09:36 / 24.05.2018
6154

ЕИ Ўзбекистон билан шериклик бўйича янги келишув имзолаш муддатини маълум қилишга шошилмаяпти

Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув бўйича музокаралар дастлабки босқичда турибди. Амалдаги ҳужжат 1996 йилда имзоланган ва сўнгги йиллардаги ҳамкорлик даражасини ўзида акс эттирмайди.

«Келишув Европа Иттифоқининг Ўзбекистон билан муносабатларини мустаҳкамлаш нуқтаи назаридан жуда муҳим. Биз имзо қачон қўйилишини аниқ айтолмаймиз. Бу музокараларга, улар қандай ўтишига боғлиқ. Тошкентда биз яхши фикр алмашдик, янги битимнинг барча жиҳатларини қамраб олдик», - дея айтиб ўтди Европа Иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Кенгаши ишчи гуруҳи раҳбари Ютта Эдтхофер Kun.uz мухбирига.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати  Ахборот хизмати

26 кишидан иборат Европа Иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Кенгаши ишчи гуруҳи музокарачилари янги шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув лойиҳасини муҳокама қилиш, шунингдек, ЕИнинг Марказий Осиё бўйича янги Стратегияси борасида фикр алмашиш мақсадида мамлакатда бир неча кун давомида бўлади.

Ўзбекистон Европа Иттифоқига 2017 йил июль ойида ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Брюсселга ташрифи чоғида янги ҳамкорлик келишувини тузиш ишларини бошлаш бўйича таклиф берган.

Унинг фикрига кўра, 1996 йилда имзоланган келишувдан сўнг «дунё ўзгарди» ва шериклар ўртасидаги ҳамкорлик даражаси «мутлақо бошқа даражага» чиқди.

«Бугун биз мутлақо янги, кенг қамровли дастур яратдик. Буларнинг барчаси бизда ҳозирги ҳолатларга мос бўлган жиддий шартномавий-ҳуқуқий базани талаб қилади», - дея таъкидлаб ўтди вазир.

Янги келишувда савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликка, шунингдек, гуманитар алоқаларга кўпроқ эътибор қаратилади.

«Эҳтимол, минтақавий ва халқаро хавфсизлик муаммолари бўйича мунтазам маслаҳатлашувлар бўйича баъзи бандлар киритилиши мумкин», - деди Комилов.

Фото: Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати  Ахборот хизмати

Таъкидлаш жоизки, 1996 йилда имзоланган келишув ҳадли характерга эга ва унинг кўплаб бандлари муайян масалалар бўйича махсус икки томонлама келишувлар доирасида янада аниқлаштирилиши керак.

Top