«Остонада якунланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашуви минтақадаги барча мамлакатларнинг сўнгги олти йилдаги навбатма-навбат раислиги якунларини рамзий тарзда сарҳисоб қилди ва ушбу ноёб форматдаги давлатлараро ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди», — дейди Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ташқи сиёсатига бағишланган мақоласида.
Қўшнилар илк марта минтақавий кооперацияни ривожлантиришга доир ягона қараш – «Марказий Осиё – 2040» концепциясини келишиб олди. Комиловга кўра, бу ҳужжат ўзаро ҳамкорликнинг барча асосий соҳаларини қамраб олган, истиқболга мўлжалланган аниқ амалий режаларни, уларни амалга ошириш шакллари ва механизмларини белгилаб берди.
2018 йилда Остона шаҳрида ўтказилган биринчи учрашувдан буён ўтган даврда Марказий Осиё мамлакатлари анча катта йўлни босиб ўтди. Булар қаторида Марказий Осиёнинг замонавий қиёфасини ўзгартириб, минтақани тинчлик ва ҳамжиҳатлик, дўстлик ва яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик маконига айлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни эслаш ўринлидир.
«Бундан бор-йўғи етти йил олдин чегараларимиз деярли тўлиқ ёпилган эди. Биз чегара ҳудудларидаги можаролар ва миналанган далаларга, транспорт блокадаларига, савдо соҳасида баланд тўсиқлар ўрнатилганига гувоҳ эдик.
Сув ресурсларидан, яйловлар ва сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш масалалари бўйича тинимсиз тортишувларнинг очиқ қарама-қаршиликка айланиб кетиш хавфи бор эди.
Минтақадаги баъзи кучлар ишончсизлик руҳини авж олдириш ва умумий тарихий меросимиздан ўз манфаатлари учун фойдаланиш орқали мухолифлик ва рақобатни келтириб чиқарарди. Тарқоқлигимиз бизни заифлаштирар, бирлашиш истиқболларидан маҳрум этар, минтақа салоҳиятини муштарак манфаатлар йўлида рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилар эди.
Буларнинг барчаси асрлар давомида ёнма-ён, тинч-тотув яшаб келган, бир динга эътиқод қилган, умумий урф-одат ва анъаналарга эга бўлган, минглаб кўринмас ришталар билан боғланган Марказий Осиё халқларининг маданий-цивилизациявий қадриятларига мутлақо зид эди.
Қолаверса, глобал ишонч инқирозининг чуқурлашуви ва қуролли можароларнинг кескинлашуви минтақанинг барқарорлиги ва изчил ривожланишига салбий таъсир кўрсата бошлади. Шу муносабат билан Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ва халқлари каби Ўзбекистоннинг ҳам фаровонлиги ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги умумий саъй-ҳаракатларга, минтақада хавфсизлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш манфаатларини биргаликда илгари суришга тайёрлигига боғлиқ, деган тушунча тобора мустаҳкамланди.
















