Иқтисодиёт | 22:24 / 02.08.2025
13658
12 дақиқада ўқилади

АИ-80 нархи, ундан воз кечиш ва присадкали АИ-92 — Рақобат қўмитаси изоҳлари

АИ-80 бензинига биржадаги спред талаби бекор қилингач, нарх 1,5 ойда 16 фоизга ошиб кетди. Ёқилғининг бу туридан воз кечиш присадкали 92 га ўтиш билан амалга оширилиши эҳтимоли сифат борасида саволлар уйғотмоқда. Бу борада Рақобат қўмитаси қандай позицияда? Kun.uz студиясида қўмита бошқарма бошлиғи Улуғбек Давлетов ва иқтисодчи Отабек Бакиров иштирокида қизғин суҳбат бўлиб ўтди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Kun.uz студиясида Рақобат қўмитаси вакиллари ҳамда иқтисодчи Отабек Бакиров иштирокида истеъмолчи ҳуқуқларига доир муҳим масалалар жонли эфирда муҳокама қилинди. Мавзулардан бири – АИ-80 бензини нархи бўлди.

Ўтган йили ноябрда Рақобат қўмитаси томонидан биржада АИ-80 бензинига бошланғич нархдан 5 фоизлик спред киритилган эди. Бу чеклов 10 июндан бошлаб бекор қилингач, биржа савдоларида бу маҳсулот нархи кескин оша бошлади. Хусусан, 31 июл кунги савдоларда ўртача нарх 10 млн 937 минг сўмгача чиқди. Бу – спред амал қилган сўнгги кун 9 июндаги ўртача нарх (9 млн 459 минг сўм)дан 15,6 фоизга юқори.

“Спред амал қилган вақтда яширин иқтисодиёт кучайган”

Рақобат қўмитаси бошқарма бошлиғи Улуғбек Давлетов бу қимматлашишга изоҳ бераркан, биржадаги ошишга қарамай, чакана нархларда ўзгариш бўлмаётганини айтди. Спреднинг олиб ташланишини эса у яширин иқтисодиётни келтириб чиқараётгани билан изоҳлади.

“Биржада 15 фоизга ошгани билан, чакана нарх ўзгармаяпти. Спред нархни олиб ташлашимизнинг асосий сабаби, 80 бензинга мавсумий тебраниш бор. Қиш келиб, метан заправкаларда тақчиллик бошланиб, ёпилишидан кейин 80 га талаб ошади. Ҳамма 80 га ўтиб кетганидан кейин 80 нинг нархи ҳам ошишни бошлар эди. Шу талабни қондириш учун қўшимча имкониятлардан фойдаланиб, қўшимча ҳажмларни биржага қўйдирар эдик. Ёз келиши билан, қишда ишлатиб қўйган ҳажмларимизни, баъзи бир жойлардаги имкониятларимизни жойига қўямиз. Динамикани кузатган бўлсангиз, ҳар йили қишда нарх тебраниши пайдо бўлади, ёзга келган пайт 80 нархи ўзгаришсиз туради.

Бундан олдин ҳам ҳар йили спред қўйиб келганмиз. Апрел, майга келганда спредни олиб ташлар эдик. Ҳеч қанақа [чакана] нархга таъсири бўлмас эди. Бу йил июн ойида олиб ташлаган бўлсак, ҳозиргача биржада 15 фоизгача нарх ўсиши бўляпти, лекин чакана нархда ўсиш кузатилмаяпти.

Бунинг асосий сабаби битта. Хабарингиз борми-йўқми, заправкаларда ўзининг харажати бор, шу сабаб агар 80 бензиннинг нархи ҳаддан ташқари ошиб кетса, уни сотолмай қолади. Биз 5 фоиз спред қўйган пайтимиз, яширадиган маълумот эмас, ҳар хил яширин иқтисодиёт кучайиб кетди. Масалан, брокерлар ёки бошқа, биржадаги ўйинлар кўп муҳокама бўлди. Ўша заправкачининг қиладиган харажати кўчага кетиб қолди. Қўпол қилиб айтганда, ҳар битта лотига 100-200 доллар берадиган жойи бор эди. Ўшанинг ҳисобидан, масалан, биржада нарх 9 млн сўм бўлган тақдирда, бензиннинг коэффициенти 1,3 эканидан келиб чиқсак, чакана нархи 6500, 7000 сўмгача чиқарди. Кўчада берадиган пулининг ҳисобига у нарх 8000-8500 сўмга борарди. Ҳозир эса спредни олиб ташлаганимиздан кейин очиқ савдо бўляпти, нақд берадиган жойлари бу томонга ўтиб қолди. Бу билан шаффоф механизмни таъминладик”, – деди у.

“Антимонопол чоралар ишлаши керак” – Отабек Бакиров

Иқтисодчи Отабек Бакиров Давлетовнинг спред нархлар олиб ташлангани ортидан чакана нархлар ошмаётгани ва яширин иқтисодиётга барҳам берилгани ҳақидаги гапларига қўшилмайди.

Унинг фикрича, спред нархларнинг олиб ташлангани бозорда “монополистнинг маржасини ошириб берган”.

“Чакана нархлар ошмаяпти деган фикрингизга мен қўшилмайман, чакана нархлар ошяпти, ҳа, секинроқ даражада ошяпти. АЁҚШларда эски нархларда олинган захиралар мавжудлигининг таъсири ҳали сақланиб турибди, буни ҳам инобатга олиш керак.

Ва мен ҳозир сизнинг чиқишингизда қанақадир важ кўряпман. “Биз шу статус-квони сақлашимиз керак, спред ёки қанақадир маъмурий таъсир чораларни қўлламаслигимиз керак” деган оҳанг сезиляпти. Ваҳоланки, кўриб турибсиз, спредни бекор қилганинглар билан таклиф ошиб қолаётгани йўқ. Гўёки совет иттифоқида Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси биринчи секретари имзолаган протокол сингари, бозорга ҳар куни бир хио – 1 650 тонна ҳажм чиқади. Роппа-роса 1650 тонна. 20 тоннадан ошиб ҳам қолгани йўқ, 50 тоннадан камайиб ҳам қолгани йўқ. Бу нимадан далолат беради?

Ҳозир сиз истеъмолчилар ҳақини ҳимоя қилиш ўрнига, охир-оқибатда коррупцион чўнтакларга тушаётган даромадларни оқлаб беряпсиз”, – деди Бакиров.

Иқтисодчи АИ-80 билан боғлиқ вазият муқобил ёқилғилар: метан ва пропан танқислиги юз бермаётган вақтда рўй бераётганини ташвиш билан қайд этди. У бундай ҳолатда Рақобат қўмитаси маъмурий чоралар кўриши кераклигини айтмоқда.

“Ўзбекистонда истеъмолчи – ҳуқуқсиз, танловсиз бир тоифа. Ҳозирдан агар шундай бўлаётган бўлса, октябрда нима бўлади деган ташвиш бор. Шунча йиллардан бери ёқилғи бозорида рақобат пайдо бўлгани йўқ. Импортчилар, импорт каналларига нисбатан жуда улкан маъмурий тўсиқлар бор. Ўша монополист ва олигархия бозорни назорат қиляпти. Сизлар қўллаётган чоралар бозор яратиш бўйича иш бермаяптими, демак, маъмурий чораларга ўтиш керак. Антимонопол чоралар ишлаши керак.

Ўзингиз ҳам жуда яхши биласизки, улгуржи нархлардаги ўсиш албатта чакана нархларга тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади”, – деди у.

Рақобат қўмитаси: “Агар эртага нарх ошиб кетадиган бўлса, спредни қайтариш – ягона ечим”

Улуғбек Давлетовга кўра, Рақобат қўмитаси АИ-80 бензинининг АЁҚШлардаги нархи ошган тақдирда, спредни қайтариши мумкин. Аммо мутасадди бу борада илдиз муаммоларга эътибор қаратиш кераклигига ишора қилди.

“Асосий муаммо – ҳажм етишмаётгани, демак, ҳажмни ошириш масаласини кўриб чиқишимиз керак. Ягона ечим бу спред эмас”, – деди у.

Давлетовнинг айтишича, маъмурий чоралар кўрилиши борасида ҳукумат, Энергетика вазирлигига таклифлар киритилган, жавоб кутиляпти. Агар воқеалар ривожи қўмита истаганидек кечмаса, яна спред қўллашга мажбур бўлинади.

“Бозорни [қанча бензин] ҳажми билан таъминлаш қўмитанинг ваколатидаги масала эмас. Унинг тегишли вазирликлари бор. Қўмита рақобат муҳитини таъминлаб беришга масъул”, – деди расмий.

Бакиров бунга жавобан нефт бозорида анча йиллардан бери рақобат таъминланмаётгани, буни АИ-92 бензини мисолида ҳам кўриш мумкинлигига тўхталди.

“Нима сабабдан 92 айнан Ўзбекистон даражасидаги давлатлардан кўра қиммат? Оддий савол, мана. Бўпти, хўп, 80 ишлаб чиқарилмас экан, бирор бир давлатда, дунё бўйича 80 ишлатадиган Афғонистон билан Ўзбекистон қолибди. Энергетикларимиз шунчалик туб даражага олиб келиб қўйибди. Лекин нега 92, 95 қўшни давлатлардан кўра қиммат? Нима сабабдан деярли АҚШдаги нарх билан баб-баравар?

Узоққа бормайман, Қирғизистонни мисол келтираман. Нима сабабдан Қирғизистонда 92, 95 бензин Ўзбекистондагидан 10-12 фоизга арзон? Улар ҳам тўлиқ импортга боғлиқ. Биздан фарқли, равишда улардаги нархлар ҳар куни эълон қилиб борилади. Истеъмолчилар тарафида бўлмаган чиновниклардан фарқлари шундаки, улар нархларни ҳудудлар, регионлар қирқимида ҳар куни эълон қилади. Буни кўриб туришингиз мумкин, Statkom.kg'нинг кундалик баҳолари деган бўлимида турибди”, – деди Бакиров.

Улуғбек Давлетов спредлар нархлар ҳозирги вазиятда барибир ягона ечим бўлиб турганини қайд этди.

“Агар эртага нарх ошиб кетадиган бўлса, спредни қайтариш – ягона ечим. Лекин ҳамманинг хабари бор, стратегиямизда ҳам инобатга олиб кетилган, давлатимиз раҳбари томонидан берилган вазифаларда босқичма-босқич 80 дан воз кечилади. 80 дан воз кечиб, 92 га ўтиб, аниқ топшириқ берилган. 92 нинг нархини ҳам мақбуллаштириш вазифаси берилган. Ҳозир, масалан, 80 дан 92 га ўтгандан кейин ҳам шу нархлар сақлаб қолинади деган масала бўлмаслиги керак” , – деди у.

“Масаланинг сифат тарафи ҳам бор, сонини қўя турайлик” – Отабек Бакиров

Аввалроқ Kun.uz ёзганидек, “Ўзбекнефтгаз” АИ-80 бензинини ишлаб чиқаришни шу йил сентябрдан тўхтатишни режа қилган. Йил охиригача омборлардаги захиралар ҳам тугаши билан, Ўзбекистон АИ-80 бензинидан воз кечади.

Kun.uz ихтиёридаги ҳужжатга кўра, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида АИ-80ни тўхтатишдан олдин Хитой компанияси билан ҳамкорликда АИ-92 бензинини кўпайтириш ва таннархни тушириш учун присадкали ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.

Отабек Бакиров присадкали АИ-92нинг сифатини савол остига олди.

“Масаланинг иккинчи тарафи, қанақа 92 ни таклиф қилишмоқчи? Худди ўша 80, лекин присадкали 92 ни таклиф қилишмоқчи бўляпти-ку. Масаланинг ҳажмдан ташқари, сифат тарафи ҳам бор”, – деди у.

Улуғбек Давлетовга кўра, битта присадка қўшган билан сифат яхши бўлиб қолмайди. Бу борада хориж компаниялари билан модернизация ишлари олиб бориляпти.

“Яқинда муҳокамаси бўлди, ишчи гуруҳ ташкил қилинган. Ўша ҳамма вазирлик, идоралар: Энергетика вазирлиги, Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги [қатнашган]. Бу сиз айтгандек, бугунги кунда 80 ни шундай олиб, присадка қўшиб 92 қилиш – Евро-3 дан Евро-4 га ўтиш билан баробар бўлиб қолмайди. Октани ошган билан ҳам сифат Евро-3 лигича қолиб кетаверади.

Бензиннинг асосий ҳажми бизда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводидан чиқади. Маҳаллий бензиннинг асосий ишлаб чиқарувчиси – Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи. Ишчи гуруҳ учрашувида Энергетика вазирлиги берган маълумотга қараганда, ҳозир Франциянинг, Кореянинг компаниялари билан биргаликда модернизация ишларини қилишяпти: 92 ни присадка билан эмас, ўша тўлақонли Евро-3 дан Евро-4, Евро-5 га ўтиш масаласи бўйича модернизация ишларини бошлашган”, – деди расмий.

Давлетовга кўра, 92+ маркаси остида присадкали бензин ишлаб чиқаришга Рақобат қўмитаси эътироз билдирган.

“Булар шу масалани қўйишганди. Биз истеъмолчилар ҳуқуқи нуқтайи назаридан берилган ўша лойиҳаларга эътироз билдирганимиз учун, ҳозир тўлақонли Евро-4 дан Евро-5 га, яъни тўлақонли 92 га ўтиш масаласи кўриб чиқиляпти. Бунда, 92 бензин ишлаб чиқаришда ўша 80 бензинни ишлаб чиқаришда фойдаланиб келинган хомаёшдан ҳам фойдаланиш орқали таннархни пасайтириш масаласи ҳам кўриб чиқиляпти.

Тўғри, эртага яхши бўлиб кетади, нарх тушиб кетади деган ваъдани ҳеч ким бера олмайди. Максимум ҳозир ҳаракат қилиняпти, ўша 80 дан 92 га ўтишга, ўша нархларни бирданига ошиш эмас, 92 ни нархини тушириш орқали ўтиш масаласи кўриб чиқиляпти”, – деди мутасадди.

Рақобат қўмитаси бошқарма бошлиғи энергетика соҳаси вакилларига таяниб айтишича, Saneg томонидан хусусийлаштирилган Фарғона НҚИЗда модернизация ишлари 90 фоизга бажариб бўлинган.

Суҳбат давомида истеъмолчи ҳуқуқларига оид бошқа қатор мавзулар ҳам муҳокама қилинди. Тўлиқ суҳбатни шу ҳавола орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева,
Kun.uz

Мавзуга оид