20:00 / 03.01.2022
4588
2021 йилда “снос”лар учун мулкдорларга 1 триллиондан ортиқ пул тўланди

2021 йил давомида Ўзбекистонда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан 3 мингдан ортиқ мулкдорга жами 1 триллион 37 миллиард сўмдан ортиқ компенсация маблағлари тўланган.

Фото: Kun.uz

Бу ҳақда Молия вазирлиги Kun.uz сўровига мувофиқ тақдим қилган маълумотда айтилади.

Маълум қилинишича, президент ва тадбиркорлар ўртасидаги учрашувдан сўнг маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўрганиш ўтказилган ҳамда тўланмаган, қўшимча аниқланган 692 та объект бўйича қарздорликлар мавжуд.

“Маҳаллий ҳокимликлар томонидан қарздорликларни бартараф қилиш мақсадида 338,5 млрд сўм етказилган зарарлар қопланган бўлиб, ўрганишда аниқланган қўшимча қарздорликлар ҳисобига тўлиқ бартараф қилинмаган.

2021 йил давомида давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан 592 та мулкдорга 286,4 млрд сўм ҳамда ҳудудий жамғармалар ҳисобидан 2637 та мулкдорга 750,7 млрд сўм – жами 3229 нафар жисмоний ва юридик шахсларга 1 037,1 млрд сўм миқдорда компенсация маблағлари тўлаб берилган”, – дейилади Молия вазирлиги Kun.uz'га тақдим қилган расмий маълумотда.

2021 йил август ойида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказган президент Шавкат Мирзиёев уларни қийнаётган бир қанча муаммолар – хусусан, инфраструктура, солиқлар, соҳага доир қонунлар ҳамда мулк дахлсизлиги масалаларига тўхталган эди. Шунингдек, давлат раҳбари барча вилоят ҳокимларини қарздорликларни тугатиш бўйича огоҳлантирганди.

“Бугунги кунда маҳаллий ҳокимликлар бино ва иншоотларнинг бузилиши бўйича 349 нафар тадбиркордан 123 миллиард сўм қарздор. Барча вилоят ҳокимларини огоҳлантираман: 1 сентябрга қадар тадбиркорлар билан барча ҳисоб-китоблар якунига етказилиши, бир сўм ҳам қарздорлик қолмаслиги шарт”,деганди Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг бюджетдан қўшимча 123 миллиард сўм ажратилган ва тадбиркорларга тўлаб берилган. Бу ҳақда Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаров 2021 йил 14 декабрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида маълум қилган эди.

Шунингдек, ўша мажлисда парламент депутатлари “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонунни маъқуллаган. Бу қонунда бюджетдан 2021 йилдаги “снос”лар келтирган зарарни қоплаш мақсадида яна 50 миллиард сўм маблағ сўралган.

Лекин, ўша мажлисда Молия вазирлиги масъуллари депутат Расул Кушербаевнинг ҳам, кейинроқ Kun.uz нашрининг ҳам 2022 йилга ҳукумат “снослар” бўйича қанча қарздорлик билан ўтаётгани ҳақидаги саволларини очиқ қолдирди.

Шунингдек, Қонунчилик палатасининг ўша кундаги мажлисида 2022 йилда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан тўланадиган компенсациялар учун бюджетдан 500 миллиард сўм ажратилаётгани айтиб ўтилди.

Жаҳон одил судлов лойиҳаси халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан юритиладиган рейтингда (2021 йил ҳисоботида) Ўзбекистон мулкларни суд қарорисиз ва адолатли товон пулисиз мусодара қилиш бўйича энг ёмон натижалардан бирини қайд этиб келмоқда.

Top