Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Рад этилаётган «Бир мамлакат – икки тизим» – Хитой ва Тайван можароси тарихи
Тайванни ўзининг ажралмас қисми деб биладиган Хитой 1970-йиллар охиридан бошлаб бу давлатга «Бир мамлакат – икки тизим» деб номланувчи дастурни таклиф қилиб келади. Бу дастурга кўра, Тайван Хитой таркибига қўшилса, унга кенгайтирилган автономия берилади. Бундан ташқари, орол ички ва ташқи сиёсатни мустақил белгилаши мумкин бўлади. Бу ваъдаларга ишонмаган Тайван нафақат таклифни кескин рад этиб келади, балки аксинча, материк Хитой ўзига тегишли эканини айтади.
Бугун дунёнинг турли бурчакларида бир-бирига ҳудуд даъво қилиб юрган давлатлар етарлича бор. Улар орасида энг кескини ва жаҳон бўйлаб энг кўп муҳокама қилинадигани Хитой ва Тайваннинг бир-бирига ўзаро даъволари.
Хитой Тайван «Чин юрти»нинг бўлинмас қисми эканини даъво қилади. Қачон бўлса ҳам бу давлатни ўз сафига қўшиб олишини айтади. Бироқ Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг мустақил бошқарувга эга бўлиб келаётган Тайван раҳбарияти бунинг тескарисини айтади ва материк Хитой ўзларига тегишли бўлганини даъво қилади.
Қолаверса, бу давлат аҳолиси ҳам Хитойга қўшилишга қарши. Қуйида Хитой ва Тайван можароси тарихини ҳикоя қиламиз.
Тайван ёхуд Хитой Республикаси тарихи
Хитой Республикасининг тарихи XX аср бошларига бориб тақалади. 1911 йилда Хитойни Гоминдан партияси бошқара бошлаганда у Хитой Республикаси деб атала бошланади.
Ўша пайтда бу республика Хитойни, яна Муғулистоннинг бир қисмини ва бир қанча оролни назорат қилган. Ўша пайтда Хитой коммунистлари бу республикага қарши чиққан, бироқ ҳокимиятни тортиб олишга кучи етмаган.
1930 йиллар бошида Япония Хитой Республикаси ҳудудларини эгаллай бошлайди. Бир неча йил давом этган урушда Хитой Республикаси енгилади ва 1937 йилда Хитойдаги бошқарув тўлиқ японлар қўл остига ўтади.
Иккинчи жаҳон уруши тугагандан сўнг қувғиндаги Хитой Республикаси раҳбарлари Хитойга қайтади ва мамлакатни ўз назоратларига олади.
Бироқ советлардан ҳарбий ёрдам олган Мао Цзедун бошчилигидаги Хитой коммунистик партияси яна Хитой Республикасига қарши чиқади. Ўртада фуқаролар уруши бошланиб кетади. Ўшанда Москва Хитой коммунистлари ёрдамида бу давлатни ўз назорати остига олишни мақсад қилганди.
Уруш бир неча йил давом этади ва 1949 йилда Мао Цзедун бошчилигидаги коммунистлар ғалаба қозонади.
Шундан сўнг 1950 йилда Чан Кайши бошчилигидаги Хитой Республикаси ҳукумати 2 миллиондан ошиқроқ тарафдорлари билан Тайван ва Пэнху оролларига кўчиб ўтади. Ҳукумат Тайван оролидаги Тайбэй шаҳрини пойтахт сифатида танлайди. Бу икки орол 1895 йилдан буён Япония таркибида бўлган ва Иккинчи жаҳон уруши охирида озод қилинганди.

Хитойни эгаллаган Мао Цзедун бошчилигидаги коммунистлар Тайван ва унинг атрофидаги бир нечта оролга эгалик қилган Чан Кайши ҳукуматига жиддий хавф туғдира бошлайди. Тайванни АҚШ ҳимоя қилади ва ҳанузгача шундай бўлиб келмоқда.
Ўша пайтда Хитой Республикаси Тайван ва Пэнхудан ташқари, Жанубий Хитой денгизидаги Цзинмен, Мацзу ва яна бир қатор оролни ўз назорати остида сақлаб қолади. Бундан ташқари, республика Хитойнинг материк қисмига ҳам даъво қилади.
Ўша пайтда Хитой Республикаси Мао Цзедцун бошчилигида ташкил этилган Хитой Халқ Республикасидан фарқли равишда фуқароларга кенг миқёсда эркинлик берган эди.
Мамлакат сиёсати эркин бозор тамойиллари асосида бўлгани учун Хитой Республикаси жуда тез суръатда ривожлана бошлайди.
Хитой Республикаси БМТ таъсисчиларидан бири
1945 йил 25 апрелда АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрида дунёнинг 50 давлатидан келган делегация Бирлашган Миллатлар Ташкилотини тузиш учун халқаро конференцияга йиғилади.
Конференция икки ой давом этади ва 26 июн куни делегациялар томонидан БМТ устави имзоланади. 1945 йил 24 октябрдан устав кучга киради ва БМТ шу санадан ўз фаолиятини бошлайди.
БМТнинг илк таъсисчилари ва аъзолари Сан-Францискодаги конференцияга вақтида етиб бора олмай, ўша йили уставни 1945 йил 15 октябрда имзолаган Полша билан 51 нафар бўлган.

БМТ илк ташкил этилганда ҳали Хитой Халқ Республикаси деган давлат бўлмаган, мамлакатни Чан Кайши бошчилигидаги Хитой Республикаси бошқарарди.
Шу сабабли Сан-Францискодаги йиғилишда Хитой Республикаси вакиллари қатнашади ва бу давлат БМТнинг илк таъсисчилари рўйхатига киради.
БМТ уставига кўра унинг хавфсизлик кенгаши таркибида беш нафар доимий, 10 нафар вақтинчалик аъзо бўлиши белгиланганди. Ўша пайтда БМТнинг доимий аъзолари рўйхатига асосан Иккинчи жаҳон уруши ғолиблари АҚШ, СССР, Франция, Британия киритилади.
Дунёдаги аҳоли сони жиҳатдан энг йирик давлатлардан бири бўлган Хитой Республикаси ҳам АҚШ, Франция ва Британиянинг қўллови билан хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари сафига киритилади. Ўша пайтда бу жуда катта воқелик эди.
Хитой Республикасининг БМТ ва унинг хавфсизлик кенгашидан чиқариб юборилиши
Кейинчалик Мао Цзедун бошчилигидаги коммунистлар Хитойдаги бошқарувни Чан Кайшидан тортиб олади ва бу ерда халқ республикасини тузади. Бироқ дунёнинг кўп давлатлари Мао Цзедун ҳукуматини тан олмайди.
Мао Цзедун бошчилигидаги ХХР ҳукумати БМТга аъзо бўлиш учун бир неча марта ариза топширади. СССР ва бошқа социалистик лагерга кирувчи давлатлар қўллаганига қарамасдан аризалар рад этилади. БМТда Тайван ва унинг атрофидаги оролларга қочиб ўтган Хитой Республикаси аъзо бўлиб қолаверади.
Бироқ 1970-йиллар бошига келиб вазият ўзгаради. Энди Ғарб давлатлари ҳам аҳолиси млрд нафарга яқинлашиб қолган Хитой билан иқтисодий ҳамкорликдан манфаатдор эди. Улар БМТ ва унинг хавфсизлик кенгашида доимий аъзоликка Хитой Республикаси ўрнига ХХРни ўтказишга рози бўлишади.
1971 йил 25 октябр куни БМТ бош ассамблеяси 2758-сонли резолюцияни қабул қилади. Резолюцияда ХХРни БМТ аъзолигига қабул қилиш ва Хитой Республикасининг хавфсизлик кенгашидаги ўрнини унга бериш кўзда тутилганди.
Бош ассамблеядаги овоз беришда дунёнинг 76 та давлати рози, 35 давлати қарши бўлади. 17 та давлат бетараф қолади. Рози бўлганларнинг аксарияти социалистик лагерга кирувчи ва СССР таъсири остида бўлган давлатлар эди.
Бироқ улар орасида Франция, Канада, Австрия, Нидерландия, Белгия, Британия, Дания, Ирландия, Исландия, Италия, Норвегия, Португалия ва Швеция каби ғарб давлатлари ҳам бор эди.
Йирик давлатлар АҚШ, Австралия, Бразилия, Япония кабилар резолюцияга қарши чиқишганига қарамасдан кўпчилик рози бўлгани учун у қабул қилинади.
Шу тариқа Хитой Республикаси БМТ аъзолигидан чиқариб юборилади ва у хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолигини ҳам йўқотади.
Шундан сўнг Хитой Республикасининг мустақиллигини тан олган барча давлатлар буни бекор қилишади. Дипломатик муносабат ўрнатганлар сиёсий алоқаларни узади. Шу жумладан, ҳар доим Хитой Республикаси тараф бўлиб келган АҚШ ҳам.
ХХР ва Хитой Республикасининг бир-бирига даъволари
Хитой Мао Цзэдун бошчилигидаги коммунистлар бошқарувига ўтган пайтдан бошлаб бу давлат Тайванни ўзининг ажралмас қисми деб ҳисоблаб келади. Бироқ турли сабабларга кўра уни ўз сафига қўшиб ололмайди.
Тайван БМТ хавфсизлик кенгашининг бешта доимий аъзоларидан бири бўлган йилларда Хитой иқтисодий жиҳатдан жуда қолоқ, СССР ёрдамида турли ҳарбий техника ва ядро қуролига эга бўлганини айтмаганда қарийб бир млрд аҳолининг асосий қисми жуда ночор яшарди.
Тайван эса эркин бозор муносабатларига асосланган давлат шакллангани учун тезда ривожланиб кетади. Шу сабабли нафақат Чан Кайши, шунингдек Тайван аҳолиси ҳам айнан бошқарув шакли ва иқтисодий ҳолат кескин фарқ қилгани учун ҳам қолоқ Хитой таркибига киришни хоҳламасди.
Ўша пайтларда ҳали БМТга аъзо бўлмаган Хитойнинг Тайванга нисбатан даъволарини ҳеч ким жиддий олмасди. Бироқ Мао Цзезуннинг вафотидан кейин мамлакатда кенг кўламли ислоҳотлар бошланади ва орадан йигирма йилдан сал кўпроқ вақт ўтиб, 2000-йиллар бошида Хитой дунёнинг қолоқ давлатидан ривожланган давлатига айланади.
Бироқ шунда ҳам тайванликларнинг фикри ўзгармайди ва улар Хитой таркибига киришни хоҳламайди.
Бу орада 1997 йилда Хитой Британиядан Ҳонгконгни қабул қилиб олади. Шундан сўнг ХХРнинг Тайванга нисбатан даъволари ҳам кескинроқ чиқа бошлайди.
Бугун Хитой Тайванни ўзининг ажралмас бўлаги деб билади. Бу орол давлат Хитой таркибида бўлиши керак деб ҳисоблайди.
Бироқ Тайваннинг ҳам Хитойга нисбатан олиб бораётган сиёсатида ўз ҳақиқатлари бор. Унга кўра, Хитой Республикаси ХХ аср бошида тузилган ва Хитойда ҳукмронлик қилган.
Иккинчи жаҳон урушидан кейин эса Мао Цзедун бошчилигидаги коммунистлар Хитой Республикасининг қонуний ҳокимиятини куч билан тортиб олган.
Айнан Тайван бугун ҳам ана шу фактларни ушлаб олган ва у ҳанузгача материк Хитойга ўзини ҳақдор деб билади. Шунингдек, тайванликлар 1971 йилда БМТ ва унинг хавфсизлик кенгашидаги доимий аъзоликдан чиқариб юборишларини ноҳақлик бўлган деб ҳисоблашади.
Тайван ҳақида умумий маълумотлар
Тайванда эркин бозор иқтисодиётга асосланган тузум бўлгани учун бу давлат тез суръатларда ривожланади. 1960-йилларда ҳали Хитой аҳолисининг жуда катта қисми очарчилик шароитида яшаб юрган пайтида Тайван жуда юқори иқтисодий тараққиётга эришади.
Шу сабабли бу давлат 1960-йилларда Жанубий Корея, Ҳонгконг ва Сингапур билан биргаликда «Осиёнинг тўрт йўлбарси» деб атала бошланади.
- Ташкил топган йили: 1911 йил 10 октябр;
- Пойтахти: Тайпей шаҳри;
- Йирик шаҳарлари: Янги Тайпей, Тайчжун, Гаосюн;
- Бошқарув тузуми; Парламент-президент республика;
- Ҳудуди; 36 минг 197 километр квадрат (Ўзбекистон ҳудудининг 9 фоизига тенг);
- Аҳолиси: 23 млн 332 минг нафардан ошиқроқ;
- Аҳоли зичлиги; 1 километр квадрат ҳудудга 645 киши тўғри келади;
- Ялпи ички маҳсулот ҳажми: 800 млрд атрофида;
- Пул бирлиги: Янги Тайван доллари;
Ҳудуди кичик ва унда фойдали қазилмалар умуман йўқлигига қарамасдан Тайван жуда тараққий этган. Мамлакат иқтисодиётида электрон буюмлар, нефтни қайта ишлаш, IT-хизматлар экспорти ва бошқа кўплаб тармоқлар яхши ривожланган.
Жумладан, Тайванда бугун дунёда ишлаб чиқарилаётган микросхемаларнинг ярмидан кўпроғи тайёрланади. Apple ва бошқа йирик компаниялар ўзлари ишлатаётган микросхемаларни асосан Тайван компанияларидан сотиб олишади.
Хитой ва Тайванни ажратиб турган Тайван бўғозидан Ғарб ва Шарқ ўртасидаги муҳим денгиз йўли ўтган. Бўғоздан ҳар йили Тайван, Хитой, Жанубий Корея ва Японияга турли юкларни ташийдиган ва бу давлатларнинг экспорт товарларини олиб чиқиб кетадиган минглаб йирик кемалар ўтиб қайтади.
Масалан, 2022 йилда бу ердан денгиз бўйлаб ҳаракатланган йирик кемаларнинг 88 фоизи, йирик контейнер ташувчи кемаларнинг 48 фоизи ўтган.

Гарчи Тайван мустақиллигини дунёнинг аксарият давлатлари тан олмаган бўлса-да, бу давлат жуда кўплаб халқаро ташкилотга, банкларга аъзо ҳисобланади.
Аксарият халқаро ташкилот ва банклар, жумладан, Осиё тараққиёт банки, Осиё-Тинч океани минтақаси иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти ва яна бошқалар Хитойнинг талаби билан бу давлат номини «Хитой Тайпейи» деб ёзади.
Тайванликлар ўз давлатлари бундай номланишига қарши бўлса ҳам халқаро ташкилотлар аъзолиги учун шунга чидашга мажбур.
Тайван «Бир мамлакат – икки тизим» таклифини рад этади
1975 йил 5 апрел куни Тайван президенти Чан Кайши, орадан бир ярим йил ўтиб 1976 йил 9 сентябрда Мао Цзэдун вафот этди. Натижада Хитойда ва Тайванда ташқи сиёсат масалаларида ўзгаришлар рўй берди. Жумладан, Хитой ташқи дунё учун очила бошлади.
Тайванда Чан Кайшининг ўғли Чианг Чингко мамлакат раҳбари бўлади. Шундан сўнг Хитойда ислоҳотлар бошлаган Дэн Сяопин 1977 йилда Тайванга «Бир мамлакат – икки тизим» деб номланувчи дастурни таклиф қилади.
Бу дастурга кўра, Тайван Хитой таркибига қўшилса, ички ва ташқи сиёсатни мустақил белгилаши мумкин бўлган кенгайтирилган автономия бериш кўзда тутилганди. Бироқ Тайван бу таклифни рад этди.
Орадан 20 йил ўтгач Хитой Британиядан Ҳонгконгни ўз таркибига қўшиб олар экан, ҳонгконгликлар бунга қарши чиқади. Шунда расмий Пекин уларга Ҳонгконгни айнан «Бир мамлакат – икки тизим» дастури бўйича бошқаришини, бунда мамлакатнинг ички ва ташқи сиёсатига аралашмасликка ваъда беради.
Бундан ташқари, Хитой Ҳонгконгга 50 йил, яъни 2047 йилгача мудофаа ва ташқи сиёсатдан бошқа масалаларда, ижтимоий-иқтисодий тизим, шунингдек маҳаллий турмуш масалаларида мустақил бўлиши кафолати берилган.
Бироқ кўп ўтмай Хитой Ҳонгконгга берган ваъдаларини буза бошлади ва унга босимни ошириб бормоқда. Оқибатда, сўнгги йилларда Ҳонгконгда Хитой тузумига қарши норозиликлар кучайиб бормоқда.
Бундан ташқари, Хитой «Бир мамлакат – икки тизим» дастурини яна бир ҳудуд Макаога ҳам қабул қилдирган ва у ерда ҳам айнан ҳонгконгликлар дуч келаётган муаммолар бор.
Хитойнинг Ҳонконг ва Макаога нисбатан тутган йўли ҳам тайванликларни ҳушёр торттирди ва улар Хитойнинг таклифини ҳеч қачон қабул қилмасликларини айтиб келишмоқда.
Жумладан, 2022 йил 11 август куни Тайван ташқи ишлар вазирлиги вакили Жоан Оу мамлакат пойтахти Тайбэй шаҳрида ўтказилган матбуот анжуманида «Бир мамлакат – икки тизим» дастури Тайван томонидан ҳеч қачон қабул қилинмаслигини яна бир бор такрорлади.

АҚШ – Тайваннинг асосий ҳимоячиси
Хитой Халқ Республикаси тузилиб, бу давлат Тайванга даъво қила бошлагандан буён орол давлатни АҚШ қўллаб келмоқда. Америка Тайванни ҳимоя қилишда асосий ролни ўйнамоқда.
2022 йил май ойида президент Байден Токиода Япония бош вазири Фумио Кисида билан учрашув чоғида журналистларнинг саволларига жавоб бера туриб, агар Хитой Тайванга ҳужум қилса АҚШ орол давлатга ҳарбий ёрдам кўрсатишини айтади.
Албатта, Байденнинг бу гапи Хитой томонидан кескин танқидлар билан қаршиланди. Кўп ўтмай АҚШ мудофаа вазири Остин Ллойд Америка ягона Хитой сиёсатини давом эттиришини таъкидлади.
1979 йилда АҚШ Пекин раҳбариятини Хитойнинг ягона ҳукумати сифатида тан олади. Бироқ шу билан бирга Америка сиёсатчилари Хитой Тайванни куч билан эгаллашига йўл қўймасликларини таъкидлаб келади.
АҚШ 1971 йилда ХХР БМТда Тайваннинг ўрнини эгаллагандан кейин бу давлат билан расман дипломатик алоқаларни узган. Бироқ Америка қонунчилиги АҚШнинг Тайванга ўзини ўзи мудофаа қилиш воситалари етказиб беришни талаб қилади.
Бундан ташқари Америка Тайваннинг ташқи савдо айланмасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Ҳар икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси сўнгги йилларда 100 млрд доллардан ошмоқда.
АҚШнинг юқори лавозимли шахсларининг Тайванга ташриф буюриши ҳар сафар жуда катта воқеликка айланади ва бу Хитойнинг танқидига сабаб бўлади.
Жумладан, 2022 йил июл ойи охирида АҚШ Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Жанубий-шарқий Осиё давлатларига ташрифини бошлади. Ташрифдан аввал у борадиган давлатлар орасида Тайван йўқ эди.
Пелоси Сингапур ва Малайзияга борганидан сўнг Тайванга ташриф буюриши ҳақида эълон қилди. Ўша заҳоти Хитой томонидан таҳдидий баёнотлар берила бошланди.
Ўшанда Байден Пелосининг Тайванга боришини маъқулламаган, бу масалада улар ўртасида тушунмовчилик ҳам келиб чиққанди. Бироқ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирби Пелоси Тайванга бориш ҳуқуқига эгалиги, Оқ уй эса АҚШ Конгресси мустақиллигини ҳурмат қилишини айтиб чиқди.
«Спикер Тайванга ташриф буюриш ҳуқуқига эга. АҚШнинг кўп йиллик сиёсатига мувофиқ, Пекинда ушбу эҳтимолий ташрифни қандайдир инқирозга айлантириш учун ҳеч қандай сабаб йўқ», деганди у журналистларга.
Пелоси Тайванга қараб жўнар экан, Хитой ҳарбийлари Тайван бўғозида фаоллашади, ҳарбий манёврлар ўтказишади.
Хитой томони ҳар қанча таҳдид қилмасин Нэнси Пелоси Тайванга ташриф буюрди. У ўтирган самолёт 2022 йил 2 август куни тунда Тайванга қўнди.
Самолёт қўнгач Пелосининг офиси расмий баёнот берди. Унда Конгресс делегацияси ташрифи Американинг Тайван демократиясини «қўллаб-қувватлашда иккиланмаслиги» ҳамда бу ташриф АҚШнинг Хитой бўйича сиёсатига «ҳеч қанақасига зид эмаслиги» айтилганди.
Пелосининг ташрифи давомида The Washington Post газетасида «Мен нима учун Тайванга Конгресс делегациясига раҳбарлик қиляпман?» сарлавҳали мақола чиқди.
Мақолада конгрессвумен АҚШ Тайван хавфсизлигини таъминлашга ваъда бергани ва ҳозирда Тайван демократияси Хитой томонидан хавф остида қолганини унутмаслик кераклигини айтади: Пелосининг сўзларига кўра, Пекин сўнгги йилларда орол атрофида ҳарбий фаолликни шу қадар оширганки, бу АҚШ Мудофаа вазирлигини Хитой Тайванни куч билан қўшиб олишга тайёрланаётгани ҳақида хулоса чиқаришга мажбур этган.
«Бизнинг ташрифимиз Тайван ўзини ва ўз эркинлиги ҳимоя қилар экан, Америка унинг ёнида туриши ҳақидаги аниқ баёнот сифатида қабул қилиниши керак. Бугун, дунё автократия ва демократия танлови қаршисида турганида, Америка Тайваннинг 23 миллионлик халқи билан бирдамлик кўрсатиши ҳар қачонгидан муҳим», деган у.
Спикер 1991 йилда Хитойга Конгресс делегацияси билан ташриф буюргани ҳамда Тяньаньмэн майдонида «Хитойдаги демократия учун қурбон бўлганлар хотирасига» ёзуви туширилган лентани кўтаргани ҳақида эслатган. У Хитойда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият тобора ёмонлашаётганини таъкидлаган.
1991 йилда, Пекиндаги Тяньаньмэн майдонидаги намойишлар шафқатсизлик билан бостирилганидан икки йил ўтиб, ўшанда Калифорния штатидан конгрессмен бўлган Пелоси Хитой пойтахтига келганди.
Ўшанда у расмий эскортдан ажралиб чиқиб, яна икки нафар конгрессмен билан биргаликда Хитой томони рухсатисиз шаҳар майдонига кирган ва камералар қаршисида «Хитойдаги демократия учун қурбон бўлганлар хотирасига» ёзуви туширилган кичик қора баннерни кўтаришганди.
Ўшандан буён 30 йилдан кўпроқ вақт ўтди ва Пелоси Хитойга нисбатан танқидий қарашларини ўзгартиргани йўқ. У доим Хитойни инсон ҳуқуқларини бузиб келаётганликда айблаб келади.
Умуман олганда АҚШнинг Тайван ҳамда Хитой билан муносабатлари шу – Вашингтон «Ягона Хитой» сиёсатини давом эттиради. Шу билан бирга ҳеч қачон Хитой Тайванни куч билан эгаллашига йўл қўймайди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
18:06 / 05.01.2026
Ўзбекистон ЖСТ аъзоси бўлиш учун фақат бир давлат билан музокарани якунлаши қолди
19:42 / 29.12.2025
Тайван — Хитой биқинидаги «порох бочкаси»
13:56 / 29.12.2025
Хитой Тайван атрофида машғулот бошлади: ҳарбийлар оролни блокада қилишни синовдан ўтказади
19:11 / 28.12.2025