Президент администрациясида янги тайинловлар амалга оширилди
Шуҳрат Ғаниев ва Дониёр Қодиров президент маслаҳатчиларига айланди. Бунгача президент маслаҳатчиси бўлган Одил Абдураҳмонов департаментга раҳбар бўлди, президент маслаҳатчиси ўринбосари Қаҳрамон Қуронбоевга ҳам алоҳида департамент раҳбарлиги берилди.
Олти нафар маслаҳатчи лавозими қайта ташкил этилган, шунингдек олтита департамент тузилган. Администрация раҳбари ўринбосари лавозимлари тугатилган.
Қуйидагилар президент фармони билан президент маслаҳатчилари этиб тайинланди:
– Равшан Аюбович Ғуломов президентнинг иқтисодий ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига (бунгача президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси эди);
– Алишер Саидаббасович Султонов президентнинг энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига (бунгача президентнинг нефт-газ, кимё ва энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси эди);
– Шуҳрат Мадаминович Ғаниев президентнинг аграр ривожланиш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига (бунгача президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари эди);
– Музаффар Муротович Комилов президентнинг дин ва миллатлараро муносабатлар масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига (бунгача президентнинг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси эди);
– Ғофуржон Ғаниевич Мирзаев президентнинг кадрлар сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси – президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директори лавозимига (бунгача президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси эди);
– Дониёр Бахтиёрович Қодиров президентнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланган (бунгача президентнинг шу йўналиш бўйича маслаҳатчиси ўринбосари эди, маслаҳатчи лавозими вакант турганди).
Қуйидагилар департамент раҳбарлари лавозимига тайинланган:
– Комил Исмоилович Алламжонов Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаменти раҳбари лавозимига (бунгача Президент администрацияси раҳбари ўринбосари эди);
– Одил Қаландарович Абдураҳмонов Президент администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари лавозимига (бунгача президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси эди);
– Қаҳрамон Қўчкорович Қуронбоев Президент администрацияси Ёшлар сиёсати департаменти раҳбари лавозимига (бунгача Президентнинг давлат хизмати, аҳоли билан мулоқот ва маҳаллий ҳокимият органлари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари эди);
– Алишербек Азизович Пайғамов Президент администрацияси Ташқи алоқалар департаменти раҳбари лавозимига (бунгача Президент администрацияси раҳбари ўринбосари эди);
– Нодиржон Абдуқундузович Абдураҳимов Президент администрацияси Режалаштириш ва ахборот таъминоти департаменти раҳбари лавозимига (бунгача Президент администрацияси масъул ходими);
– Ўткиржон Ғайратович Қодиров Президент администрацияси Ҳудудлар билан ҳамкорлик қилиш ва таҳлилий материалларни тайёрлаш департаменти раҳбари лавозимига (бунгача Қашқадарё вилояти ҳокими ўринбосари).
Шунингдек, Шерзод Асадов президент матбуот котиби лавозимини, Улуғбек Қурбонов президент протоколи раҳбари лавозимини, Саидлазиз Саидкаримов эса Президент администрацияси Назорат инспекцияси бошлиғи лавозимини сақлаб қолган.
Бундан олдинроқ Саида Мирзиёева ва Азиз Магрупов президент ёрдамчиси лавозимига тайинлангани хабар қилинганди.
- Эслатиб ўтамиз, август ойи ўрталарида Президент администрациясида жиддий ўзгаришлар амалга оширилган, президент администрацияси раҳбари лавозими ва бошқа қуйи лавозимлар тугатилган, Сардор Умрзоқов, Суннатулла Бекенов ва Фурқат Раҳимов ўз лавозимларидан озод этилганди.