Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи стратегик шериклик декларациясини қабул қилди
Декларацияда глобал ва минтақавий геосиёсий ландшафтни ҳисобга олган ҳолда муносабатларни яхшилашга қарор қилингани қайд этилди.
Фото: Президент матбуот хизмати
4 апрель куни Самарқандда биринчи «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» саммити якунлари бўйича Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи (ЕИ) томонидан стратегик шериклик декларацияси қабул қилинди. Бу ҳақда Европа Кенгаши хабар берди.
Декларацияда глобал ва минтақавий геосиёсий ландшафтни ҳисобга олган ҳолда муносабатларни яхшилашга қарор қилингани қайд этилди.
Унда томонлар тинчлик, хавфсизлик ва демократия йўлида тўлиқ ҳамкорлик қилиш тарафдори экани, халқаро ҳуқуқни, жумладан, БМТ Низоми ва асосий тамойилларини ҳурмат қилиш, барча давлатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, уларнинг халқаро тан олинган чегаралари доирасида муҳимлиги таъкидланди.
Барча давлатлар халқаро муносабатларда куч ишлатиш билан таҳдид қилиш ёки ишлатишдан тийилиши, халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилиши, низоларни тинч йўл билан ҳал этиши зарурлиги қайд этилди.
Етакчилар Афғонистон барча фуқароларнинг, шу жумладан, аёллар, этник ва диний озчиликларнинг инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қиладиган инклюзив ҳукумат ва бошқарув тизимига эга хавфсиз, барқарор ва гуллаб-яшнаган давлатга айланишини таъминлаш тарафдори эканини тасдиқлади.
Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи, шунингдек, санкцияларни четлаб ўтишнинг олдини олиш учун ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди.
Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувлари орқали минтақавий ҳамкорлик фаоллашганини олқишлади ва минтақавий интеграцияга қаратилган келгусидаги ҳаракатларни қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Томонлар иқтисодий тадбирларни, жумладан, Марказий Осиё — Европа Иттифоқи иқтисодий форумини мунтазам ўтказишга келишиб олди.
Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари барқарор транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш тарафдори эканини яна бир бор тасдиқлади. Улар Транскаспий транспорт йўлаги бўйича Мувофиқлаштирувчи платформа ва у бўйлаб муҳим инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга келишиб олди.
Етакчилар иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг йўқолиши ва атроф-муҳит ифлосланишига қарши курашни кучайтиришга келишиб олди. Европа Иттифоқи Марказий Осиёдаги барча ҳамкорларнинг Глобал метан ташаббусига (Global Methane Pledge) қўшилиш қарорини олқишлади.
Томонлар, шунингдек, сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва ундан самарали фойдаланиш мақсадида сув-энергетикадаги ҳамкорлик соҳасида инновацияларни жорий этишни давом эттиришга келишди. Оролбўйи ва бутун Орол денгизи ҳавзасидаги вазиятни яхшилаш мақсадида ҳамкорлик мустаҳкамланиши қайд этилди.
Марказий Осиё ва ЕИ муносабатларида фикр билдириш ва эркинлик кафолатлари, фуқаролик жамияти ва мустақил оммавий ахборот воситалари учун қулай муҳит яратиш, ҳуқуқ фаоллари ҳимояси, шунингдек, аёллар, болалар ҳуқуқлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳурмат қилиш масалалари диққат марказида бўлиб қолиши таъкидланди. ЕИ ушбу соҳаларда ёрдам беришга тайёрлигини яна бир бор тасдиқлади.
Мавзуга оид
21:09 / 04.12.2025
Биринчи «Марказий Осиё – Япония» саммити Токиода ўтказилади
16:03 / 04.12.2025
Марказий Осиё учун бериладиган 12 млрд евронинг асосий қисми Транс-Каспий коридори учун сарфланади – ЕИ
22:57 / 03.12.2025
Экология – ниҳоят сиёсий муаммога айланяптими?
20:57 / 03.12.2025