Ўзбекистон | 15:46 / 17.07.2020
16293
15 дақиқада ўқилади

GSP+ тизими Ўзбекистонга нима беради? — Германия элчиси билан суҳбат

Шу йилнинг 1 июлидан Европа Кенгаши раислиги Германия Федератив Республикасига ўтди. Ўзбекистон эса ЕИ билан GSP+ дастури доирасида ҳамкорлик қилишни режалаштирмоқда.

Kun.uz мухбири Ўзбекистоннинг GSP+ дастуридан фойдалана олиш имкониятлари, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолиги бўйича музокаралар ва ЕИнинг Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан ҳамкорлиги каби мавзуларда ГФРнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд билан суҳбатда бўлди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

– Германия Иттифоқ кенгашига раислик қилиш муддатида қандай ишларни амалга оширишни режалаштирган?

– Европа Иттифоқи кенгашида Германия раислигининг роли бугунги кунда кўп жиҳатдан коронавирус пандемиясига боғлиқ бўлиб турибди. Бугунги кунда Европада 100 мингдан зиёд коронавирус қурбонлари мавжуд. Шунинг учун ҳозирда бизнинг бирламчи вазифамиз ҳамкорларимиз билан биргаликда коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш ҳисобланади.

ОАВ орқали эшитган бўлсангиз керак, айни вақтларда Европа иқтисодиётини тиклаш учун 750 млрд евро миқдоридаги ёрдам дастурини қабул қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу катта сумма, уни авваламбор Европа иқтисодиётини тиклаш учун йўналтириш назарда тутилмоқда. Яна бир томондан, бу маблағни Европада ижтимоий бирликни мустаҳкамлаш, экологияни яхшилаш ва рақамлаштириш масалалари учун ҳам йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Иккинчи муҳим йўналиш Европа Иттифоқининг кейинги 7 йил учун мўлжалланган бюджетини қабул қилиш ҳисобланади.

Евроиттифоқнинг ҳар бир аъзо мамлакати кейинги 7 йилликда мазкур бюджетни нимага сарфлаш бўйича ўз мўлжалига эга. Бюджетга қайсидир давлат каттароқ, қайси биридир камроқ улуш қўшади. Шунинг учун Евроиттифоқ кенгашида яқин ойлардаги асосий вазифамиз бу маблағни нимага йўналтириш бўйича иттифоқнинг 27та аъзо давлати орасида якдилликка эришиш саналади.

Кун тартибидаги учинчи муҳим вазифа – Буюк Британия билан музокаралар олиб боришдир.

Хабарингиз бор, Британия умумий овоз бериш йўли билан Евроиттифоқдан чиқишга қарор қилди. Шунинг учун Евроиттифоқ раҳбарияти иттифоқнинг ўзида ва Британия билан бирга кейинги муносабатларни муҳокама этиши лозим. Улар билан муҳокама қилиниши керак бўлган талайгина масалалар мавжуд. Брексит ҳеч қандай музокара ва келишувларсиз амалга ошиши эҳтимоли ҳам бор. Биз, албатта, Британиянинг кескин чиқиб кетишини истамаймиз. Шу боис, Германия бу борада ишлаши, Британия билан мустаҳкам ва чуқур ҳамкорлик масалаларини кўриб чиқиши керак.

Буюк Британия ва Евроиттифоқ ўртасида яхши ҳамкорликни ўрнатиш масаласи билан бир қаторда бошқа муҳим вазифалар ҳам кун тартибида турибди. Пандемия фонида Европада ташқи сиёсат бўйича ягона, якдил муносабатни шакллантириш, глобал даражада ҳамфикрлик асосида иш кўришни мақсад қилганмиз. Биринчидан, қўшни Африка континенти билан ҳамкорликни кенгайтириш масаласи, иккинчидан, Евроиттифоқнинг Хитойга нисбатан ягона умумий позициясини ишлаб чиқиш вазифаси турибди.

– Кенгаш Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Ўзбекистон билан алоқаларга қандай эътибор қаратади? Германия раислигида бу муносабатларда қандай ўзгаришлар рўй бериши мумкин?

– Евроиттифоқнинг Марказий Осиё давлатлари билан муносабатлари бўйича янги стратегияни ишлаб чиқиш масаласи ҳам кун тартибида турибди. Connectivity, яъни «Ўзаро алоқа» деб номланган яна бир янги стратегия Европа ва Марказий Осиё давлатлари орасида муносабатларни мустаҳкамлашни назарда тутади. Бу икки стратегияни амалга ошириш учун катта маблағ талаб этилади. Шунинг учун, юқорида таъкидланганидек, Евроиттифоқнинг 7 йиллик бюджетини қабул қилиш ва бу икки стратегия ўртасида узвий боғлиқлик мавжуд.

Ўрта муддатли молиявий асосни қабул қилиш Марказий Осиёга бевосита алоқадор бўлган стратегиялар учун ҳам муҳим рол ўйнайди. Евроиттифоқ раиси сифатида Германия бу икки стратегияни етарлича молиялаштириш, бу орқали Европа ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйиш тарафдоридир.

– Германия Марказий Осиё, шу жумладан Ўзбекистондаги ҳозирги ривожланиш босқичини қандай баҳолайди?

– Германия ва Марказий Осиё алоқалари сўнгги йилларда ижобий тенденция асосида ривожланаётганини қайд этиб ўтиш лозим. Марказий Осиё давлатларида ўзаро сезиларли фарқлар ҳам мавжуд. Марказий Осиё иқтисодий,-ижтимоий тараққиёт, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқлари ҳимояси масаласида катта муваффақиятларга эришмоқда. Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси бўлганим учунгина эмас, балки кўриниб турган натижалиги учун ҳам қайд этишим лозимки, Ўзбекистон сўнгги 3 йилда сезиларли ижобий натижаларга эришмоқда.

Баъзи нохушликлар борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Хусусан, ўтган ҳафтада Андижон шаҳри фуқаросининг ички ишлар ходимлари томонидан тазйиққа учрагани билан боғлиқ ҳолатни эшитдик. Шунга қарамай, инсон ҳуқуқлари, матбуот эркинлиги, фикр эркинлиги, фуқаролар ва давлат идоралари ўртасида муносабатларнинг яхшиланишига эришилаётганини қайд этиб ўтиш лозим.

Шунингдек, Ўзбекистон ўз иқтисодиётини модернизациялаш масаласида ҳам сезиларли ривожланишга эришаётгани эътиборлидир. Умид қиламанки, пандемия оқибатлари бу тараққиётга салбий таъсир кўрсатмайди. Ўз навбатида, Германия Ўзбекистонга ҳамкорликни кенгайтириш, тараққиёт мақсадлари йўлида молиявий ёрдам масаласида Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаш, хусусан, соғлиқни сақлаш, кичик ва ўрта тадбиркорлик, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда доим ҳаракат қилади. Ўзбекистон иқтисодиёти коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф эта олади, деган умиддамиз.

– Ўзбекистон-Германия муносабатларида тез ривожланаётган ва оқсаётган йўналишларни айта оласизми?

Биринчи навбатда, икки томонлама савдо муносабатларини қайд этиб ўтмоқчиман. Сўнгги уч йилда икки мамлакат ўртасида савдо ҳажми уч бараварга ошиб, бугунги кунда 1 млрд еврони ташкил этмоқда. Жорий йилнинг дастлабки ойларида икки томонлама савдо алоқалари 20 фоизга ошган эди. Аммо коронавируснинг тарқалиши оқибатида барчаси тўхтаб қолди.

Аммо, мен ўзбек ишбилармон доиралари ва немис компаниялари билан мулоқотда икки томонлама ҳамкорликка қизиқиш юқорилигига гувоҳ бўлдим, бу қизиқиш пандемиядан кейин ҳам сақланиб қолишига ва давом этишига ишончим комил.

Ривожланаётган йўналишлардан яна бири сифатида, сўнгги вақтларда Ўзбекистонда немис тилини ўрганишга қизиқишнинг ортганини кўрсатиб ўтмоқчиман. Биз ҳам бу қизиқишни қоплашга ҳаракат қилмоқдамиз. Бу борада бир қатор ҳамкорларимиз, хусусан, Тошкентдаги 60-сонли мактаб, Андижон шаҳридаги Берлин маркази, Урганч ва Марғилон шаҳридаги муассасалар Ўзбекистонда немис тилини ўрганишга бўлган талабни қондиришга ёрдам бермоқда.

Кейинги ойларда бизнинг ҳамкорлигимиз санъат, рассомчилик, кино ва мусиқа борасида ҳам мустаҳкамланишини истардим. Йил аввалида бу борадаги ҳамкорлик бўйича лойиҳалар реажалаштирилган эди, аммо пандемия туфайли уларни амалга оширишнинг имкони бўлмади. Яқин орада бу лойиҳаларни амалга ошириш учун шароит бўлади, деган умиддамиз.

Оқсаётган жиҳатлар хусусида гапирганда, Ўзбекистонда инвестицион шароитлар яхшироқ ривожланишини истардим. Маълумки, 2022 йилда Volkswagen Ўзбекистонда автомобил ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши режалаштирилмоқда. Фикримча, бу борада ҳали ҳал қилиниши керак бўлган масалалар мавжуд.

Ўзбекистон инвестицион шароитларни мустаҳкамлаш, инвестицион муҳитни яхшилаш бўйича кўп ишларни амалга ошириши керак. Биринчидан, ҳар қандай хорижий компания учун узоқ муддатли режалаштириш имкони бўлиши керак. Иккинчидан, қонун устуворлиги, ҳуқуқлар таъминоти ва хавфсизлик масаласи ҳар қандай инвестор учун муҳим саналади.

– Ўзаро икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга чиқариш учун нималарга эътибор бериш керак, деб ўйлайсиз?

– Биз сиёсий мулоқотимизни давом эттириш, халқаро ташкилотлар доирасида ҳам ҳамкорликни давом эттириш истагидамиз. Германия ҳар доим кўп томонлама алоқалар – мультилатерализм тарафдори бўлган. Фақатгина бир давлат ўз манфаатларини илгари суриши эмас, балки бир неча давлатлар бирлашиб ўз қизиқишларини намоён этишини ёқлаймиз.

Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистоннинг Германия томонидан асос солинган мультилатерализм альянсига қўшилишини олқишлаган бўлардик.

Шунингдек, таркибида Германия, Швеция, Япония бўлган Стокгольм гуруҳи деб номланадиган ядро қуролидан воз кечиш гуруҳига қўшилишидан мамнун бўлар эдик.

– ЕИнинг GSP+, яъни Умумий имтиёзлар тизимига келсак. Маълумки, Ўзбекистон айни тизимга қўшилиш истагини билдирмоқда. Қатор ривожланаётган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон қўшниси бўлган Қирғизистон ҳам аллақачон бу тизимда. GSP+га қўшилиш Ўзбекистонга нима беради?

– Албатта. GSP+ тизимига қўшилиш Ўзбекистонга катта имтиёзлар беради. Нега деганда, GSP+ тизими доирасида божхона тўсиқлари, тарифлари ва бошқа тўловларни камайтириш назарда тутилади.

Маълумингизки, Европа бозори жуда катта. Бу ерда 513 млн.дан зиёд – ярим миллиард аҳоли истиқомат қилади. Шу боис Ўзбекистон GSP+га қўшилган тақдирда, ўзбек компаниялари бу бозорга кириб кела олади ва ўз маҳсулотини сотади. Бу эса уларга катта имкониятлар эшигини очади. GSP+ тизимига қўшилиш орқали улар нисбатан қулай шароитларда Европа бозорига кириши, манфаатли тарзда, яхши рақобат муҳитида ишлаши мумкин бўлади.

– GSP+ тизимига кирмоқчи бўлган мамлакатлар инсон ҳуқуқлари, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, атроф-муҳит муҳофазаси, бошқарув каби қатор фундаментал соҳаларда ислоҳотлар қилиши талаб этилади. Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон ушбу тизимга киришга тайёрми?

– Ўзбекистон муайян соҳаларда сезиларли ривожланишга эришмоқда. Бундай тараққиёт кузатилмаганда, биз, европаликлар GSP+ тизими бўйича музокараларни бошламаган ҳам бўлардик. Шунинг учун GSP+ имтиёзлар тизими номзод давлатларга катта талаблар – ислоҳотлар ўтказиш, инсон ҳуқуқлари, атроф-муҳит муҳофазаси, самарали давлат бошқаруви, меҳнат муҳофазаси масалаларида шартларни қўяди.

GSP+ давлатга кўплаб имтиёзлар бериш билан бирга унинг олдига бир қатор талаблар ҳам қўядиган тизимдир. Шунинг учун ҳам GSP+ тизимига фақатгина 8та давлат кира олган. Биз Ўзбекистонни бу тизимга кириш йўлида қўллаб-қувватлаймиз.

– Тизимга қўшилгач, ундан четлатилган давлатлар ҳам бўлганми? Ўзбекистон тизимга қўшилгач, бундай ҳолат рўй бермаслик учун мамлакат ҳукумати нималарга эътибор бериши керак бўлади?

– Давлат бу мақомга эга бўлишдан аввал жуда кўп интенсив, узоқ муддатли, батафсил музокаралар, кузатувлар олиб борилади. Шунинг учун ҳам давлат бу мақомга эришгач, уни йўқотмасликка ҳаракат қилади. Билишим бўйича, ҳозиргача ҳеч бир давлат бу мақомни йўқотган эмас.

– Музокаралар қанча давом этиши мумкин?

– Музокаралар, тайёргарлик жараёнлари қанча давом этишини аниқ айтиш қийин, чунки ҳар бир давлат ўзига хос шароитларга эга. Ўзбекистон ҳолатида бу тизимга кириш узоқ вақт талаб этмайди, деган умиддаман.

Аммо, ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам музокаралар жараёнида берилган тавсияларни бажариши, талабларга мувофиқлашиши керак бўлади.

– Ўзбекистон Республикасига президент Мирзиёев раҳбарлик қила бошлагач, мамлакатнинг Жаҳон савдо ташкилотига қўшилиши билан боғлиқ мавзу кун тартибига чиқди. Германия эса бу ташкилотда ўз ўрнига эга давлатлардан бири ҳисобланади. Шундай экан, Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлиши учун қандай ислоҳотларни амалга ошириши талаб этилади? Германия бу борада қандай ёрдам кўрсата олади?

– Биз Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириш тараддудида эканидан хурсандмиз ва бу муваффақиятли амалга ошади, деган умиддамиз. Ўзбекистон ҳукумати билан мулоқотимдан менга маълумки, ЖСТга кириш мамлакат учун устувор масала бўлиб турибди.

ЖСТ – GSP+ тизимига ҳам ўхшайди. Яъни бунда ҳам номзод давлатдан ривожланиш, сиёсат, ижтимоий ҳаёт, савдо масалаларида ислоҳотлар ўтказиш талаб этилади. Ўзбекистон савдо, инвестицион муҳит, солиқлар, божхона тўловлари ва жараёнлари борасида бир қатор ўзгаришларни амалга ошириши лозим. Ўзбекистон бозорига хорижий маҳсулотларнинг кириб келиши борасида кўплаб чекловлар мавжуд. Булар Ўзбекистонга кириб келиши қийин бўлган қишлоқ хўжалиги ва бошқа маҳсулотлардир. Буни бартараф этиш зарур.

Жаҳон савдо ташкилотига кириш асносида Ўзбекистон техник ёрдам лойиҳаси доирасида Евроиттифоқдан, Жаҳон банкидан, шунингдек, USAID ташкилоти орқали АҚШдан кўмак олиши ижобий жиҳатдир. Женевада ёки турли бошқа конференциялар доирасида биз Ўзбекистоннинг ЖСТга киришини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

– Сентябрь ойида Ўзбекистонда элчилик фаолиятини бошлаганингизга 3 йил бўлади. Нималарга улгурдингиз, қандай вазифаларни уддалай олмадингиз?

– Ўзбекистондаги фаолиятим давомида икки асосий йўналишни белгилаб олган эдим. Биринчидан, мамлакат билан иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш. Юқорида қайд этиб ўтганимдек, ҳозиргача савдо айланмаси ҳажмини уч бараварга оширишга эришдик. Ўзбек ҳамкасблар Берлинда, биз бу ерда бир қатор ишларни амалга оширмоқдамиз. Ўзбекистондаги делегациялар билан мулоқотлар олиб борилди, улар дуч келаётган муаммолар аниқланди. Бу ерда фаолият олиб бораётган немис компанияларининг ўзбек ҳукумати билан муаммолари борлиги аниқланди ва улар ижобий ҳал қилинди.

Мен янада мустаҳкам ҳамкорлик йўлга қўйилишига эътибор қилаётган соҳа бу маданий ҳамкорликдир. Мусиқа ва кино борасида бир неча лойиҳаларни бошлаб қўйдик. Тарихий ёдгорликлар муҳофазаси борасида ҳам ҳамкорлик ривожланишини истардик. Тошкентда ва бошқа ҳудудлардаги тарихий архитектура муҳофазаси борасида ҳам ижобий натижаларга эришамиз, деб ўйлайман.

Уч йил мобайнида ижобий натижаларга эришилган яна бир йўналиш бу барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишдаги ҳамкорликдир. Бу борадаги ҳамкорлик яқин орада бошқа Марказий Осиё давлатлари билан тўхтатилади ва фақатгина Ўзбекистон билан сақлаб қолинади. Бу борадаги молиявий кўмак портфели дастлаб 10 млн еврони ташкил этган бўлса, бугунга келиб, унинг ҳажми 200 млн еврога етди. Бу ҳам катта муваффақият.

– Ўзбекистон сизда қандай таассурот қолдирди?

– Ўзбекистон бўйлаб қилган сафарларимдан таассуротларим жуда катта. Тошкентдан чиқишинг билан чиройли манзаралар кўзга ташланади. Менда ўзбек қишлоқларида тунаш имконияти бўлди. Одамлар, асосан, қишлоқ аҳолиси билан суҳбатлашиш мен учун жуда ёқимли бўлди. Улар жуда очиқкўнгил инсонлар.

Шунингдек, тоғ ҳудудларида жойлашган Бойсун, Термиз, Қорақалпоғистон Республикасида бўлдим. Қорақалпоғистон таомлари ҳам ўзига хос. Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари ҳам диққатга сазовор, аммо бу икки ҳудуд менда ҳаммасидан ҳам кучли таассурот қолдирди.

Тайёрлаган:  Толиб Раҳматов

Мавзуга оид