Ўзбекистон | 11:26 / 21.05.2026
4068
2 дақиқада ўқилади

«Бунёдкор» стадиони ишчиларининг ойлиги ундириб берилди

Kun.uz «Бунёдкор» стадиони ишчиларига ўтган йилнинг декабр ойидан бери пул берилмаётгани ҳақида суриштирув эълон қилган эди. Давлат меҳнат инспекцияси стадион ходимларига шу пайтгача тўланмаган ойликлари тўлиқ ундириб берилгани ҳақида хабар берди. Хусусан, дирекциянинг 49 нафар ишчисига жами 867 млн сўмлик иш ҳақи тўлаб берилган.

«Бунёдкор» стадиони дирекциясининг бир гуруҳ ходимлари ойликлари 2025 йилнинг декабр ойидан буён кечикаётгани сабабли оғир иқтисодий аҳволда қолганидан шикоят қилиб, Kun.uz’га мурожаат қилганди. Давлат меҳнат инспекцияси стадион ишчиларига шу пайтгача тўланмаган ойликлари тўлиқ ундириб берилгани ҳақида хабар берди.

Таъкидланишича, «Бунёдкор» стадиони бинолари ва иншоотларидан фойдаланиш дирекцияси» корхонасининг 49 нафар ходимига жами 867 млн сўмлик иш ҳақи ундириб берилган.

Ҳозирда ходимлар олдида иш ҳақи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги қайд этилган. Ўз навбатида ходимларга қайси манбадан маошлар тўлаб берилгани очиқланмаган.

 Ойликлар кечикишига нима сабаб бўлганди?

Шу пайтгача «Бунёдкор» дирекцияси ходимларини молиялаштириш 2018 йилдаги президент қарори асосида «Ўзбекнефтгаз» томонидан амалга оширилган. Аммо жорий йилдан бошлаб вазият бирдан ўзгарди. Газ қазиб олиш кўрсаткичларининг муттасил камайиб бораётгани ва қатор тизимли муаммолар фонида «Ўзбекнефтгаз» 2026 йил 1 январдан «Насаф», «Бухоро» ва «Бунёдкор» клубларига пул ажратишни тўхтатди. Компания соҳага оид бўлмаган активларни тасарруфдан чиқариш, ҳомийлик тўловлари ҳамда харажатларни мақбуллаштиришини эълон қилди. Ўз навбатида Суперлига клубларининг ҳар бирига давлат бюджетидан 2026 йилда 35 млрд сўмдан, 2027 йилда 30 млрд сўмдан, 2028 йилда эса 25 млрд сўмдан маблағ ажратиладиган бўлди. Яъни шу пайтгача «Ўзбекнефтгаз» қарамоғида бўлган «Насаф», «Бухоро» ва «Бунёдкор» клубларига муқобил манбалардан пул бериляпти, аммо «Бунёдкор» дирекциясини молиялаштириш ҳалигача ноаниқ бўлиб қоляпти. Бу эса юзлаб ишчиларнинг ойликсиз қолиб кетишига сабаб бўлди.

Достон Аҳроров
Муаллиф Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид