Ўзбекистон | 16:29 / 01.09.2025
5104
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Евроиттифоқ янги битимни 24 октябрда имзолаши кутилмоқда

Томонларнинг амалдаги келишуви 1996 йилда имзоланган ва у ҳадли характерга эга. Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим эса кўплаб йўналишлар, аввало савдо-иқтисодий соҳада ҳамкорликнинг тўлақонли механизмини белгилайди. Янги келишув бундан 3 йил олдин парафирланган эди.

Чапдан ўнгга: Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Европа Комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен биринчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитида. 3 апрел 2025 йил, Самарқанд. / Фото: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим 24 октябр куни Брюсселда имзоланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта Ўзбекистон президентига мустақиллик байрами муносабати билан йўллаган табригида айтиб ўтди.

“Сиз билан 2025 йил 24 октябр куни Брюсселда бўлиб ўтадиган учрашувни интиқлик билан кутаман, у ерда Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг имзоланиши муносабати билан фикр алмашишни давом эттириш имконига эга бўламиз”,дейилади ЕК раҳбарининг табрикномасида.

Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида амалдаги битим 1996 йилда имзоланган ва 1999 йилда кучга кирган. У асосан сиёсий мулоқот, демократия, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳамкорлик, маданий алоқаларни илгари суриш, молиявий ва техник ҳамкорлик, инвестициялар, товар ва хизматлар савдоси, шунингдек интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш борасидаги қоидаларни ўз ичига олади. Келишув ҳадли характерга эга бўлиб, унинг кўплаб бандлари муайян масалалар бўйича икки томонлама келишувлар доирасида аниқлик киритишни тақозо қилади.

2017 йил июлида Ўзбекистон томони ЕИга янги ҳамкорлик келишувини тузиш таклифини берди. Музокаралар 2019 йил февралида бошланиб, 10 раунд давом этди ва 2022 йил июнида якунланди. 2022 йил июлида битим парафирланди.

Янги келишув савдо ва унга тегишли масалалар, шу жумладан божхона маъмурчилиги, техник жиҳатдан тартибга солиш, санитария ва фитосанитария чоралари, рақобат ва давлат корхоналарининг фаолияти, давлат харидлари, низоларни ҳал қилиш масалаларини қамраб олади.

Бундан ташқари, у Жаҳон савдо ташкилотининг асосий қоидаларини ўз ичига олгани натижасида инвестициявий шериклик, товарлар, хизматлар ва интеллектуал мулк савдоси соҳаларидаги муносабатлар доираси сезиларли даражада кенгайтирилади.

Шунингдек, КШҲТ битими ташқи сиёсат, хавфсизлик, можароларнинг олдини олиш ва рискларни бошқариш, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, бошпана бериш ва чегараларни бошқариш, ноқонуний миграция, уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш, терроризмга қарши кураш каби янги соҳаларни ҳам ўз ичига олади.

Маълумот учун, Қозоғистон Евроиттифоқ билан КШҲТ битимни 2015 йилда имзолаган, битим 2020 йилда кучга кирган. Худди шу номдаги битим 2024 йилда Қирғизистон билан ҳам тузилган, у кучга кириши учун Қирғизистон ва ЕИга аъзо барча давлатлар ратификация қилиши керак.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил апрел ойида Самарқандда биринчи “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммити бўлиб ўтган ва унда икки минтақа ўртасида стратегик шериклик тўғрисидаги декларация қабул қилинганди.

Мавзуга оид