Ўзбекистон | 21:52 / 17.12.2025
4616
4 дақиқада ўқилади

Тошкентда янги «сити»лар ва XCM молиявий пирамидасининг қулаши – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Тошкентда янги «сити»лар қурилиши кутилмоқда

Тошкент шаҳрида 37 гектар майдонда Uchtepa City лойиҳаси амалга оширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 16 декабр кунги йиғилишда маълум қилди.

Давлат раҳбарига кўра, лойиҳа қиймати 1 млрд доллар бўлиб, унинг доирасида замонавий меҳмонхона, бизнес марказлар, савдо-кўнгилочар мажмуа ва апартаментлар қурилади.

Шунингдек, Чилонзор, Яккасарой, Олмазорда ҳам 2,5 миллиард долларлик шундай лойиҳалар амалга оширилади.

XCM молиявий пирамидаси ўн минглаб одамни чув туширди

Kun.uz огоҳлантирган XCM молиявий пирамидаси одамларни чув туширди ва платформадан пул ечиш тўхтатилди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги Kun.uz манбасига кўра, X Connection Media номи остидаги молиявий пирамиданинг Ўзбекистон бўйлаб 300 га яқин офиси рўйхатга олинган. Ҳар бир офис орқали кунига камида 10 киши ушбу компанияга аъзо бўлган.

XCM Ўзбекистонда жорий йил бошидан буён фаолият юритган. Декабр ойи бошига келиб эса у ёпилди. Платформа 10 ой фаол ишлагани ва унга 40 минг долларлаб пул тикиб, алданиб қолганлар ҳам борлиги ҳисобга олинса, ушбу молиявий пирамида орқали ўзбекистонликлардан қанча пул ўмарилганини чамалаб кўриш қийин эмас. Ҳа, бу сумма миллионлаб долларни ташкил қилади.

Республика бўйлаб «Долзарб 20 кунлик» тозалик тадбирлари эълон қилинди

Тадбирлар 20 декабрдан 2026 йил 10 январгача ўтказилади. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳузурида республика ишчи штаби ташкил этилди. Белгиланган муддатда санитар тозалаш корхоналари томонидан ҳудудлар қаттиқ маиший чиқиндилардан тозаланиши белгиланган.

Шунингдек, маҳалла ҳудудларида тозалик талабларига риоя этилишини таъминлаш, байрам кунларида чиқиндилар тўпланиб қолишининг олдини олиш ҳамда чиқиндиларни режа-графикдан ташқари навбатчилик асосида ўз вақтида олиб кетиш бўйича чоралар кўрилиши қайд этилган.

Ташаббуснинг асосий мақсади аҳолининг Янги йил байрамини кўтаринки руҳда ўтказиши учун шароит яратиш, атроф-муҳитни озода сақлаш ва экологик вазиятни янада яхшилашга ҳисса қўшишдан иборат. Шунингдек, чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташламаслик зарурлиги эслатилган.

Тадбиркорлик соҳасидаги 1600 дан ортиқ маъмурий талаб бекор қилинди

Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган таклифлар асосида Ҳукумат қарори билан қонунчиликдаги тадбиркорликка оид 1600 та мажбурий талаблар бекор қилинди. Таъкидланишича, бундай катта ҳажмдаги чекловларнинг бекор қилиниши илк бор амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ҳукумат қарори билан ветеринария хизмати назорати остидаги 1568 та товар позицияси бўйича маҳсулотга мувофиқлик сертификати олиш, шунингдек, туризм хизматларини кўрсатишда мазкур фаолиятга хос бўлмаган ҳамда якка тартибдаги тадбиркорлар учун фаолият турини амалга оширишда айрим ортиқча чекловлар билан боғлиқ жами 1600 дан ортиқ мажбурий талаблар бекор қилинмоқда.

Рақобат қўмитаси ўқув марказларини огоҳлантирди

Ўқув марказлари ва таълим платформаларида хизмат сифати қониқарсизлиги, кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундириб, шартнома ва пулни қайтариш шартлари бўйича етарли маълумот бермаслик ҳолатлари кўпайиб бормоқда. Рақобат қўмитаси энг кўп шикоят тушаётган 10 дан ортиқ муассасани санаб ўтди.

2024–2025 йиллар давомида нодавлат таълим хизматлари бўйича Рақобат қўмитасига 1200 га яқин мурожаат келиб тушган.

Қайд этилишича, бир қатор ўқув марказлари ва таълим платформаларида таълим сифати қониқарсизлиги, кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундирилиши, шартнома шартлари ва пулни қайтариш тартиби бўйича етарли маълумот берилмаслиги каби ҳолатлар кузатилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид