Ўзбекистон | 22:19 / 08.05.2026
3592
4 дақиқада ўқилади

Хотира ва қадрлаш куни тадбирлари, жарима баллари чегарадан ошган ҳайдовчилар – маҳаллий дайжест

Тошкентда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган расмий тадбирлар ўтказилди. Президент Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Жарима баллари 12 га етган ҳайдовчилар сони кескин кўпая бошлади. Йирик технологик компанияларнинг Ўзбекистонда тўлаётган солиқлари миқдори ошди. Фарғонада онасини ўлдирган эркак 18 йилга қамалди.

Президент Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди

Шавкат Мирзиёев 8 май куни Тошкентдаги «Ғалаба боғи»га ташриф буюриб, Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ташкил этилган маросимда иштирок этди.

Давлат раҳбари анъанага мувофиқ «Матонат мадҳияси» ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. Тадбирда Ўзбекистон Қуролли Кучлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари ва кексалар ҳам қатнашди.

Шавкат Мирзиёев «Миллат фидойилари» хиёбонида ҳам бўлиб, мустақиллик йилларида мамлакат ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Шундан сўнг, Қуролли Кучлар Бош ҳарбий клиник госпиталига бориб, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳолидан хабар олди.

Жарима баллари 12 га етган ҳайдовчилар сони кескин кўпая бошлади

8 май ҳолатига жарима баллари 12 га тенглашган ҳайдовчилар сони 49 нафарга етди. Энг кўп ҳолат Тошкент шаҳрида кузатилган: 29 нафар. Кейинги ўринларни 8 та ҳолат билан Фарғона ва 3 та ҳолат билан Бухоро вилояти эгаллаган. Шунингдек, Тошкент ва Андижон вилоятларида 2 тадан, Қорақалпоғистон республикаси ҳамда Самарқанд, Наманган, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида 1 тадан ҳолат қайд этилган. Фақат 4 та ҳудуд – Навоий, Қашқадарё, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида ҳозирча жарима баллари 12 га етган ҳайдовчи йўқ.

Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 34-1-моддасига кўра, бир йил ичида жарима баллари 12 га етган ҳайдовчилар камида 6 ой муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинади.

Apple, Google, Meta ва бошқаларнинг Ўзбекистонда тўлаётган солиқлари миқдори ошди

Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 89 та хорижий компания 2026 йил I чорагида 65,7 млрд сўм солиқ тўлади. Солиқ қўмитаси маълумотларига кўра, бу 2025 йилга (36,2 млрд сўм) нисбатан 81 фоизга кўп. Хизматлар қиймати ҳам ошди. 2025 йилнинг уч ойида бу 306,6 млрд сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йилнинг шу даврида 552 млрд сўмни ташкил этди.

Apple энг кўп солиқ тўлаган компания бўлди — 16,1 млрд сўм. Кейинги ўринда Google — 14,9 млрд сўм, Meta — 13,9 млрд сўм.

Фарғонада онасини ўлдирган эркак 18 йилга қамалди

Фарғона вилояти Данғара туманида онасини шафқатсизлик билан ўлдирган 29 ёшли эркакка суд ҳукми ўқилди. Қайд этилишича, ҳодиса содир бўлган куни она ва ўғил ўртасида пул сабаб жанжал келиб чиққан. Тортишув вақтида айбланувчи қўлидаги болта билан онасининг бошига бир неча бор уриб, оғир тан жароҳати етказган.

Таъкидланишича, шундан кейин эркак аёлнинг бош қисмини танасидан узиб олган. Сўнг жасаднинг танасини томорқанинг бир четига, бошини эса ҳожатхона орқасига кўмган. Эркак ҳодиса жойидан қочиб кетган. Данғара туман суди ҳукмига кўра, йигит Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “ж” банди билан айбдор деб топилиб, 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид