Ўзбекистон | 21:35 / 05.07.2024
29231
6 дақиқада ўқилади

Учарлар учун “сахийлик”. 170 км/соат тезликда ҳаракатланган ҳайдовчи фақат жарима билан қутулиб қолиши адолатданми?

Аҳоли пунктларида, айниқса шаҳарларда тезликни 100 км/соатдан оширган потенциал қотилларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси шу заҳотиёқ камида 6 ой муддатга олиб қўйилиши, бу ҳолат такроран содир этилганда эса автомашина мусодара қилиниши керак.

Видеолардан кадрлар

Куни кеча Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани Бунёдкор шоҳкўчаси бўйлаб давлат рақами 01 F 222 FB бўлган Tracker машинаси ҳайдовчиси 170 км/соат тезликда ҳаракатланаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳайдовчи топилиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.

Яна бир ҳолатда Навоий вилояти Хатирчи туманида 140 км/соат тезликда ҳаракатланган BYD 9 ёшли қизни босиб кетиб, унинг бевақт ўлимига сабаб бўлди.

Хўш, қўлланаётган жазо ва жарималар бу каби жиноятларнинг олдини олиш учун етарли бўляптими?

Аҳоли яшаш жойларида тез ҳайдаганларнинг “права”си олиб қўйилиши керак

Kurbanoff.net Тelegram-канали муаллифи Шуҳрат Қурбонов 170 км/соат тезликда ҳаракатланган Тracker кейсига эътибор қаратиб, белгиланган жаримани тезликни ошириш учун “пулли хизмат”га ўхшатди.

“Энг қизиғи, шаҳарда бундай тезликда ҳаракатланганлик учун жарима БҲМнинг 9 баробари ёки 3 млн 60 минг сўмни ташкил этади. Бу ҳаммаси эмас, агар 15 кун ичида тўлов амалга оширилса, умумий сумманинг ярми тўланади.

Мен учун бу жаримага эмас, балки пулли хизматга ўхшайди. Агар сиз қоидани бузмоқчи бўлсангиз, тўловни 50 фоиз чегирма билан ҳам олишингиз мумкин. Фақат доимий мижозлар учун карталарни ўйлаб топиш қолди.

Мақсад бу каби ҳолатларнинг олдини олиш бўлса, белгиланган меъёрдан 50 км/соатга ошиб кетсангиз, айниқса, аҳоли гавжум бўлган жойларда, ҳайдовчилик гувоҳномаси бекор қилиниши керак.

Ҳайдовчи икки нарсадан қўрқади – гувоҳномасини йўқотиш ва машинасидан айрилиш. Агар мақсад пул ишлаш эмас, қонунбузарликларнинг олдини олиш бўлса, юқоридаги чоралардан фойдаланиши лозим.

Жарималарни маош билан солиштираётганларга қулоқ солишнинг ҳожати йўқ. Жарималар солиқ эмас, шу жиҳатдан улар қўрқинчли ва тўлаш жуда оғир бўлиши керак”, дея ёзди Шуҳрат Қурбонов.

Хорижий тажриба қандай?

Европанинг аксарият мамлакатларида аҳоли пунктларида ўрнатилган ҳаракатланишнинг максимал тезлиги 50 км/соатни ташкил этади. Бу қоидани бузган ҳайдовчилар эса жиддий равишда жазоланади.

Масалан, турли мамлакатларда аҳоли яшаш ҳудудида 105 км/соат тезликда ҳаракатланган ҳайдовчига қўлланадиган жазо қуйидагича:

  • Германияда – 3 ойгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, жазо баллари қўшиш ва 680 еврогача жарима;
  • Францияда – 1500 евро миқдорида жарима ва ҳайдовчилик гувоҳномасидан 3 йил муддатгача маҳрум қилиш;
  • Италияда – 532 евродан 2127 еврогача жарима, 1 ойдан 3 ойгача ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш;
  • Испанияда – 600 евро ва 6 балли жарима, 3 ой ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилиш;
  • Буюк Британияда – 2500 фунт стерлинг ва 6 балли жарима, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш.

Австрияда эса жазо янада қаттиқ. Аҳоли пунктлари кўчалари бўйлаб рухсат этилган тезликдан соатига 80 километрдан, шаҳар ташқарисида эса 90 километрдан ортиқ тезликда ҳаракатланган ҳайдовчиларнинг автомашиналари мусодара қилинади.

Йўлларни потенциал қотиллардан тозалаш керак

Оширилган тезликни ўлчовчи радарлар қўйилаётганига қарамасдан, автоҳалокатлар камаймаяпти. Ҳар куни республиканинг қайсидир қисмида катта тезликда келаётган автомашина инсон ўлимига сабаб бўляпти. Хусусан, 2023 йилда йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 1568 нафар бола жароҳатланган, 263 бола ҳаётдан кўз юмган. Жорий йилнинг дастлабки 5 ойида эса 359 нафар ўқувчи билан боғлиқ авария содир этилган ва 65 нафар ўқувчи ҳалок бўлган.

Шу каби даҳшатли хабарлар фонида блогер Қобил Хидиров йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасини бутунлай қайта кўриб чиқишга чақирди.

“Йўлларда болаларнинг ўлими учун сиёсий жавобгарлик бўлиши керак. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бутунлай тугатилиши керак. Бу хизмат ва унинг раҳбарияти ўзини оқламади. Ишининг самараси йўқ, фаолияти тескари ва мантиқсизликдан иборат. Йўл ҳаракати хавфсизлиги стратегияси бутунлай қайта кўриб чиқилиши керак”, дейди Қобил Хидиров.

Эътибор билан кузатсак, ҳолат шу даражага борганки, баъзилар тезликни оширгани учун ёзилган ўнлаб жарима қоғозларини уялмасдан интернетда кўз-кўз қилади. Ўнлаб жарималар бу аслида шармандали ҳолат-ку? Бунақа ашаддий қоидабузарлар жамиятнинг кўзига қарай олмаслиги керак эмасми?

Антирадар, авторақамни осон ечиб оладиган, яширадиган қурилмаларнинг рекламалари ҳам ҳаддан ташқари кўпайган. Аслида бу ҳам жазодан қутулиб қолиш ва қоидабузарликни тарғиб қилишнинг кўриниши аслида.

Йўллардаги ўлим билан боғлиқ автоҳалокатларнинг катта қисми белгиланган тезлик меъёрини ошириш натижасида келиб чиқаётгани сир эмас. Шу жиҳатдан, қоидабузар ҳайдовчилар учун жарима баллари тизими зудлик билан жорий этилиши, бу тизимни шунча пайтдан бери ортга суриб келганлар сиёсий жавобгарликка тортилиши, аҳоли пунктларида тезлик режимини назорат қилишни кучайтириш керак.

Қолаверса, йўл қурилиши ва йўлларда ҳаракатланишни ташкил этишга нисбатан ёндашувлар ҳам мутлақо қайта кўриб чиқилиши керак.

Шаҳарлар кўчаларини автобанга айлантиришни тўхтатиш, пиёдалар ўтиш жойларини светофорлар ва камералар билан жиҳозлаш, йўл чизиқлари ва бошқа воситалар орқали тартибли ва хавфсиз йўл ҳаракатини ташкил этиш бўйича замонавий ёндашувларни жорий этиш зарур.

Вазият шуни кўрсатяптики, бундай дадил ва комплекс қадамларсиз минглаб инсонлар, энг ачинарлиси мурғак болалар ҳаётини сақлаб қолиш буткул имконсиз.

Мавзуга оид