18:00 / 09.08.2021
10194

Дронларга рухсат бериш вақти келмадими? Хориж тажрибасига назар

2019 йилда ноқонуний равишда дрон учириш Ўзбекистон Жиноят кодексига киритилган эди. Биз бу борада хорижий давлатлар қонунчилигидаги меъёрларга назар ташладик. Гувоҳи бўлдикки, кўплаб ривожланган давлатларда фуқароларнинг дрон учиришига рухсат берилган. Тақиқлар эса асосан ривожланаётган давлатларда сақланиб қолмоқда.

Ричард Брэнсон ва Жефф Безос. Жаҳон оммавий ахборот воситаларининг сўнгги кунлардаги энг трендга чиққан хабарларидан бири айни шу миллиардерлар номи билан боғлиқ бўлди. Уларнинг яқин космосга чиққани, бунда хусусий компаниялар томонидан ишлаб чиқилган ракеталардан фойдаланилгани алоҳида эътироф этилди.

«Божхона назорат постида дрон олиб ўтаётган фуқаро ушланди». Бу эса Ўзбекистон ОАВда бот-бот учраб турадиган хабарларнинг умумий сарлавҳаси. Хабарларда, дронларнинг ноқонуний олиб ўтилаётгани қайд этилади.

Соддагина қилиб «дрон» деб аталувчи учувчисиз учар мосламалар дунёда аллақачон оддий маиший техника даражасидаги матоҳга айланиб улгурди. Дронларнинг мукаммалроқ вариантлари эса иқтисодиётнинг турли соҳалари, хусусан, қишлоқ хўжалиги, ер майдонлари назорати, картография ва бошқа кўплаб йўналишларда кенг қўллаб келинмоқда. Ҳатто, бир неча давлатларнинг ҳарбий қурол-аслаҳалар арсеналидан ҳам жой олишга улгурди.

Ўзбекистонда эса дронлардан фойдаланиш – жиноят. Жазосининг оғирлиги 10 йиллик қамоққача бориши мумкин. Албатта, айрим истиснолар йўқ эмас, бироқ умуман олганда, аҳолига дрондан фойдаланишга рухсат йўқ.

Ваҳоланки, инсоният илм-фан ва технология ривожининг яна бир маҳсулини турли соҳалар ривожи учун қўллаши қувонарли. Аслида шундай бўлиши ҳам керак...

Дронлар ва хориж тажрибаси

Дунёнинг 143та мамлакатида дронлардан фойдаланиш қоидалари қонунчилик даражасида тартибга солинган. Таъкидлаш ўринлики, қоидалар кўпроқ қурилмаларни олиб киришни тақиқлаш эмас, балки улардан фойдаланишга доир жиҳатларни ўз ичига олади.

Дронлар парвозига нисбатан энг мўътадил муносабат Европада десак адашмаймиз: Европа мамлакатларининг 27 фоизида учувчисиз учар мосламаларни учириш чекланмаган.

Шимолий Америка ва Шарқий Осиё мамлакатлари қонунчилигида ҳам дронларга нисбатан муносабат анча мўътадил. Бунинг акси ўлароқ, Яқин Шарқ ва Марказий Осиё давлатларида ҳолат анча фарқ қилади: бу икки минтақа мамлакатларининг 21 фоизи, жумладан, Эрон, Ироқ ва Кувайтда учувчисиз учар мосламалардан фойдаланиш бутунлай тақиқланган. Шунингдек, дронлар тўғрисидаги қонун ишлаб чиқилган Африка мамлакатларининг 21 фоизида ҳам бу мосламалар парвози ман этилган.

Келинг, хорижий давлатларнинг айримларида дронлардан фойдаланиш қандай тартибга солинганини кўриб чиқсак. Дастлаб, Осиёнинг йирик давлатларидаги тартиб-қоидалар хусусида.

O3sqwB9V36E77UaNncw1k6PFVs3j_HQR.jpg (1000×624)
Фото: Getty Images

Хитой

Хитой Халқ Республикасида дронларни учиришга Хитой фуқаро авиацияси маъмурияти қоидаларига мувофиқ рухсат этилади. Унинг асосий бандлари қуйидагича:

— дрондан буюмларни ташиш ёки юқоридан ташлашда фойдаланиш мумкин эмас;

— бошқарувчи дронни бевосита кўриб турган масофада учира олади;

— кундуз кунлари учириш мумкин;

— 120 метр баландликкача учира оласиз;

— албатта, дронни учиришдан аввал маҳаллий ҳокимият идораларида рўйхатдан ўтказиш керак бўлади.

— дронлар фуқаролик жавобгарлиги бўйича суғурта полисига эга бўлиши зарур;

— Хитойда дронлардан тижорат мақсадида фойдаланиш ҳам мумкин, бунинг учун бизнес-лицензия олиш кифоя;

— аэропортлар, халқаро чегаралар, ҳарбий ҳудудлар, давлат идоралари, электр ва трансформатор станциялари, доклар, портлар, темир йўллар ва жамоат жойларидан узоқроқ бўлиш талаб этилади.

Япония

Кунчиқар юртда дронлар эгалари Ер ресурслари, инфратузилмалар, транспорт ва туризм вазирлиги қоидаларига риоя этишлари лозим. Бу қоидаларнинг айримлари қуйидагича:

— 150 метр баландликкача, кундузи учирса бўлади;

— дрондан ҳар қандай ашёни ташлаш мумкин эмас;

— аҳоли пунктлари осмонидан бошқа ҳудудларда учиш мумкин;

— бинолар, инсонлар ва транспорт воситаларидан 30 метргача яқинликда, бевосита кўриш масофада учирса бўлади;

— аэропортлар яқинида, одамлар йиғилган жойларда ёки 150 метрдан баландроқ учирмоқчи бўлганлар маҳаллий авиация бюроси директоридан рухсат олиши керак;

— портловчи ёки бошқа турдаги хавфли моддаларни ташишда дрондан фойдаланиш тақиқланади.

Тайван

Тайван фуқаро авиацияси бошқармаси 250 граммдан оғир дронларни рўйхатдан ўтказиш, 2 кг ва ундан ортиқ мосламаларни махсус тестдан ўтказишни талаб қилади. Шунда бемалол ундан фойдаланиш мумкин.

Ҳонгконг

Ҳонгконгда дронни 91 метргача учириш мумкин. Қолаверса, бу ерда бирмунча йирикроқ мосламаларни ҳам учиришга рухсат бор, фақат унинг вазни 7 кг.дан ортиқ бўлмаслиги керак.

Сингапур

Сингапурда дронларни 60 метргача баландликда учира оласиз. Шу билан бирга, аэропортлардан 5 км узоқликда, аҳоли пунктларидан ташқарида 7 кг.гача бўлган дронни осмонга кўтариш мумкин. Бунинг учун кўриш чекланмаган ёки об-ҳаво шароити қулай бўлиши зарур.

Таиланд

Осиёнинг яна бир туристик масканларидан бири бўлган Таиландда, эътибор беринг, 2 кг.дан оғир дронларгина рўйхатдан ўтказилади. Анчагина йирик мосламадан фойдаланиш учун алоҳида рухсатнома олиш кифоя қилади. Мабодо, 25 кг.дан ортиқ вазндаги дрон соҳиби бўлсангиз, бевосита транспорт вазири рухсати талаб этилади.

Бу ерда, шунингдек, жиноий ёки маъмурий жавобгарлик ҳам назарда тутилган. Мамлакат фуқаро авиацияси бошқармасининг нисбатан мўътадил қоидасини бузиш 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки 40 минг бат (1245 доллар) жарима солинишига, ёхуд иккисининг баравар қўлланилишига олиб келади.

Жанубий Корея

Бу республикада дронларни 150 метр баландликкача учиришга рухсат бор, лекин аэропортлардан камида 9,3 км узоқликда.

Қоидаларда шахсий ҳаёт дахлсизлиги алоҳида қайд этилган ва бошқаларнинг рухсатисиз уларни тасвирга олиш ҳам тақиқланган.

Дрон 12 кг.дан ортиқ вазнга эга бўлсагина, ҳукумат рухсати зарур. Шунингдек, 12 кг.дан ортиқ барча турдаги дронлардан тижорат мақсадида фойдаланиш учун лицензия ҳам талаб этилади. Хавфсизлик қоидаларини бузганларга 2 млн вон (1768 доллар) жарима солиниши мумкин.

Европа Иттифоқи

Дронлар масаласида ЕИнинг ягона қонунчилиги мавжуд эмас. Иттифоққа аъзо ҳар бир мамлакат дронларни рўйхатга олиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини мустақил равишда ҳал қилади. Таъкидлаш керак, Европа мамлакатларининг аксарида қоидалар ва талаблар бир-бирига ўхшаш, қуйида фарқли жиҳатларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

Дания

Дания қироллигида дронларни учиришда жамоат жойлари ва хусусий ерларда расмга тушириш қоидаларига риоя қилиш лозим. Дрон бошқа дронлардан узоқроқ учиши алоҳида белгиланган. Бошқарувчи 18 ёшдан кичик бўлмаслиги керак.

120 метргача учира оласиз, бироқ 250 граммдан оғир ёки соатига 50 км.дан тез учадиган коптерлар Дания транспорт ва уй-жой вазирлигидан рўйхатдан ўтказилиши белгиланган.

Дронда, шунингдек, эгасининг исм-шарифи, телефон рақами ва рўйхатдан ўтказилган рақами қайд этилади. Дронни учирувчи шахс гувоҳнома олиши керак.

Исландия

Исландияда дронларнинг ҳар бир парвозидан олдин гео-ҳудудларни текшириб, ҳаво ҳаракатига халақит қилмаслик лозим. Халқаро аэропортлардан 2 км, маҳаллий аэропортлардан 1,5 км узоқликда бўлиш кифоя қилади.

Дрон учириш учун жой шаҳарда бино ва турар жойлардан 50 метр, қишлоқ жойларда эса 150 метр узоқликда бўлиши керак. Шаҳарда 7 кг.гача, қишлоқ ҳудудларда 25 кг.гача бўлган дронлардан бемалол фойдаланса бўлади. Фақат, 20 кг.дан оғир квадрокоптерлар учун суғурта олиш зарур бўлади.

Фото: Getty Images

Швейцария

Швейцариянинг айрим кантон ва муниципалитетлари дронлар парвозига доир қатъий қоидаларини ишлаб чиққан. Умумий қоидага кўра, 500 граммдан оғир дрон учиришни хоҳлаган киши эҳтимолий зарарларни қоплаш учун 1 млн франк (1 млн 85 минг АҚШ доллари) миқдоридаги суғуртага эга бўлиши керак, бунинг харажати минг долларга бормайди.

Нидерландия

Нидерландия қироллигидаги қоидаларга кўра, 25 кг.гача бўлган дронлардан шахсий тартибда фойдаланишга рухсат берилади.

Буюк Британия

Бирлашган қиролликда дронингиз 20 кг.гача бўлса, бемалол фойдалана оласиз. Шу билан бирга, 7-20 кг.лик дрон соҳиби тегишли давлат органи (CAA) сайти орқали қўшимча йўриқномалар билан танишиб олгани мақсадга мувофиқ.

Германия

Германия Федератив Республикаси фуқаролари учувчисиз учар қурилмаларини 100 метргача баландликда учира олишади. Учирувчилар суғуртага эга бўлишлари талаб этилади.

250 граммдан оғир дронларга таниқлилик тасмаси ёпиштирилиши белгиланган. 2 ва ундан ортиқ килограмм вазндаги коптерни учириш учун махсус сертификат берилади.

Навбат океанорти мамлакатларига. Шимолий Америка мамлакатларида дронлардан фойдаланиш қандай тартибга солингани билан ҳам қисқача танишайлик.

АҚШ

Бугунги кунда биргина АҚШнинг ўзида 1,8 млн донага яқин дрон рўйхатдан ўтган. Яъни уларда ҳам бу мосламалар рўйхати юритилади.

Америкаликлар, Федерал авиация маъмурияти (FAA) қоидаларига мувофиқ, дронларини 120 метр баландликкача кўтаришлари мумкин. Хавфли ҳудудлар осмонида парвоз тақиқланган. Дронни учиришдан олдин алкоголли ичимлик ичиш мумкин эмас.

Агар учувчисиз учар қурилма 250 гр.дан оғир бўлса, мисол учун, бу талабга мос тушувчи DJI дронларининг барчасини FAA сайтида рўйхатдан ўтказиш керак. Бу ерда тижорат мақсадларида ҳам дрондан фойдаланса бўлади, илло махсус рухсатнома олсангиз кифоя.

Таъкидлаш керак, АҚШда дрон эгалари учун бунинг жавобгарлиги анчагина жиддий. Дронни рўйхатдан ўтказиш талабини бузганлар Америка шароитида ҳам яхшигина жарима – 27 минг долларгача жарима тўлашига тўғри келади. Шу билан бирга, 25 кг.гача бўлган дронларни учириш мумкин.

Фото: Getty Images

Канада

Канадада дронларни 90 метргача баландликда, фақат кундузи учира оласиз. Дронда эгасининг исми, яшаш манзили ва телефон рақами қайд этилган бўлиши керак. Шунингдек, коптерни ўзингиздан 500 метргача узоқлаштира оласиз.

1-35 кг.гача бўлган Phantom сериясидаги дронларни транспорт воситалари, кемалар ва одамлардан камида 75 метр масофа узоқда парвоз этишига йўл қўйилади. 250 граммдан 1 кг.гача бўлган Mavic Air, Mavic Pro ва Spark русумидаги дронларни 30 метргача яқинликда учирса бўлади.

МДҲ мамлакатларидан Россия ва Грузияда дронлар парвози қандай тартибга солинганига доир қисқа маълумотлар билан ҳам танишамиз.

Россия Федерацияси

Россияда дронлардан фойдаланиш анчагина либераллашган десак, хато қилмаймиз. Қурилма вазни 250 граммдан 30 килограммгача бўлса, учириш ҳудудини аниқламасдан, кундуз куни, 150 метр баландликкача учирса бўлади.

Албатта, аэродромлар, тақиқланган ва махсус ҳудудлар, шунингдек, оммавий тадбирлар осмонида учириш чекланган.

Грузия

Грузияда учувчисиз учар мосламалардан фойдаланишни тартибга солувчи қонун 2017 йил кузидан амал қила бошлаган. Унга кўра, 5 кг.дан оғир бўлган барча турдаги учувчисиз учар мосламаларни Фуқаро авиацияси агентлигидан рўйхатдан ўтказиш лозим. Рўйхатдан ўтмаган дронларни учириш мумкин эмас.

Мосламалар 2 йил оралиқ билан мамлакатга олиб кирилса, уни яна рўйхатдан ўтказасиз. Қурилмага бешта рақамдан иборат махсус ID берилади.

250 граммгача бўлган дронлардан эркин фойдаланиб, 122 метргача учира оласиз. 25 кг.дан оғир дронларни ҳавога кўтаришдан аввал рухсатнома олиш талаб этилади. Бундай қурилманинг энг юқори тезлиги соатига 54 км.ни ташкил этиши керак.

Ўзбекистон

Ва ниҳоят, Ўзбекистондаги тартибот ҳақида. Мамлакатимизда нафақат дронларни олиб кириш ёки улардан фойдаланиш, балки учириш учун рухсат олиш ҳам анчагина «бошоғриқ» экани сир эмас.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Ўзбекистон ҳаво бўшлиғида учувчисиз учиш қурилмаларидан фойдаланиш ва уларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 26 ноябрдаги 322-сонли қарори ва 2016 йил 31 августдаги 287-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ амалга оширилади.

Қурилмадан фойдаланиш рухсатномаси бевосита Вазирлар Маҳкамасидан олинади. Бундай рухсатни фақат юридик шахс фақатгина идоравий вазифаларни бажариши учун ололади.

Дрондан фойдаланиш учун рухсат олингач, буюртмачи фойдаланиш ва рўйхатдан ўтказиш учун “Дававианазорат”га ариза беради. Буюртмачи мазкур идорадан рухсат олгандан кейин дронни бемалол учира олади, деб ўйласангиз, бироз адашасиз. Уни навбатдаги рухсатни олиш босқичи кутиб турибди. Энди у Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан фойдаланиш учун Ҳаво ҳудудидан фойдаланишни бошқариш ягона тизимидан рухсат олиши керак. Шундагина дронни учира олади.

Таъкидлаш ўринлики, мамлакат қонунчилиги билан 2016 йилга қадар дронларни олиб кириш ва уларни учириш тақиқланган эди. 2016 йилдан эътиборан авиация қонунчилигида ўзгаришлар бўлди, бироқ жиддий енгилликлар кузатилмади. Аксинча, илгари дронлар билан ноқонуний муомалада бўлиш, уни олиб кириш, сотиш, учириш кабилар маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарган бўлса, 2019 йил май ойида киритилган ўзгартишларга кўра, бу мосламани олиб кирган шахс ноқонуний хатти-ҳаракати учун биринчи мартанинг ўзидаёқ жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши мумкин.

Ўзбекистонда аввал дронлардан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун бирмунча енгилроқ – маъмурий жазо чораси қўлланган бўлса, 2019 йил 2 майда қабул қилинган қонун билан бундай қилмишга тўғридан тўғри жиноят деб қараладиган бўлди. Шунингдек, фақатгина озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо чоралари белгиланди.

Жиноят кодексининг 2444-моддасига мувофиқ, учувчисиз учадиган аппаратларни, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмларини қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш қилмишнинг оғирлик даражасига кўра, 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Назаримизда, Ўзбекистонда дронлардан фойдаланиш соҳасини либераллаштириш лозим.

Масалан, бугунги кунда, жаҳон аграр соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлар бу қурилмадан жуда кенг фойдаланмоқда. Зараркунанда ҳашаротлар тарқалиши, ўсимликлар касалликлари ёйилган майдонларни ўз вақтида аниқлаш ва профилактикасини амалга ошириш, шунингдек, ёввойи ўсимликлар тарқалган далалар кўламини тез фурсатларда аниқлаш, қурғоқчилик рўй бераётган майдонлари кўламини белгилашда дронлар қўл келмоқда.

Аҳолини хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш баробарида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳосилдорлигини янада ошириш тобора кун тартибига чиқаётган экан, фермерлар ва қишлоқ хўжалигида фаолият юритувчи тадбиркорларнинг маълум бир вазндаги дронларни онлайн рўйхатдан ўтказган ҳолда фойдаланишларига рухсат бериш айни муддао бўлади.

Бундан ташқари, бевосита фуқароларга ҳам дронлардан фойдаланишга рухсат берилиши мақсадга мувофиқ. Чунки, юқорида кўриб ўтганимиздек, ривожланган давлатлар тажрибаси фуқароларнинг маълум қоидалар асосида дрон учириши жиноят эмаслигини кўрсатмоқда.

Бунда, дронлар парвози учун рухсат этилувчи ҳудудлар харитаси ишлаб чиқилиб, онлайн янгилаб турилса, дрондан фойдаланишни истаган кишида турли саволлар пайдо бўлмас эди. Яъни, дронлардан фойдаланиш амалиётини тартибга солувчи қонунларни тақиқлаш ва жазолаш принципидан рухсат бериш орқали назорат қилиш принципига ўзгартириш фойдалироқ, назаримизда.

Толиб Раҳматов

Top