Жамият | 17:20 / 01.10.2025
3361
2 дақиқада ўқилади

Оммавий заҳарланиш юз берган боғчалар 2 октябрдан қайта очилади

Тошкент вилоятидаги оммавий заҳарланиш юз берган барча мактабгача таълим муассасалари ўз фаолиятини давом эттиради. Таъкидланишича, барча болалар соғайиб, уларнинг саломатлигига хавф йўқлиги тўлиқ тасдиқланган, болалар ўз оиласига қайтган.

Фото: Kun.uz

2 октябрдан бошлаб, Тошкент вилоятидаги оммавий заҳарланиш юз берган барча мактабгача таълим муассасалари ўз фаолиятини одатий иш режимида давом эттиради. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.

Қайд қилинишича, барча болалар соғайиб, уларнинг саломатлигига хавф йўқлиги тўлиқ тасдиқланган, болалар ўз оиласига қайтган.

Таъкидланишича, жойларда кўрсатилаётган аутсорсинг хизматлари сифати устидан назорат тизими янада кучайтирилади. Бу жараёнга ота-оналар, экспертлар ва журналистлардан иборат жамоатчилик комиссияси ҳам жалб этилиб, «уларнинг хулосалари жамоатчиликка мунтазам етказиб борилади».

Аввалроқ, 30 сентябр куни, Тошкент вилоятидаги боғчаларда заҳарланган ҳамда шифохоналарга ётқизилган болаларнинг деярли барчаси оиласига қайтгани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлигида ташкил этилган махсус штаб аъзоси Нурмат Отабеков маълум қилган эди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги вақтда фақат уч нафар тарбияланувчи шифокорлар назорати остида қолмоқда.

Воқеалар ривожи

25 сентябр куни Тошкент вилоятининг Пискент ва Бўка туманларида болалар боғчалари тарбияланувчилари заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилди.

26 сентябр куни Нурмат Отабеков шифохоналарга 1922 нафар бола заҳарланишдан шикоят қилиб мурожаат қилганини айтди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257−1-моддаси 1-қисми (Cанитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Манбаларга кўра, оммавий заҳарланиши ортидан 7 нафар шахс ушланган. Уларнинг 3 нафари маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона, қолгани аутсорсинг компаниялари мансабдор шахслари ҳисобланади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид