Жамият | 19:55 / 26.02.2020
16085
4 дақиқада ўқилади

Хусусий бандлик агентликлари президентга жамоавий мурожаат йўллади

Ўзбекистонда фаолият юритувчи 10дан ортиқ хусусий бандлик агентликлари президент Шавкат Мирзиёевга жамоавий мурожаат йўллади. Унда барча хусусий бандлик агентликлари фаолияти тўхтатиладиган бўлса, вужудга келиши мумкин бўлган айрим муаммолар санаб ўтилган.

Фото: Иллюстратив сурат / Sputnik

Ўзбекистон фуқароларининг хорижий мамлакатлар ва республиканинг ўзида банд қилишга кўмаклашиш билан шуғулланиб келувчи 16та хусусий бандлик агентлиги президент Мирзиёев, бош вазир Арипов, БММВ раҳбари Ҳусановга жамоавий мурожаат йўллади. Kun.uz ихтиёрига келиб тушган жамоавий мурожаатда қайд этилишича, «HUMAN» хусусий бандлик агентлиги раҳбарларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари боис, қонуний асосда муваффақиятли фаолият кўрсатиб келаётган бандлик агентликларининг келажаги ҳам хавф остида қолмоқда.

Хусусан, «2020 йил 17 февраль куни бош вазир А. Арипов раҳбарлигидаги ҳукумат вакилларининг Ёшлар ижод саройида «HUMAN» хусусий бандлик агентлигидан жабрланганлар билан учрашувидан кейин вужудга келган ноқулай вазият» туфайли давлат раҳбарига мурожаат қилишга қарор қилингани таъкидланади. Бундан ташқари, унда фуқаролар бандлигини таъминлашни хусусий тадбиркорларга берилиши хорижий инвесторларда ҳам ишонч уйғотгани, ҳаттоки, улар иштирокида мамлакатда хусусий бандлик агентликлари фаолият кўрсатаётгани, Халқаро меҳнат ташкилоти сингари ташкилотлар агентликларга кўмак бераётгани айтилар экан, ХБАлар фаолиятига чек қўйилгудек бўлса, эҳтимолий салбий оқибатлари санаб ўтилган.

«Биринчидан, Ўзбекистон меҳнат бозори давлат томонидан монополияга қайтарилади. Бу, эҳтимол, ишга жойлашишга муҳтож бўлган кўпсонли фуқароларга сифатсиз ва кечиктирган ҳолда хизмат кўрсатишга, ноқонуний меҳнат миграциясига ҳамда коррупция омилларига олиб келади.

Иккинчидан, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, хорижий сармоядорлар, меҳнат ва миграция соҳасидаги мутахассисларда салбий фикрлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Бу эса, Ўзбекистоннинг халқаро иқтисодий майдондаги ишбилармонлик муҳитига таъсир кўрсатмай қолмайди.

Бундан ташқари, ХМТ Ўзбекистон фуқароларини хорижий мамлакатларда ишга жойлаштириш масалалари хусусий секторга берилгач, чет эллик ҳамкорлар билан алоқаларни ўрнатишда хусусий бандлик агентликларига ҳар томонлама кўмак кўрсатмоқда ва қўллаб-қувватламоқда. Агарда, ХБАлар фаолияти тўхтатилса, бу ҳам Ўзбекистоннинг меҳнат миграцияси соҳасида олиб бораётган сиёсатида салбий из қолдириши мумкин», - дейилади жамоавий мурожаатда.

Мавзуга доир:

Шунингдек, унда таъкидланишича, хусусий бандлик агентликлари фаолияти тўхтатилса, улар билан шартнома имзолаб, хорижда ишга жойлашиш учун рухсатномаларни кутаётган минглаб инсонларнинг норозилиги вужудга келади. Чунки, уларнинг аксарияти керакли ҳужжатларни тўплаш ва расмийлаштириш, хорижий тилни ўрганиш ва малакани аниқлаш синовлари билан боғлиқ узоқ муддатли жараёнлардан ўтишган.

Тайёрлаган:  Толиб Раҳматов

Мавзуга оид