Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда тўлов воситаси сифатида стейблкоинлардан фойдаланишга рухсат берилиши мумкин
Марказий банк раиси Тимур Ишметов рақамли валюталар борасида ўрганишлар олиб борилаётганини – Марказий банкнинг рақамли валютасини чиқариш ёки тижорат банкларига рақамли валюта чиқаришга рухсат бериш масаласи кўриб чиқилаётганини маълум қилди. “Лекин бу қаттиқ назорат остида амалга оширилиши керак, чунки у монетар сиёсатга жиддий таъсир кўрсатади”, - деди Ишметов.
Марказий банк раиси 11 сентябр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистларнинг Ўзбекистонда тўловларни амалга оширишда стейблкоинлардан фойдаланиш имконияти борасидаги саволига жавоб берди.
Стейблкоин (stablecoin) — нархи қатъий белгиланган ёки муайян активга (одатда АҚШ доллари, евро ёки олтин) боғланган криптовалюта тури. Оддий криптовалюталардан фарқли равишда, унинг асосий мақсади — барқарорликни сақлаш ва кескин тебранишлардан ҳимояланиш.
“Умуман, рақамли валюта мавзусида изланишлар олиб боряпмиз. Рақамли валюта икки турга бўлинади: Марказий банк рақамли валютаси ёки тижорат банклари рақамли валютаси (агар банк пул билан таъминланган бўлса, рақамли валюта чиқаришига рухсат берилади). Биз ҳозирда иккала вариантни ҳам кўриб чиқяпмиз. Кеча Финтех соҳасини ривожлантириш бўйича давлат раҳбарига берган ҳисоботимизда ҳам ушбу масалани пилот лойиҳа сифатида бошлашни таклиф этдик”, - деди МБ раиси.
Тимур Ишметовнинг таъкидлашичга, стейблкоин борасида дунё турлича йўналишда кетмоқда. Масалан, АҚШ қонун қабул қилди: бунда Марказий банк эмас, тижорат банклари рақамли валюта чиқариши белгилаб қўйилган.
“Бунинг ўзига яраша рисклари мавжуд. У пул билан таъминланган бўлиши, пул захираланганини кафолатлаши керак. Акс ҳолда, бу қўшимча пул эмиссиясига тенг бўлиб қолади. Шунинг учун Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги билан биргаликда технологик “қумдон” асосида тест қилиб кўрмоқчимиз. Тест натижаларига кўра, аҳолида бунга талаб борми-йўқми, кўрамиз”, - деди у.
Регулятор раисининг таъкидлашича, бу масаладаги риск шундан иборатки, рақамли валюталар борасида кутилмалар баландроқ бўлади.
“Лекин дунё тажрибаси кўрсатадики, мамлакатда тўлов тизими яхши ривожланган бўлса, қўшимча тўлов воситаларининг аҳамияти юқори бўлмайди. Биз амалиётдан келиб чиқиб қарор қабул қиламиз.
Иккинчи томондан, Марказий банкнинг рақамли валютаси ҳақида ҳам ўйлашимиз керак. Бундай валюта аҳолининг кундалик ҳаётида эмас, асосан тижорат банклари ўртасидаги ҳисоб-китобларни тезлаштириш ёки бошқа марказий банклар билан транзакцияларни амалга ошириш учун ишлатилади. Кейинги босқичларда барча вариантларни ўрганиб, тест қилиб кўриш ниятидамиз. Буни қаттиқ назорат асосида, рискларни ҳисобга олган ҳолда амалга ошириш зарур. Чунки бу монетар сиёсатга жиддий таъсир кўрсатади”, — деди Марказий банк раиси.
Стейблкоинлар борасида президентга тақдимот қилинган
10 сентябр куни Шавкат Мирзиёев молиявий технологиялар соҳасини ривожлантириш бўйича таклифлар билан танишди.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) директорининг биринчи ўринбосари Вячеслав Пак Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервюсида президент ҳисоб-китобларда стейблкоинларни қўллаш ва қимматли қоғозларни токенлаштиришни синовдан ўтказиш бўйича топшириқ берганини маълум қилди.
“Истиқболли лойиҳалар миллий агентлигимизга Марказий банк билан биргаликда стейблкоинлардан ҳисоб-китоблар учун тўлов воситаси сифатида фойдаланишни синовдан ўтказиш, шунингдек, капитал бозорида қимматли қоғозларни токенлаштиришга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш топширилди”, — деди ИЛМА раҳбарининг биринчи ўринбосари.
Вячеслав Пак ИЛМА, Марказий банк ва бошқа манфаатдор вазирликлар давлат раҳбарининг топшириқларини бажариш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишини таъкидлади.
Мавзуга оид
22:15 / 04.12.2025
BRICS ягона валютасини жорий этишга шошилишдан маъно йўқ – Путин
19:19 / 04.12.2025
Ўзбекистон октябрда олтиннинг энг йирик харидорларидан бири бўлди
16:32 / 28.11.2025
Фуқароларга ўз маошини оладиган банкни танлаш ҳуқуқи берилади
16:13 / 28.11.2025