29 декабрь куни Хитой ҳарбийлари Тайван атрофида қуруқлик, денгиз, ҳаво ва ракета бўлинмалари сафарбар қилинаётганини эълон қилди. «Адолат миссияси–2025» деб номланган йирик ҳарбий машғулотлар «муҳим ҳудудларни блокада қилиш ва назоратга олиш»ни синовдан ўтказади. Хитой Шарқий Ҳарбий округи қўмондонлиги эълонига кўра, Тайван оролини ўраб турган бешта денгиз ва ҳаво ҳудудида реал ўқ отиш машқлари ўтказилади.

Фото: Taiwan Security Monitor

Расмий баёнотга кўра, денгиз ва ҳаво ҳудудларидаги машғулотларга эсминецлар, фрегатлар, қирувчи самолётлар ва бомбардимончилар жалб қилинади. Шунингдек, машқлар денгиз нишонларига ҳужум қилиш, минтақавий ҳаво устунлигини эгаллаш ҳамда сувости кемаларини қидириш ва уларга қарши операцияларни ўз ичига олди.

Шарқий Ҳарбий Округ матбуот котиби Ши Йи машғулотлар – «денгиз ва ҳаво ҳудудларида жанговар тайёргарлик патруллари, тўлиқ назоратни қўлга олиш машқлари» ҳамда «асосий портлар ва муҳим ҳудудларни блокада қилиш ва назоратга олиш»га қаратилишини айтди.

«Бу машғулот ‘Тайван мустақиллигиʼ сепаратист кучлари ва ташқи аралашувчиларга жиддий огоҳлантиришдир», — деди Ши, АҚШ ва унинг иттифоқчиларига ишора қилиб. «Бу миллий суверенитетни ҳимоя қилиш ва миллий бирликни сақлаш учун қонуний ва зарур чорадир».

CNN нашрининг ёзишича, Хитой давлат ОАВларида эса янада очиқроқ фикр билдирилган. Хусусан, ҳарбий таҳлилчи Фу Нан машғулотлар нега айнан ҳозир ўтказилаётганига изоҳ бериб, бунга АҚШ–Тайван қурол битимини сабаб қилган. Уни «ҳамкорликдаги ҳаракатларнинг кескинлашуви» деб атади.