Иқтисодиёт | 11:36 / 28.11.2025
4915
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда стейблкоин расман тўлов воситасига айланади

2026 йил 1 январдан тўлов воситаси сифатида барқарор токенлар (стейблкоинлар) айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режими жорий этилади. Режим доирасида тўлов тизими ишлаб чиқилиб, токенлаштирилган акция ва облигациялар бозори яратилади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистонда 2026 йил 1 январдан эътиборан тўлов воситаси сифатида барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режими жорий этилади.

Бу – 27 ноябр куни имзоланган “Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланди.

Қарорга кўра, махсус-ҳуқуқий режим доирасида:

  • маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси асосида фаолият юритувчи тўлов тизимини яратиш бўйича пилот лойиҳалар амалга оширилади;
  • “тартибга солиш қумдони” режимини жорий қилиш тартиби ва унинг амал қилиш муддати Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан Марказий банк билан биргаликда белгиланади.

Маълумот учун, барқарор токен (стейблкоин) – нархи қатъий белгиланган ёки муайян активга (одатда АҚШ доллари, евро ёки олтин) боғланган криптоактив тури. Оддий криптовалюталардан фарқли равишда, унинг асосий мақсади – барқарорликни сақлаш ва кескин тебранишлардан ҳимояланиш. Барқарор токенлар давлат кафолатига эга эмаслиги билан марказий банкларнинг рақамли валюталаридан фарқ қилади.

2026 йил 1 январдан:

  • Ўзбекистон резидентлари бўлган юридик шахслар томонидан токенлаштирилган акция ва облигацияларни эмиссия қилишга рухсат берилади;
  • Ўзбекистон ҳудудида биржа фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олган фонд биржаларида токенлаштирилган акция ва облигацияларни жойлаштириш ҳамда уларнинг муомалада бўлиши учун алоҳида савдо майдончаси ташкил этилади.

Ўзбекистонда тўлов воситаси сифатида стейблкоинлардан фойдаланишга рухсат берилиши мумкинлиги ҳақида сентябр ойида Марказий банк раиси Тимур Ишметов айтиб ўтганди. Унинг сўзларига кўра, бу масаладаги риск шундан иборатки, рақамли валюталар борасида кутилмалар баландроқ бўлади. “Лекин дунё тажрибаси кўрсатадики, мамлакатда тўлов тизими яхши ривожланган бўлса, қўшимча тўлов воситаларининг аҳамияти юқори бўлмайди. Биз амалиётдан келиб чиқиб қарор қабул қиламиз”, деганди регулятор раҳбари.

“Иккинчи томондан, Марказий банкнинг рақамли валютаси ҳақида ҳам ўйлашимиз керак. Бундай валюта аҳолининг кундалик ҳаётида эмас, асосан тижорат банклари ўртасидаги ҳисоб-китобларни тезлаштириш ёки бошқа марказий банклар билан транзакцияларни амалга ошириш учун ишлатилади. Кейинги босқичларда барча вариантларни ўрганиб, тест қилиб кўриш ниятидамиз. Буни қаттиқ назорат асосида, рискларни ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш зарур. Чунки бу монетар сиёсатга жиддий таъсир кўрсатади”, – дея қайд этганди Тимур Ишметов.

10 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев финтех соҳасини ривожлантириш бўйича таклифлар билан танишган, йиғилишда стейблкоинлардан ҳисоб-китоблар учун тўлов воситаси сифатида фойдаланишни синовдан ўтказиш, шунингдек, капитал бозорида қимматли қоғозларни токенлаштиришга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишга қарор қилинган эди.

27 ноябр кунги қарор билан, шунингдек, “очиқ банкинг” тизими ҳам жорий этилиши белгиланди.

Аввалроқ Марказий банк Kun.uz сўровига жавобан ​сўмнинг рамзини яратиш бўйича бошланган иш тўхтаб қолганини тасдиқлаган, бу масала кун тартибида йўқлигини маълум қилганди.

Мавзуга оид