Ўзбекистон | 17:45 / 15.08.2024
1997
4 дақиқада ўқилади

Сенат болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади

Қонун билан болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш, зўравонликка учраган болаларга ҳимоя ордери бериш ва бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдамлар кўрсатиш белгиланмоқда.

Фото: Getty Images

Сенатнинг 55-ялпи мажлисида “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун тасдиқланди. Қонун болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиши кутилмоқда.

Хусусан, зўравонлик туфайли жабрланган шахс ариза билан тегишли ваколатли органларга ёки судга мурожаат этиши, махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали бепул ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиши мумкинлиги белгиланяпти.

Қайд этилишича, ҳужжат билан илк бор янги институт очилиб, зўравонликдан жабрланган болаларга ҳимоя ордери бериш тартиби йўлга қўйилади. Бу ҳимоя ордери ички ишлар органлари томонидан ўттиз кун муддатгача берилиши ва ваколатли давлат органи иштирокида жабрланувчига топширилиши айтилган.

Агар таҳдид ҳали бартараф этилмаган бўлса, ҳимоя ордерининг амал қилиш муддати зўравонликдан жабрланувчининг ёки унинг қонуний вакили аризасига кўра, жиноят ишлари бўйича суд томонидан бир йилгача узайтирилиши мумкин.

Қонунда жабрланувчига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсациясини талаб қилиш ҳуқуқи акс эттирилмоқда.

Шунингдек, ҳужжатда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, мазкур йўналишда фаолиятини бевосита амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар ҳамда уларнинг ваколатлари аниқ кўрсатиб ўтилади.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига зўравонликдан жабрланувчи, шунингдек, ўзларига нисбатан зўравонлик содир этиш хавфи остида бўлган болаларни аниқлаш, уларнинг ҳисобини юритиш ҳамда зарур ҳолларда уларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга доир якка тартибдаги чора-тадбирлар қўлланишини таъминлаш бўйича вазифалар юклатилади.

Қолаверса, ота-оналар масъулияти яна бир карра оширилади. яъни улар болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиши, уларга ғамхўрлик кўрсатиши ҳамда зарарли таъсир кўрсатувчи ахборотдан ҳимоя қилиши шартлиги, болаларни тарбиялашда уларни жисмоний жазолаш тақиқланиши назарда тутилмоқда.

Сенаторларга кўра, сўнгги йилларда болаларга нисбатан содир этилаётган зўравонликлар сони ошиб бормоқда. Мавжуд ҳуқуқий механизмлар унинг олдини олиш ҳамда жабрланувчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда етарли самара бермаяпти.

“Мана шу охирги уч йилда икки минг нафардан зиёд шахс ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилингани ҳам жамиятимизга мутлақо ярашмайдиган ҳолат. Болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлинаётгани ҳақида жамоатчилик фаоллари ҳам ўз муносабатини билдиряпти. Шунинг учун мана шу масала қонуний жазо чораларини кучайтириш, асос яратишга эҳтиёж борлигидан, бу қонун билан тартибга солиниши кераклигидан далолат беряпти.

Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ушбу масалада ташаббус билан чиққан, биз мана шу агентликка миннатдорлик билдирамиз. Чунки айнан уларнинг ташаббуси билан ушбу қонун Қонунчилик палатасига киритилди. Мазкур қонун болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича яхлит, мустаҳкам ва ишончли тизим яратилишига хизмат қилади”, – дейди Сенат раиси Танзила Норбоева.

Мавзуга оид