Ўзбекистон | 20:05 / 03.11.2023
23478
4 дақиқада ўқилади

“Номусга тегиш аломатлари топилмади” — Хоразмлик амалдорлар устидан ҳукмга изоҳ берилди

Хоразмда болалар уйидаги вояга етмаган қизлар билан жинсий алоқа қилиб келган собиқ адлия ва ФВВ мансабдорлари ҳаракатида куч ишлатиб, номусга тегиш аломатлари (ЖК 118-модда) топилмаган. Бош прокурор ўринбосари ва Олий суд раиси ўринбосари жиноятчиларга тайинланган 3 йиллик қамоқ ҳукми юзасидан тушунтириш берди.

3 ноябр куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати аппеляция инстанцияси томонидан педофилияда айбланган хоразмлик собиқ амалдор иши ёпиқ тарзда кўриб чиқилди.

Апелляция инстанцияси Хоразм вилояти Адлия бошқармасининг собиқ бошлиғи Ойбек Машарипов ва Янгиариқ туман ФВБ собиқ бошлиғи Анвар Курязовларга нисбатан Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукм бекор қилди.

Айбланувчилар Жиноят кодексининг олдинги таҳрирдаги 128-моддаси 1-қисми (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) ва 128-1-моддаси (16 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятда айбдор деб топилди ва уларнинг ҳар бирига узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Суд якунлангач, шу куни АОКАда брифинг ўтказилди ва унда Олий суд раиси ўринбосари Икромжон Муслимов ва бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова ҳукм юзасидан тушунтириш берди.

“Иш қайта кўрилишни бошлаганда судланувчиларнинг ҳаракатларида Жиноят кодексининг 118-моддаси аломатлари бор-йўқлиги текширилган, бунинг учун судга тааллуқли бир қанча экспертизалар ўтказилган.

ЖК 118-моддасининг диспозициясига кўра, бу модда билан айблаш учун қўрқитиш, жабрланувчи ожизлигидан фойдаланиш, зўрлик ишлатиш аломатлари бўлиши керак. Лекин қўшимча процедуралар вақтида икки айбланувчининг ҳаракатларида бундай аломатлар топилмади.

Бизнинг фикримизча, тергов органи икки судланувчининг ҳаракатини 128-модда 1-қисми ва 128-1-модда билан тўғри малакаланган”, – деди бош прокурор ўринбосари.

“Машарипов ва Курязовга қўйилган моддалар ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят тоифасига киради. Тошкент шаҳар суди томонидан шу турдаги жиноятлар учун максимал жазо тайинланди. ЖКнинг 59-моддасига кўра, бир неча жиноятлар учун тайинланган жазонинг енгилроғини оғири билан қоплаш, қисман ва тўлиқ қўшиш тартиби бор. Бу ишда қисман ёки тўлиқ қўшилмаганига сабаб 59-моддаси 2-қисмида унча оғир бўлмаган ёки ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят учун судланган шахсга тайинланадиган жазо ўша моддадаги максимал жазодан ошиб кетмаслиги белгиланган. Шунинг учун суд 3 йил жазо тайинланди.

2023 йил 11 апрелда бу турдаги жиноятлар учун жазо миқдори оғирлаштирилди. Бироқ, суднинг бу қонунларни Машарипов ва Курязовга қўллаш имконияти чекланган. Чунки, ЖКга кўра, шахс жинояти у содир этилган вақтда амалда бўлган қонун билан кўрилади. Шунинг учун, уларга эски таҳрирдаги қонун бўйича жазолар тайинланди”, – деди Олий суд раиси ўринбосари Икромжон Муслимов.

Олий суд вакили, шунингдек, журналистлар саволига жавобан “айбланувчилар ортида кимдир турибди, шунга кам муддат берилди, деган иддаолар нотўғри” эканини таъкидлади.

Мавзуга оид