Ўзбекистон | 08:25 / 18.08.2024
17100
13 дақиқада ўқилади

Рад этилган резонансли қонун, ЙҲХБнинг маслаҳати ва қамоқдаги собиқ вазирлар — ҳафта дайжести

1 сентябрдан пенсия ва нафақалар, 1 октябрдан эса ойликлар ошадиган бўлди. Орган ходимларининг фото-видеоларини интернетда тарқатмаслик ҳақидаги қонун қайтарилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ID карта билан чегарадан ўтишни муҳокама қилмоқда. Собиқ вазирлардан бири 7 йилга қамалди, яна бир собиқ вазир устидан тергов якунланди. Ортда қолган ҳафтанинг шу ва бошқа хабарлари – Kun.uz дайжестида.

Сенат ИИВнинг кўплаб танқидларга сабаб бўлган резонансли таклифини рад этди

Очиқлик сиёсатига қарши “no photo, no video” қонунини ўтказиш бўйича Ички ишлар вазирлигининг иккинчи уриниши ҳам, хайриятки, самарасиз бўлди. 8 ой олдин Қонунчилик палатаси қабул қилган қонунни Сенат ниҳоят 16 август куни кўриб чиқиб, бир овоздан рад этди. Эндиликда парламент палаталарининг келишув комиссияси тузилиб, қонун “такомиллаштирилади”.

Ўтган йили тўсатдан пайдо бўлиб, Қонунчилик палатасида бирданига учта ўқишдан ўтиб кетган қонун катта резонансга сабаб бўлганди. Аслида ҳужжатдаги аксарият нормалар йўл-транспорт ҳодисаларини камайтириш, хусусан ҳайдовчилар учун жарима баллари тизимини жорий этишга қаратилган, лекин Ички ишлар вазирлиги жамоатчилик узоқ вақтдан бери кутаётган прогрессив ўзгаришлар қаторига очиқлик сиёсатини бўғадиган тақиқни ҳам қўшиб юборган эди.

Бу тақиққа биноан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари фаолиятига оид фото ёки видеотасвирларни уларни “обрўсизлантириш мақсадида” тарқатиш мумкин эмас, бундай қилганлар ё 17 млн сўм жаримага тортилади, ёки 15 суткага қамалади. Айни пайтда ҳужжатни “такомиллаштирмоқчи” бўлаётган Сенатнинг бу борадаги позицияси мавҳумроқ бўлиб турибди. Фаолларнинг фикри эса аниқ: бу модда қонундан чиқариб ташланиши керак. Йўлларда хавфсизликни оширадиган меъёрларни қабул қилишни эса ортиқ пайсалга солмаслик зарур.

Қозоғистон билан ID карталарни ўзаро тан олиш муҳокама қилинмоқда

Ўтган ҳафта Марказий Осиё етакчиларининг Остонада бўлиб ўтган маслаҳат учрашувида Шавкат Мирзиёев минтақа давлатларини миллий ID карталарни ўзаро тан олишга чақирган эди. Маълум бўлишича, ҳозирда Ўзбекистон ва Қозоғистон расмийлари икки давлат фуқароларининг ўзаро чегарадан ID карта орқали ўтиши масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов маслаҳат учрашувидан кейин эълон қилган мақоласида айтиб ўтган.

Таъкидлаш керак, 2023 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари ID карта билан ўзаро чегарани кесиб ўтиши тартиби амал қила бошлаган. Эндиликда худди шундай тартибни Қозоғистон билан ҳам йўлга қўйиш масаласи кўриб чиқиляпти. Бунинг қулайлиги шундаки, фуқаролар қўшни давлатга бориш учун хорижга чиқиш паспортини олиши шарт бўлмайди, кириш ва чиқиш вақтида паспортга муҳрлар босилмагани учун саҳифалар тўлиб қолиши муаммоси ҳам бўлмайди.

Абдулазиз Комиловнинг ёзишича, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг барча мамлакатлари билан умумий чегарага эга давлат сифатида, минтақа келажаги учун алоҳида масъулиятни ўз зиммасига олган. Мамлакат тараққиётининг деярли барча ҳаётий муҳим масалалари чегарадош давлатлар билан яхши қўшничилик ва олдиндан тахмин қилиш мумкин бўлган муносабатларга боғлиқ, дея қайд этган президентнинг махсус вакили.

Асака туман ҳокимлиги ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатини “ижтимоий фойдали меҳнат” деб атади

Янги ўқув йили бошланиши арафасида ўқитувчиларни яна мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатлари кўпайди. Минг марта бонг урилгани, кетма-кет қонун-у қарорлар қабул қилинганига қарамай давом этаётган бундай қонунбузарликлардан бири, афсуски, бахтсиз ҳодисага олиб келди.

Kun.uz манбасига кўра, Андижоннинг Асака туманидаги 37-мактабда ўқитувчилар қурилиш ишларига жалб қилинган. Аёл педагоглар оғир ишларни бажарган, аравада қурилиш чиқиндиларини ташиган. Шу аснода ўқитувчилардан бири йиқилиб, қўлини синдириб олган. Бу ҳам етмаганидек, вазиятга туман ҳокимлигининг шармандали изоҳи ҳаммасидан ўтиб тушди. Ҳокимлик Kun.uz'га берган изоҳида ҳолатни “ижтимоий фойдали меҳнат” деб атади.

Хайриятки, ҳамма ҳам Асака тумани раҳбарларига ўхшаб фикрламайди. Давлат меҳнат инспекцияси ҳолатни текшириб, 30 га яқин ўқитувчи мактаб директори томонидан мажбурий меҳнатга жалб қилинганини тасдиқлади. Маълум бўлишича, педагоглар дарс соатлари қисқариб кетишидан қўрққани учун директорнинг ноқонуний буйруғини бажаришга мажбур бўлган. Бунинг учун директор 34 млн сўм жаримага тортилди.

Шунга ўхшаш воқеа Наманганда ҳам рўй берди. Поп туманидаги 43-мактаб директори ўқитувчиларларни мактаб ҳудудини тозалашга, ўт-ўлан, беда ва ажриқларни юлишга мажбурлаган. Ўт юлишни хоҳламаган педагоглардан 500 минг сўм пул талаб қилингани айтилмоқда. Меҳнат инспекцияси ўрганиш ўтказиб, директорни 17 млн сўм жаримага тортди.

Пойтахт ЙҲХБдан пиёдаларга тавсия

Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси пиёдаларга ажабтовур мурожаат билан чиқди. Бошқарма аҳолини пиёдалар йўлагидан ўтишдан олдин қўлини баланд кўтариб, ҳайдовчиларга ишора беришга чақирмоқда.

“Эндиликда, тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётганда – пиёдалардан ўнг ёки чап қўлларини баланд-баланд кўтаришлари, автомашиналар тўхтаганидан кейин йўлдан ўтишларини тавсия қиламиз”, дейилади ЙҲХБ тарқатган видеода.

Масъулларнинг бу чақириғи ижтимоий тармоқларда истеҳзо билан кутиб олинди, чунки бунақа усуллар йўлларни хавфсизроқ қилишга ёрдам бермайди. Пиёдалар ўтиш жойи хавфсиз бўлиши учун энг элементар талаб – агар йўлнинг кенглиги катта бўлса, шунчаки светофор ўрнатиш керак. ЙҲХБ эълон қилган видеода ҳам йўлнинг бир томонидаги қаторлар сони 5 та эканини кўриш мумкин. Шаҳарнинг аҳоли гавжум нуқтасида жойлашган, қатнов қисми 10 қатордан иборат йўлда қандай қилиб светофор бўлмаслиги мумкин?

Соҳа расмийлари қилиниши керак бўлган кўпдан кўп амалий чоралар турганда, бунақа тавсиялар бериши биринчи марта эмас. Ўтган йили ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати пиёдаларга қоронғи вақтда сариқ жилет кийиб юришни тавсия қилган эди. Хоразм вилояти йўл ҳаракати бошқармаси эса болаларга йўлдан ўтишдан олдин қўлини кўтаришни, ўтиб бўлгандан кейин эса ҳайдовчиларга қарата эгилиб раҳмат айтишни маслаҳат берганди.

GTL заводи дизел ишлаб чиқара бошлаганидан кейин дизел импорти 7 баробарга ошди

Божхона қўмитаси энг кўп импорт қилинадиган маҳсулотлар ҳақидаги статистик маълумотларни тақдим эта бошлади. Очиқланган маълумотларга қараганда, Ўзбекистонга нефт маҳсулотлари импорти катта суръатларда ошишда давом этмоқда. 2024 йилнинг январ-июл ойларида бензин импорти 1,5 баробардан кўпроққа, мазут импорти эса 2 баробарга ошган.

“Суюқ ёқилғилар” гуруҳига киритилган маҳсулотлар импортида эса аномал юқори ўсиш кузатилган. Ўтган йилнинг январ-июл ойларида 2 минг тоннага яқин суюқ ёқилғи олиб кирилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 19 минг тоннадан ошиб кетган. Яъни бу турдаги маҳсулотлар импорти бу йил салкам 10 баробарга ошган.

Яна бир эътиборга молик жиҳат дизел импорти билан боғлиқ. Маълум бўлишича, GTL заводи дизел ишлаб чиқара бошлаганидан кейин дизел импорти камайиш ўрнига, нақ 7 бараварга ошиб кетган. Завод 2022 йил июнида дизел ишлаб чиқаришни бошлаганига қарамай, бу маҳсулот импорти 2024 йилнинг дастлабки 7 ойида 207 минг тоннага етган, бу – икки йил олдинги кўрсаткичдан 7,3 баробарга кўп. Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan GTL заводини қуришдан мақсад айнан дизел ва бошқа маҳсулотлар импорти ўрнини босиш эди. Расмий маълумотларга кўра, завод қурилишига салкам 3,5 млрд доллар сарфланган.

Олимпиадачилар тақдирланди, паралимпиячилар кузатиб қўйилди

Париж олимпиадасида тарихий натижа қайд этган Ўзбекистон делегацияси душанба куни тантанали тарзда кутиб олинди. Сенат раиси ва бош вазир иштирокида ўтган тадбирда олимпиада чемпионларига 200 минг доллардан пул мукофоти, биттадан Tahoe автомобили ва 2 қаватли коттежлар президент совғаси сифатида тақдим этилди. Кумуш ва бронза медаллари соҳибларига эса 100 минг ва 50 минг долларлик пул мукофотлари, квартиралар ва BYD Song Plus электромобиллари топширилди.

Gazeta.uz'даги ҳамкасбларимизнинг ҳисоб-китобларига кўра, олимпиадага тайёргарлик кўриш харажатлари учун охирги 3 йилда Ўзбекистон бюджетидан тахминан 50 млн доллар ажратилган. Совриндорларни мукофотлаш харажатларининг бир қисмини ҳам қўшиб ҳисоблаганда, олимпиададаги ҳар бир медал Ўзбекистон бюджетига ўртача 4,1 млн долларга тушган. Журналистларнинг бундай ҳисоб-китобларига интернетда бўлаётган муҳокамалар туртки берган бўлса ажаб эмас. Бу муҳокамаларда айримлар солиқ тўловчи сифатида спортчиларга берилган пулларга розилигини айтаётган бўлса, яна айримлар турли саволларни ўртага ташламоқда.

Чемпионлар кутиб олинган куннинг эртасига, бош вазир Абдулла Арипов иштирокида Ўзбекистон делегациясини паралимпиадага кузатиш маросими бўлиб ўтди. 28 августдан 8 сентябргача давом этадиган паралимпия ўйинларига Ўзбекистон ҳар қачонгидан кўпроқ – 113 та лицензияни қўлга киритган. Ўзбекистонлик 65 нафар пара атлет 9 та спорт тури бўйича мусобақаларда қатнашади. Паралимпиада арафасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева Миллий паралимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сайланди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида президент фармони эълон қилинди. Унга кўра, 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар 15 фоизга оширилади, стипендиялар миқдори ўзгаришсиз қолади. 1 октябрдан эътиборан эса бюджет ташкилотлари ходимларининг маоши 10 фоизга, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларининг маоши 15 фоизга кўтарилади. 1 октябрдан эътиборан базавий ҳисоблаш миқдори ҳам 10 фоизга ошиб, 375 минг сўмни ташкил этади.

Москвага ишлаш учун борган 40 нафар ўзбекистонлик чегарадан ўтказилмади. Улар Шереметово аэропортида қолиб кетган. Аэропортда 5 кеча тунаганидан кейин ватанга қайтарилган ҳамюртларимиздан бирининг Kun.uz билан суҳбатда айтишича, россиялик масъуллар уни урушга жалб қилмоқчи бўлган, бунинг учун ойига 200 минг рубл тўлашни ваъда қилишган. Ҳамюртимиз рози бўлмаганидан кейин, сўроққа тутилиб, депортация қилинган. Шереметовода ҳамон бир гуруҳ ўзбекистонликлар қолаётгани айтилмоқда. Маълумот учун, Россия президенти Владимир Путин ўтган ҳафта имзолаган қонун билан, ички ишлар органларига чет элликларни суд қарорисиз депортация қилиш ҳуқуқи берилганди.

Маданият вазири Озодбек Назарбеков “Овоз” лойиҳасига ажратилган пуллар ҳақидаги “маломатлар”га жавоб қайтарди. У “Овоз” лойиҳаси Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижи учун кераклигини қайта-қайта такрорлаб, бу борадаги танқидлардан хуноб бўлганини билдирди. “Бутун дунёда – 76 та давлатда энг топ мусиқий шоу мана шу бўла туриб, агар шу 2 миллиард пулга маломат қилаверсанглар, уйимни сотиб бўлса ҳам бераман охири шу пулни. Шу катта лойиҳа Ўзбекистоннинг нуфузига хизмат қиладими ёки йўқми? Келинглар, олдин шу ҳақда гаплашайлик”, деди Назарбеков.

Ўзбекистоннинг собиқ вазирларидан бири коррупционер деб топилди. 2017-2021 йилларда уй-жой коммунал хўжалиги вазири, 2021-2023 йилларда Нурафшон шаҳар ҳокими лавозимларида ишлаган Музаффар Солиев 7 йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд ҳукмига кўра, у 5 млн доллардан ортиқ маблағни талон-торож қилган. Шу ҳафта маълум бўлишича, 5 сентябр куни яна бир собиқ вазир Азиз Воитов устидан суд жараёни бошланади. Воитов 2022-2023 йилларда Қишлоқ хўжалиги вазирлигини бошқарган, ўтган йили декабрда коррупция айблови билан қамоққа олинган эди.

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов бошчилигидаги делегация Кобулга ташриф буюрди. Бу билан Ўзбекистон ҳукумати раҳбари “Толибон” қўл остидаги Афғонистонга борган энг юқори лавозимли сиёсатчилардан бирига айланди. Арипов Кобулда Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмасини очиб берган, Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар билан музокара ўтказган. Томонлар ўзаро савдо айланмасини шу йил 1 млрд долларга, яқин истиқболда эса 3 млрд долларга етказиш учун ҳамма имкониятлар борлигини таъкидлашган. Икки мамлакат пойтахтида савдо палаталарини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Олий Мажлис Сенати “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Унга кўра, зўравонликка учраган болаларга ҳимоя ордери берилади, бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам кўрсатилади. Зўравонликдан жабрланувчи ва зўравонлик хавфи остидаги болалар ҳисоби юритилади. Сенат, шунингдек, фарзандини ноқонуний диний таълимга жалб этган ота-оналарни жавобгарликка тортиш ҳақидаги қонунни ҳам маъқуллади.

Мавзуга оид