Ўзбекистон | 17:12 / 31.03.2022
17088
5 дақиқада ўқилади

“ГАИ” ходими хизмат вазифасини яхши бажарадими, ёмон бажарадими, бу иккинчи масала” — Бош прокурор ўринбосари

Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова ҳуқуқшунос-прокурор сифатида ҳам, Ўзбекистон фуқароси сифатида ҳам ЙПХ ходимларининг хизмат фаолияти рухсатсиз фото ва видеога олинишига қаршилигини билдирди.

“ГАИ ходими хизмат вазифасини бажаради. Яхши бажарадими, ёмон бажарадими, бу иккинчи масала.

Ҳозир рулга ўтирганингизда, кўчага чиққанингизда юриш анча хавфли бўляпти. Қаердадир видеокамера ишлайди, [ёки] ишламайди. Қаердадир ўша ДАН ходими туради, [ёки] турмайди. Лекин “права”га ўқимаган ёки “права”си йўқ одамлар, қанақадир гиёҳванд моддаларни истеъмол қилганларни рулда кўряпмиз-ку.

Ҳозир, ҳаттоки ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон йўллари “қонли йўллар” деган ном ҳам олди, бу шарманда эмасми?

Менинг шахсий фикрим, ҳам Ўзбекистон фуқароси, ҳам ҳуқуқшунос, ҳам прокурор, ҳам аёл сифатида, “ГАИ” ходими кўчага чиқса ва – қонун доирасида ишлайдиганини айтайлик ҳозир, – қонун талабини бажариш лозим бўлган йўловчидан талаб қилса, менимча [уни] видеога олиб ижтимоий тармоқларга ташлаш – нотўғри.

Бу билан у ҳам давлат хизматидан бўлаётган погонли одам ва ҳам инсон-ку. У ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси-ку. Демак, ундан сўраб… Мисол учун, мендан [рухсат] сўрамасангиз, мени суратга олишингизга рухсат бермайман. Чунки бу менинг шаъним, қадр-қиммат ва ҳоказо... Бу ерда ўтирган журналист-блогерлар яхши билади буни.

Демак, биринчи, Ўзбекистон фуқаросини ҳимоя қилишимиз керак, сўраб… Ҳозир сиз мендан талаб қиляпсиз, сизни съёмка қилсам майлими, [деб]…

Иккинчидан, у давлат хизматидаги инсон. Агарда “ГАИ” ходими қанақадир нотўғри хатти-ҳаракат қиладиган бўлса, сиз ҳуқуқий маданият, ўз ҳуқуқингизни биласиз, мажбуриятингизни эсдан чиқармайсиз. Афсуски, ҳозир ҳуқуқим бор экан, деб мажбуриятни эсдан чиқараётганлар талайгина бўлиб қоляпти, кўряпмиз-ку. Бу менимча Ўзбекистон халқига хос ва мос хусусият эмас.

Шунинг учун, мен ҳам у томонни – йўловчи тарзида, ҳам погонли шахс сифатида айтяпман. Мен “ГАИ” ходимининг хизмат фаолиятидаги жараённи съёмка қилишга қаршиман”, – деди бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова бугун, 31 март куни АОКА бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Шунингдек, Светлана Ортиқова бу талаб Конституцияга қанчалик мослигига доир саволга жавобан, ЙПХ ходимларининг шаън ва қадр-қиммат дахлсизлиги Конституция билан ҳимоя қилинишини айтди.

“Агар Конституцияни яхши билсак, у ерда шаън ва қадр-қиммат дахлсизлиги ва Конституция билан ҳимоя қилиниши борасида норма бор. ЙПХ ходими ҳам Ўзбекистон фуқаросими, Конституция билан ҳимоя қилиниши керак. Бу – менинг шахсий фикрим, қонун эмас. Қонун тарзида ё у ёқли бўлади ёки бу ёқли, ўртанча бўлмайди. Тўғрими? Ё рухсат берилади ёки ман этилади.

Ким мени [бу фикрларим учун – таҳр.] адолатсизликда айблай олади? Ҳеч ким! Мен жуда адолатли аёлман. Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституция билан ҳимояланган. ЙПХ ходими бўладими, уй бекасими, журналист-блогер бўладими. Агар сиздан рухсат сўрамасдан съёмка қилса, шунақа чанг кўтарасизки, Худо кўрсатмасин. Бу менинг фикрим”, – дея Светлана Ортиқованинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, Ички ишлар вазирлиги йўл-патрул хизмати ходимларининг фото ва видеосини интернетга тарқатишни тақиқлашга оид ҳукумат қарори лойиҳасини муҳокамага қўйган эди.

29 март куни якунланган муҳокамаларда жамоатчиликнинг юқорида даражада фаоллиги кузатилди: лойиҳа доирасида берилган 1200 дан ортиқ таклифларнинг аксарияти уни қабул қилиниши очиқлик сиёсатига зидлигини билдирган. Шунингдек, блогерлар ва жамоатчилик фаоллари ва блогерлар ҳам бу лойиҳага қарши бўлмоқда.

Мавзуга оид