Ўзбекистон | 18:39 / 25.09.2023
57481
5 дақиқада ўқилади

ССВга йод препаратларини етказиб берган фармкомпания таъсисчиси АҚШда қидирувда экани маълум бўлди

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида болаларнинг оммавий заҳарланиши ортидан “Антиструмин” номли йод препаратини қўллаш вақтинча тўхтатилди. Бу дори “Samo” МЧЖдан сотиб олинган. Kun.uz суриштирувида маълум бўлишича, бу корхона таъсисчиларидан бири Нодир Юнусов анча йиллар олдин АҚШда одам савдоси ва молиявий жиноятларда айбланиб, қидирувга берилган.

Коллаж: Kun.uz

Воқеалар ривожи қандай бошланди

2023 йил 20 сентябрдан эътиборан, Ўзбекистонда 3 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларга бепул йод тарқатиш дастури бошланди. Орадан бир кун ўтиб, 21 сентябр куни Чуст туманидаги боғча болалари орасида тана ҳарорати кўтарилиши, қусиш, қорин оғриғи аломатлари кузатила бошлади, жами 71 нафар бола тезкорлик билан шифохонага ётқизилган.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова шикоят қилган болалар сони 400 дан ошганини маълум қилди, лекин улар доридан ёки овқатдан заҳарланганини рад этди.

Бироқ, айнан Элмира Боситхонова имзоси билан чиқарилган хатда, Намангандаги болалар аҳволи ёмонлашишига калий дори воситалари сабаб бўлиши мумкинлиги, шу сабабли “Kaliy yodid 1 mg (0,001) tabletka №100 (Antistrumin)” дори воситаси истеъмолини дарҳол тўхтатиш топшириғи берилди.

Айни шу кўрсатма-хатдан жамоатчилик муҳим маълумотни билиб олди: “гумондор” препаратни “SАМО” МЧЖ етказиб берган. Бу корхонадан дорини ССВ таркибидаги “Ўзмедимпекс” сотиб олган.

Очиқ маълумотларга кўра, Юнусовлар Samo компаниясининг таъсисчилари ҳисобланиб, улар қаторида компаниянинг қарийб 7 фоизлик улушига эгалик қилувчи Нодир Юнусов ҳам бор.

Нодир Юнусов, бундан ташқари, фармацевтикага алоқадор яна 2 та корхона таъсисчилари қаторида туради.

Нодир Юнусов ким?

Ижтимоий тармоқларда бу воқеалар фонида Ўзбекистонда болалар учун йод ишлаб чиқараётган компания таъсисчиларидан бири АҚШда қидирувда бўлган шахс, деган фикрлар тарқалди.

АҚШ расмий идоралари сайтидаги маълумотларга кўра, ҳақиқатда Нодир Юнусов исмли Ўзбекистон фуқароси қидирувга берилган.

Маълум бўлишича, 2005 йилда АҚШ Божхона ва иммиграция назорати хизмати (ICE) ҳамда Ички хавфсизлик департаменти ўзбекистонликлар ва бошқа хорижлик ноқонуний муҳожирларни мажбурий ишга жойлаштириш билан шуғулланган “Giant Labor Solutions” компаниясига нисбатан суриштирув ишларини бошлаган.

Махсус хизматлар томонидан 4 йил давомида GLC компанияси фаолияти кузатилган. Натижада 2009 йилда компания мансабдорларига мажбурий меҳнат ва меҳнат шартномаларида фирибгарлик қилиш бўйича айблов эълон қилинган.

2010 йилнинг январида GLC аъзоларига нисбатан ўнлаб ҳолат бўйича айблов хулосаси тасдиқланган. Айблов эълон қилинган 11 киши одам савдоси, хусусан алдаб ишга ёллаганлик, ҳуқуқни поймол этганлик ва молиявий товламачилик билан шуғуллангани айтилади.

2009 йилда жиноий гуруҳ бошлиғи сифатида кўрилган Аброрхўжа Асқархўжаев қўлга олинган. Қолганлар қўшма штатлардан қочиб кетишга улгурган.

Улар орасида Ўзбекистон фуқаролари – 32 ёшли Рустамжон Шукуров, 35 ёшли Санжар Аъзамов ва 30 ёшли Нодир Юнусов ҳам.

Ушбу шахслар ҳозирги кунга қадар АҚШ божхона ва иммиграция назорати хизмати томонидан қидирувга берилганлар рўйхатида турибди. Улар “most wanted”, яъни оғир жиноятда айблангани учун энг кўп қидираётган шахслар қаторида қайд этилган.

АҚШ расмий идораси қидирувдаги ушбу шахслар ҳақида маълумот бўлса, ушбу рақамларга хабар беришни сўраган: +1 866 347-24-23

SАМО таъсисчиси ва АҚШ қидирувидаги шахс битта одамми?

Kun.uz мухбири ҳолатга аниқлик киритиш учун “SАМО” МЧЖ директори ўринбосари Жасурбек Абдуллаев билан боғланди ҳамда “Нодир Юнусов ҳақиқатда ҳам АҚШда қидирувга берилганми?”, деб сўради. Жасурбек бу масалада жавоб бериш ваколати йўқлигини ва аниқлаштириб кейинроқ жавоб беришини билдирди. Лекин саволимиз бўйича жавоб бўлмади.

Шунингдек, биз “Самофарм” компанияси ўтказган тадбирлардан бирида қатнашган Нодир Юнусов ва АҚШ Божхона ва иммиграция назорати хизмати томонидан қидирув эълон қилинган суратларни солиштириб, улар ўхшаш шахслар эканига гувоҳ бўлдик.

Суриштирув давомида бир-биридан мустақил икки манба АҚШ қидирувга берган Нодир Юнусов Ўзбекистондаги “Samo” МЧЖ таъсисчиларидан бири билан айнан бир шахс эканини тасдиқлади.

Kun.uz масаланинг бошқа жиҳати билан ҳам қизиқиб, ССВнинг давлат харидларини амалга оширишга масъул ташкилоти “Ўзмедимпекс” билан боғланди. Ташкилот вакилига кўра, йод препаратларини сотиб олишда “Samo” МЧЖ тендер асосида танлаб олинган. Лекин ушбу харид ҳақидаги маълумотларни Давлат харидлари порталида топишнинг иложи бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, ҳолат юзасидан президент Шавкат Мирзиёев шахсан хабар топган. Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева давлат раҳбарининг топшириғи билан Наманганда бўлиб, болалар ҳолидан хабар олди. Шунингдек, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Бош прокуратура томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид