«Инфляциядан эмас, ички инвестициялар тўхташидан қўрқиш керак» – Эксперт Ўзбекистон иқтисодий сиёсатидаги камчиликларга тўхталди
Иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров Ўзбекистон иқтисодий блоки юритаётган иқтисодий сиёсатда кўзга ташланаётган айрим камчилик ва муаммолар ҳақида ўз фикрларини билдирди.
Иқтисодий тадқиқотчи Абдулла Абдуқодиров Kun.uz мухбири билан суҳбатда Ўзбекистон иқтисодиётидаги бугунги жараён, хусусан, иқтисодий ўсишга салбий таъсир қилаётган айрим омиллар ҳақида гапирди.
Инфляция 11 фоиз деб айтиляпти, унда нега банк ставкалари 25 фоиз?
Мутахассиснинг айтишича, ташқаридан қараганда республика иқтисодий блоки ўртасидаги ҳамкорлик юқори даражада эмаслиги кўринади. Чунки улар олдинга сураётган иқтисодий сиёсат қарама-қарши йўналишларга эга ва бу тескари натижаларга олиб келиши мумкин.
«Марказий банк бугунги кунда инфляция даражасини тушириш биз учун энг муҳим масаладир, деб айтяпти. Кечирасиз, унда иқтисодни ривожлантириш кимнинг масаласи?
Агар Марказий банк кредит даражасини белгилайдиган асосий орган бўлса, тадбиркор кредит оламан деб банкка борса-ю, у ерда ставкани 25–28 фоиз деб турса, қайси тадбиркор қарз олиб, уни 2 ёки 5 йил ишлатиб, яна 2–3 баробар қилиб қайтиб беради. Бундай бизнеснинг ўзи йўқ. Бунда самарадорлик бўлмайди. Чунки инфляция 11 фоиз деб айтиляпти, унда нега банк ставкалари 25 фоиз? Нега Марказий банк тижорат банкларига кўп йилларга мўлжалланган «узун сўмлар»ни бермайди? Нега бизнинг банклар ана шу «узун пуллар»ни топиш учун чет эл капитал бозори ва банклардан кредитлар олиши керак? Бу пуллар барибир иқтисодиётга киряпти қарз сифатида. Нега у пуллардан Марказий банк қўрқмайди-ю, ўзи бериши мумкин бўлган узоқ муддатли кредитлардан қўрқади?
Мен айтмоқчи бўлган фикр, бугунги кунда бизнинг иқтисодиётимизни асосий ушлаб турган нарса, иқтисодий блок (Марказий банк, Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари) ўртасида иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган ҳамкорликни кўрмаяпмиз.
Биттаси инфляцияни пасайтираман деса, бошқаси қурилишга кредит берайлик деяпти. Қурилишга катта-катта миқдорда пул бериш, ипотекани ривожлантириш – бу қўшимча эмиссия ёки қарз олиш билан баробар. Демак, бунинг барибир инфляцияга таъсири бор.
Инфляцияни камайтириш, бу фақатгина умумий пул массасини камайтириш дегани эмас. Умумий талаб билан таклиф ўртасидаги мувозанат ушлаб турилсагина инфляция камаяди», – деди молиячи.
Бугунги энг муҳим масала – мамлакатни иқтисодий ривожлантириш
Абдулла Абдуқодиров бугунги кунда мамлакатни иқтисодий ривожлантириш энг муҳим масала эканини таъкидлаб ўтди.
«Айрим йўналишларга қарз эвазига маблағ йўналтириш, дунё капитал бозоридан ва чет эл молиявий институтларидан катта миқдорларда қарзлар олиб, уларни иқтисодиётга йўналтириш инфляцияга ўз таъсирини ўтказиши табиий.
Бир ҳисобдан қарзлар оляпмиз, иккинчи ҳисобдан тижорат банклари ихтиёридаги маҳаллий валютадаги жамғармаларни турли йўллар билан тортиб оляпмиз (қисқа муддатли депозитлар, давлат ва Марказий банк облигациялари орқали).
Иқтисодиётда талаб билан таклиф ўртасидаги муносиблик тўғри белгиланган ҳолда, инфляция бизга қаттиқ халал бермаган. Инфляция 15 фоизми, 16 фоиз бўладими, иқтисодиётга ўлим даражасидаги хавф эмас. Инфляция бизнинг энг қўрқадиган жойимиз бўлиши керак эмас. Иқтисодий стагнация, ички инвестициялар тўхташи – мана бу ўлим билан баробар.
Тўғри, инфляцияга ҳам эътибор бериш керак, ташлаб қўйиб бўлмайди. Лекин ниманинг ҳисобига инфляция бўляпти – буни яхши англашимиз керак.
Аслида, инфляция ўсиши асосан истеъмол моллари, озиқ-овқат ва қурилиш материаллари бозоридаги нарх-наво ўсиши билан боғлиқ.
Озиқ-овқат ва қурилиш материаллари бозорларида тақчиллик бор. Бу тақчиллик ана шу молларнинг таннархида солиқлар ва банк кредити харажатларининг ҳаддан ташқари юқорилиги ҳисобига. Демак, бугун озиқ-овқат ва қурилиш материаллари таннархини шакллантирувчи омилларни кўриб, таннархни тушириш масаласини кўришимиз керак. Шунда инфляцияни камайтирамиз.
Биз нима қиляпмиз, Марказий банк сиёсати билан умумий пул массасини камайтиряпмиз. Банкларнинг кредит бериш қобилиятини чеклаяпмиз. Иккинчи томондан эса корхоналарга бўлган умумий солиқлар юкини 2019 йилдан бошлаб кескин оширдик. Бу – иқтисодий самарадорликка бутунлай тескари қаратилган сиёсат. Мен буни иқтисодчи сифатида тушунмайман ва қабул ҳам қилмайман», – дейди мутахассис.
Иқтисодий блок ўзаро ҳамкорликда форумлар ташкил қилиши кераклиги, бирор муҳим масалани форумда таҳлил қилиб, умумий қарорга келиши зарурлиги таъкидланди.
«Муаммоларни муҳокама қилиш форуми ташкил қилинмайди. Бири осмонга тортса, бири кўлмакка, яна бошқаси қуруқликка тортади. Иқтисодий блок битта ёқадан бош чиқариши керак. Ахир, мамлакат битта-ку!
Яна бир муҳим муаммо бор: ажратилган маблағларнинг мақсадга мувофиқ ва самарали ишлатилиши устидан давлат назорати масаласи. Нима учун Молия вазирлигига бюджетдан ажратилган маблағни ишлатишни назорат қилиш функцияси берилган? Нега бу иш билан алоҳида ташкилот шуғулланмайди? Ўзи берса, ўзи тақсимласа, яна ўзи ишлатилишини назорат қилса, шунинг ўзида мантиқий конфликт бор эмасми?!
Алоҳида, бутунлай иқтисодий назорат қиладиган бир агентлик ёки ташкилот тузиш керак. Уларга катта-катта ваколат бериш керакки, ҳамма берилган иқтисодий маблағларни ишлатиш назорати устидан ўзи мустақил сиёсат олиб борсин», дейди суҳбатдош.
Ўзбекистон капитализмнинг қайси босқичида?
Абдулла Абдуқодиров Ўзбекистонда капитализмнинг энг ёмон кўриниши кузатилаётганини қайд этиб ўтган.
«Капитализмнинг қайси моделига ўтишимиз бизга ҳали номаълум. Бугунги кунда Ўзбекистондаги модел давлат-хусусий монополистик капитализми. Бу – капитализмнинг энг ёмон кўриниши. Давлат билан хусусий капитал бирлашиб кетган. Унинг устига монополлаштирилган. Бу капитализмнинг жуда ёмон кўриниши. Буни болалик касаллиги деб қараш мумкин, лекин тузатса бўлади. Вақти билан.
Ижтимоий ривожланиш жиҳатдан ҳар бир давлат ўзига хос. Капитализм бўйича Россия, Қозоғистонда қандай бўлса, биз ҳам ўшаларни кўчиряпмиз. Ёмон томондан кўчиряпмиз. Энг аввало, бутун жамият келишиб олишимиз керак. Биз ўзи қандай жамият қурмоқчимиз?!
Бу жамиятда иқтисодий-сиёсий бойликларнинг асосий манфаатдори, бенефициари ким? Бу бенефициарни, манфаатларни қайси йўллар билан олиши керак, деган фундаментал саволларга бизда ҳали жавоб йўқ.
Қандай жамият қурамиз, бу жамиятнинг асосий кучлари ким, асосий манфаатдори ким деган саволларга жавобларимиз йўқ», дейди эксперт.
«Элита ҳали келишиб олгани йўқ»
Молиячи элита дегани давлатнинг баланд минбарларида ўтирган одамлар эмас, балки ҳар битта соҳада ўзининг жуда катта бир масъулиятини тушуниб, давлатнинг 50–100 йиллик келажаги ҳақида ўйлайдиган инсонлар ҳисобланишини таъкидлайди.
«5–10 йиллик эмас, 50–100 йиллик келажак ҳақида ўйлайдиган шахслар. Ана ўшалар элита бўлиши керак. Ҳозирча биз бу горизонтда фикр юритадиган инсонларни кам кўряпмиз.
50–100 йилдан кейин Ўзбекистон халқи қандай бўлади, деган саволга жавоб берсагина, шу ҳақда ўйласагина уни элита деб гапиришимиз мумкин.
Миллиардлаб пули бўлиб, чет элларда яхтаси бор ёки маза қилиб яшаб юрганларни элита деб айта олмаймиз», – деди Абдулла Абдуқодиров.
- Маълумот учун, 2020 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ҳажми 580,2 триллион сўмни ташкил қилди. Ҳозирда йиллик инфляция ўсиш суръати 10,9 фоиз, давлат қарзи 2021 йил 1 январ ҳолатига ЯИМнинг 40 фоизидан ошган.
Исломбек Умаралиев суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:10 / 18.11.2024
Андижонда 1800 гектар ернинг тоифаси ўзгартирилиб, ишлаб чиқариш мажмуалари қурилади
17:18 / 14.11.2024
Электромобил бозорини қисиш учун охирги бир йилда нималар қилинди?
20:33 / 13.11.2024
«Ўзбекистон темирйўллари» 1 декабрдан юк ташиш тарифларининг вагон қисмини 30 фоизга оширади
19:10 / 13.11.2024