Иқтисодиёт | 21:33 / 31.12.2019
57545
5 дақиқада ўқилади

Ташқи қарз, имтиёзлар ва протекционизм ҳақида Сардор Умурзоқов билан суҳбат

Якунланаётган 2019 йил Ўзбекистон учун ўз номи билан фаол инвестициялар йили бўлди дейиш мумкин. Октябрь ойига келиб, мамлакатнинг ташқи қарзи миқдори 21 миллиард доллардан ошди, жалб этилган тўғридан тўғри хорижий инвестициялар миқдори 2018 йилга нисбатан деярли уч баробарга кўпроқни ташкил этди.

Kun.uz йил якунида ушбу соҳа учун бевосита масъул – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов билан интервью ташкил қилди. Суҳбат давомида вазир қатор мавзулар сирасида четдан қарз олиш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Ижтимоий тармоқларда, интернет саҳифаларида: «Ташқи қарзимиз жуда кўпайиб кетди, эртага фарзандларимиз тўлаши керак бўлади», деган фикрлар жуда кўпайиб кетди. Бир нарсани аниқ ўзимиз учун тушуниб олишимиз керак. Биринчидан, Ўзбекистоннинг ҳозирги кундаги ташқи қарз миқдори жуда ҳам паст даражада деб ҳисобланади. Буни ўлчашнинг ўзига яраша методикаси бор, масалан ЯИМга нисбатан улушини олиш мумкин.

Тўғри, ташқи қарзимиз 2019 йилда олдинги йилларга нисбатан кескин ошган. Бунда олдинги йилларда четдан қарз жуда кам олинганини инобатга олиш керак. Иқтисодиётимизга, ялпи ички маҳсулотимизга нисбатан оладиган бўлсак, даражаси юқори эмас. Ҳозир ҳатто ўртамиёна саналадиган даражадан ҳам паст.

Иккинчидан, ташқи қарз олиш хавотирли нарса эмас. Агар бу қарз нотўғри сарфланса ёки шаффоф бўлмаган жараёнлар орқали ўзлаштирилса, ана шунда бу хавотирли бўлади. Мана шу иккита нарса жуда муҳим. Агар ташқи қарзни биринчи навбатда инфратузилмага: йўллар, сув билан таъминлаш, канализация тизимлари, газ ва электр билан таъминлаш йўналишларига йўналтирадиган бўлсак, бу албатта келгусидаги инвестициявий жозибадорлигимизга тўғридан тўғри ижобий таъсир қилади. Ва албатта, бирламчи вазифамиз – мана шу ташқи қарзга олинган маблағларни шаффоф йўл билан ишлатиш. Яъни пудратчиларни аниқлаш, ишни бажариб берадиган хоҳ хорижий, хоҳ ички ширкатларни аниқлаш жараёнларининг шаффофлигини ва нархларнинг тўғрилигини назорат қила олсак, қолаверса тўғри йўналишларга ишлатилса, бу маблағлар – иқтисодиётнинг келгусида ўсиши учун энг ижобий, энг катта омил бўлиб хизмат қилади. Шунинг учун бизда хавотирли жойи йўқ.

Келгусидаги инвестицияларнинг барқарор жалб этилишини хоҳласак, инфратузилмани ривожлантиришимиз керак. Бу – бир. Ташқи қарз ишлатиладиган иккинчи йўналиш – ижтимоий соҳа. Мактабгача таълим, халқ таълими, олий таълим, соғлиқни сақлаш кабиларнинг ҳаммаси – аслида давлат ҳисобидан молиялаштириладиган соҳалар. Лекин бугунги кунда давлат бюджетининг имкониятидан келиб чиқиб, бу масалаларнинг ҳаммасини тўлақонли еча олмаймиз. Чунки халқимиз айтганидек, кўрпага қараб оёқ узатиш керак. Бундай ҳолатда тез суратлар билан сони ошиб бораётган аҳолимизга тенг шароитларни яратиш учун энг тўғри йўл – узоқ муддатли, имтиёзли, яъни фоизи паст ташқи қарзни жалб этиш. Шу орқали бугун шу масалаларни ечиш. Муҳтарам юртбошимиз ҳам айтадилар: халқ бугун яхши яшашни хоҳлайди, эртага эмас.

Бугун мана шундай шароитни яратиш учун қарз олиб, уни ақл билан, илмга асосланиб, аниқ ҳисоб-китоблар билан сарфлаб, кейинчалик 20-35 йил давомида қарзни қайтариш – жуда ҳам тўғри ва ақлли сиёсат ҳисобланади», – дейди у.

Сардор Умурзоқов, шунингдек, алоҳида компаниялар ва соҳавий уюшмаларга берилган имтиёзларга муносабати, импорт божлари, протекционизм, автосаноат, Евросиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик эҳтимоли, инвестициялар бўйича ҳоким ўринбосарларининг ишидан қониқмаётгани каби масалаларда ҳам ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

Мавзуга оид