20:08 / 11.11.2020
10814

«Раҳбарлар машинада юраверса, оддий одамлар пиёда юраётган йўлаклар қай аҳволдалигини билмайди-да» — Азиз Абдуҳакимов

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон шаҳарлари пиёда ва велосипедда юриш учун жуда ноқулай экани ҳақида гапирди. «Велосипедда юраман десангиз, ҳар ўн метрда ё ариқ учрайди, ё йўл бузилган бўлади, ё зина чиқиб қолади», деди у.

Бугун, 11 ноябрь куни Тошкентда вилоят ҳокимларининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари учун ташкил этилган ўқув-семинарининг очилиши бўлиб ўтди. Унда бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳам иштирок этди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Азиз Абдуҳакимов ўз сўзида мазкур ўқув жараёни республикада туризм ва спортни ривожлантиришда ҳамкорлик қилиш ҳамда ўзаро тажриба алмашишда фойдали бўлишини айтиб, ечимини кутаётган айрим камчиликларга ҳам тўхталди. Хусусан, кўчалардаги пиёда ва велойўлаклар қониқарсиз аҳволда эканига алоҳида урғу берди.

«Ёшларимиз, бошқа катта ёшли аҳолимиз ҳам жисмоний машғулот билан шуғуллангиси келади. Лекин жой йўқ.

Азиз Абдуҳакимов

Мен ўзимнинг мисолимда айтадиган бўлсам, бир нечта вилоят раҳбарлари билан кўчаларда юриб кўрдик. Узоқ бир қишлоқни айтмаяпман, йирик шаҳарларимиздаги ҳолат ҳам юриб бўлмайдиган даражада. На югурса бўлади, на велосипедда юрса. Белгиланган йўл белгилари йўқ. Велосипедда юраман десангиз, ҳар ўн метрда ё ариқ учрайди, ё йўл бузилган бўлади, ё зина чиқиб қолади ва ҳоказо.

Самарқандни мисол қилсак, вилоят ҳокими шаҳар ва туман раҳбарлари бир ҳафта кўчаларни пиёда айлансин, деб қарор чиқарди. Нимага вилоят ҳокими шунақа қарор қилди? Негаки, каттакон раҳбарлар машинада юраверса, оддий одамларимиз, фуқаролар пиёда юраётган йўлаклар ёки велойўлаклар қанақа ҳолатда эканини билмайди-да. Улар кўчалардан машинани ванғиллатиб ҳамма ёқни чанг бостириб ўтиб кетади. Нима дегани бу? Умуман, билмадим бу қанақа ҳолат бўлади», – деди бош вазир ўринбосари.

Аввалроқ, Азиз Абдуҳакимов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Тошкент шаҳридаги велойўлакчаларни кўздан кечирган эди.

Президент фармонига асосан, 2021 йил 1 майга қадар Ўзбекистон шаҳарлари ва ҳар бир туман марказида пиёда ва велосипедда юриш учун «Саломатлик йўлаклари» қурилади.

Бу йўлаклар умумий узунлиги 3–5 км бўлиб, ўзаро узвий боғлиқ бўлади. Уларга энерготежамкор, ҳаракат сенсорлари билан жиҳозланган ёритиш тизимлари ўрнатилади. Йўлаклар бошланиши, оралиғи ва якунини кўрсатувчи йўл белгилари ва ёруғлик қайтарувчилар билан тўлиқ таъминланади. Бунда ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайликлар яратиш ҳам кўзда тутилган.

Top