Ўзбекистон | 21:30 / 15.12.2025
6274
4 дақиқада ўқилади

Тадбиркорлар учун янги имкониятлар ва ИИБ ходимининг мудҳиш жинояти – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Раҳбарлар тадбиркорлар билан ҳар чоракда “Бизнес ҳамроҳ” марказларида мулоқот қилади

Президент қарорига мувофиқ, раҳбарлар ҳар чоракда тасдиқланадиган режа-графиклар асосида тадбиркорлар билан “Бизнес ҳамроҳ” марказларида учрашади. Режа-графиклар ҳар чоракда барча учун очиқ ҳолатда “Бизнес ҳамроҳ” электрон платформаси ҳамда тегишли ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади.

Шунингдек, платформадаги “Раҳбарлар билан мулоқот” модули орқали бир чорак давомида 1 та ҳудуддан камида 10 нафар тадбиркорнинг мурожаати йўналтирилган ташкилот раҳбарлари кейинги чорак режа-графигига ўша ҳудудда тадбиркорлар билан учрашув ўтказишни киритиши шарт қилиб белгиланган. Учрашувларда кўтарилган масалалар ва “Бизнес ҳамроҳ” марказининг Call-маркази орқали келиб тушган мурожаатлар платформа воситасида “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот порталига киритиб борилади.

Тадбиркорларга мингдан ортиқ хизмат “ягона дарча” асосида кўрсатилади

Президент қарорига кўра, тадбиркорлик субъектларига давлат ва айрим хусусий хизматларни комплекс кўрсатиш тизими йўлга қўйилади. Ҳужжатда мингдан ортиқ хизматни “ягона дарча” тамойили асосида тақдим этиш орқали тадбиркорлар фаолиятига тўлақонли ҳамроҳлик қилиш мақсади белгиланган.

Лойиҳа доирасида Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этиладиган масъулияти чекланган жамият томонидан бошқариладиган “Бизнес ҳамроҳ” марказлари фаолияти йўлга қўйилиши белгиланган. Дастлабки босқичда ушбу марказлар Тошкент ва Нукус шаҳарларида, шунингдек вилоятлар марказларида ташкил этилади.

Қайд этилишича, мазкур механизм тадбиркорлар учун хизматлардан фойдаланишни соддалаштириш, мурожаатларни тезкор кўриб чиқиш ва бизнес юритиш жараёнларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.

Фарғонада танишини машинада қасддан уриб ўлдирган эркакка ҳукм ўқилди

Фарғона шаҳрида машинаси билан танишини уриб кетиб, ўлдирган шахс иши судда кўриб чиқилиб, ҳукм ўқилди.

Жиноят 1993 йилда туғилган Ф.З. томонидан содир этилган. Таъкидланишича, у 2025 йил 10 июл куни марҳум М.А. укаси ҳақида ноўрин гапларни тарқатиб юрганини важ қилиб, уни қасддан ўлдириш режасини тузган. Шундан сўнг, ўз машинасида М.А. ортидан қувган ва уни уриб юборган. Оқибатда оғир тан жароҳати олган М.А. вафот этган.

Суд уни қасддан одам ўлдириш жиноятини содир қилганликда айбли деб топиб, 14 йил 1 ойга озодликдан маҳрум қилди. Марҳумнинг яқинлари етим қолган 4 бола учун 4 млрд сўм моддий ва маънавий зарар сўради. Судланувчи марҳумни қасддан уриб кетмаганини билдирди.

Бекободда ИИБ ходими машинада одам уриб ўлдирди

11 декабр куни Тошкент вилояти Бекобод тумани ИИБ Жиноят қидируви бўлимида ишловчи ходим машинасида пиёдани уриб юбориб, унинг ўлимига сабабчи бўлган. Сўнг ходим жиноятини яшириш учун мурдани Сирдарёга оқизиб юборгани айтилмоқда. Жиноятда гумон қилинаётган ИИБ ходими ушлангани таъкидланмоқда.

Ҳолат юзасидан Бекобод тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми ва 117-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчи шахсга қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозир марҳумнинг мурдасини топишга қаратилган тезкор қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид