Иқтисодиёт | 15:24 / 12.03.2026
2035
2 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» Хитой компанияси билан 30 та қудуқни бурғилаш бўйича шартнома имзолади

«Ўзбекнефтгаз» Хитойнинг «XIBU» компанияси билан 2026−2027 йилларда Ўзбекистонда 30 та қудуқ бурғилаш бўйича шартнома имзолади. Лойиҳа доирасида 450 тонналик юк кўтариш қувватига эга 10 та бурғилаш дастгоҳини Ўзбекистонга келтириш кўзда тутилган.

Фото: Ўзбекнефтгаз

«Ўзбекнефтгаз» ва Хитойнинг «CNPC» миллий корпорацияси таркибига кирувчи «XIBU» компанияси ўртасида 2026–2027 йилларда 30 та қудуқни бурғилаш бўйича биринчи босқич шартнома имзоланди. Бунда 450 тонналик юк кўтариш қувватига эга 10 та бурғилаш дастгоҳини Ўзбекистонга келтириш кўзда тутилган, дея хабар берди компания матбуот хизмати.

«Ўзбекнефтгаз» маълумотига кўра, янги қудуқлар табиий газ захиралари истиқболли деб топилган майдонларда бурғиланади. Уларнинг чуқурлиги 5500−6000 метрдан ортиқ бўлиши кутилмоқда. Шунингдек, айрим қудуқларда 1000 атмосферагача бўлган юқори босим ва 200 даражагача ҳарорат кузатилгани қайд этилган. 

«Мазкур лойиҳа мураккаб геологик шароитда бурғилаш жараёнлари хавфсизлигини таъминлаш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ва геология-қидирув ишларини кенгайтириш, газ захираларини кўпайтириш ҳамда мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги стратегик вазифаларни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади», дейилади компания хабарида.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид