014-йил қурила бошланган шаҳар чорраҳаларини кузатишга мўлжалланган видеокузатув тизимини қисқа муддатда ишга тушириш ҳақида кўрсатма берди

Самарқанд шаҳрида ўтган йил охирида шов-шув бўлган «эшаклар қабристони» иши бўйича суд жараёни бўлиб ўтди. Бу иш бўйича айбланган 5 киши судга тортилган.

Лавозимий ўзгаришлар

Қўнғирот туманининг собиқ ҳокими, подполковник Зияватдин Заитов Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари — ижтимоий ва молиявий таъминот хизматининг бошлиғи лавозимига тайинланди.

Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси бошлиғи лавозимига Сапарбаев Атабек Худайбергенович тайинланди.

Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарёга сафари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида 10 февраль куни Сурхондарё вилоятига ташриф буюрди

Давлат раҳбари сафар давомида Сурхондарёдаги янги лойиҳалар билан танишди. Шу билан бирга вилоятдаги хонадонлардан бирида меҳмон бўлди.  Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Сурхондарёда ипакчиликка ихтисослаштирилган корхона лойиҳасини, балиқчилик комплекси лойиҳаси ва «Термиз марвариди» реконструкциясини  ва Шеробод туманида барпо этилаётган цемент заводи лойиҳасини  бориб кўрди.

ИИВ органлари фаолиятига бағишланган видеоселектор

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда ички ишлар органлари фаолиятини танқид остига олинди. Жумладан, унда ёшлар ва аёллар жиноятчилиги борасидаги аҳвол ҳақида сўз юритилди. “Муаммоларни кабинетда ўтириб эмас, балки халқ орасида юриб аниқлаш керак”, деб таъкидлади ушбу йиғилишда давлат раҳбари.  Бундан ташқари, йиғилишда қонун ҳимоячилари томонидан кузатилаётган жиноятларга ҳам танқидий фикрлар билдирилди. Ушбу йиғилишда қатор амалий қарорлар қабул қилинди. Жумладан, пайшанба жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни, деб белгиланди. ИИВ Транспортдаги ички ишлар бошқармаси бошлиғи ва тизимдаги 3 нафар юқори мартабали полковник ишдан олинди

Соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишланган видеоселектор

Ушбу йиғилишда давлат раҳбари томонидан дори нархларини назорат қилиш учун Бош прокуратура ҳузурида “Ишонч телефонлари” ишга туширилишини айтди.  Шу билан бирга нима учун одамлар касалхоналарда ҳамма нарсага пул тўлаши ҳақида сўз юритди. Бундан ташқари, президент жойларда қишлоқ врачлик пунктлари бунёд этилиши, замонавий асбоб-ускуналар билан таъминланиши ҳақида таъкидлаб ўтди.  Шавкат Мирзиёев ушбу йиғилишда туғуруқхоналардаги порахўрликка чек қўйиш лозимлигини айтди.