Жамият | 11:36 / 15.12.2025
1646
2 дақиқада ўқилади

Раҳбарлар тадбиркорлар билан ҳар чоракда “Бизнес ҳамроҳ” марказларида мулоқот қилади

2026 йил 1 мартдан республика ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг тадбиркорлар билан учрашувларини ташкил этиш тартиби янгиланади. Учрашувлар ҳудудларда “Бизнес ҳамроҳ” марказларида ҳар чорак тасдиқланадиган режа-график асосида ўтказилиши белгиланган. 

Фото: Shutterstock

Президент қарорига мувофиқ, раҳбарлар ҳар чоракда тасдиқланадиган режа-графиклар асосида тадбиркорлар билан “Бизнес ҳамроҳ” марказларида учрашади. Режа-графиклар ҳар чоракда барча учун очиқ ҳолатда “Бизнес ҳамроҳ” электрон платформаси ҳамда тегишли ташкилотларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилинади

Шунингдек, платформадаги “Раҳбарлар билан мулоқот” модули орқали бир чорак давомида 1 та ҳудуддан камида 10 нафар тадбиркорнинг мурожаати йўналтирилган ташкилот раҳбарлари кейинги чорак режа-графигига ўша ҳудудда тадбиркорлар билан учрашув ўтказишни киритиши шарт қилиб белгиланган. Учрашувларда кўтарилган масалалар ва “Бизнес ҳамроҳ” марказининг Call-маркази орқали келиб тушган мурожаатлар платформа воситасида “Тадбиркор виртуал офиси” ахборот порталига киритиб борилади. 

Маълум қилинишича, “Бизнес ҳамроҳ” марказлари зарур функционал имкониятларга эга бўлган давлат хизматлари марказлари биноларига тўғридан тўғри жойлаштирилади. 

“Бизнес ҳамроҳ” лойиҳаси президент қарори (ПҚ–375-сон, 13.12.2025 й.) билан 2026 йил 1 мартдан тадбиркорларга давлат хизматлари ва айрим хусусий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатиш механизми сифатида белгиланган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид