Рақобат қўмитаси пешлавҳаларга оид янги тартиб лойиҳасини эълон қилди. Навоийда 13 нафар болани ташиётган Matiz ҳалокатга учради. Соғлиқни сақлаш тизими раҳбариятида ёппасига ўзгариш юз берди. Давлат чегарасидаги ноқонуний туннел учун жиноий жавобгарлик жорий этиладиган бўлди.
Соғлиқни сақлаш тизими раҳбариятида ёппасига ўзгариш юз берди
Президент Администрациясида ишлаган Элдор Одилов соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланди. 2024 йил январидан буён вазирликни бошқариб келган Асилбек Худоёров лавозимини тарк этди.
Шу билан бирга вазир ўринбосарлари ҳам бир кунда ишдан олиниб, ўрнига янгилари тайинланди. Жумладан, Алишер Бобоев, Элмира Боситхонова ва Фарҳоджон Тошпўлатов лавозимини тарк этди. Отабек Имомов вазирнинг биринчи ўринбосари бўлди, Жалолиддин Асамутдинов, Адхам Худайкулов, Шерзод Муҳамедов ва Илҳомжон Умурзақов ҳам ўринбосарликка тайинланди. Ёппасига ўзгаришлар сабаби ҳақида ҳозирча маълумот берилмади.
Рақобат қўмитаси пешлавҳаларга оид янги тартиб лойиҳасини эълон қилди
Рақобат қўмитаси ташқи ахборот воситаларини, хусусан пешлавҳаларга оид тартибни назарда тутувчи «Ташқи ёзувларни тартибга солиш тўғрисида»ги низом лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига қўйди. Ҳужжат билан амалиётда турли келишмовчиликни келтириб чиқараётган ва қонунчиликдаги бўшлиқ ҳисобланган айрим жараёнларга ва тушунчаларга аниқлик киритилмоқда.
Шунингдек, ҳужжатда пешлавҳа – савдо, умумий овқатланиш ва маиший хизмат кўрсатиш объектларида фаолияти таснифи (ташкилот номи, ихтисослашуви) тўғрисидаги маълумот ҳисобланиб (мисол учун: дорихона, сартарошхона, АЁҚШ, миллий таомлар, супермаркет, шифохона, озиқ-овқат, қурилиш ва хўжалик моллари дўкони), ташқи реклама объекти эмаслиги ва реклама жойининг паспортини олиш шарт эмаслиги белгиланган. Лойиҳа муҳокамаси 10 майга қадар давом этади.
Навоийда 13 нафар болани ташиётган Matiz ҳалокатга учради






