Иқтисодиёт | 09:00 / 16.03.2021
25575
7 дақиқада ўқилади

«Обнал иши»: Тадбиркорлар солиқ бошқармасини судга берди

Солиқ маслаҳатчиси Aбдуғани Муҳаммадбоевга кўра, «обналчилар иши» юзасидан тадбиркорлар солиқ органининг ҳаракатига қонуний баҳо берилишини сўраб судга мурожаат қилган. Экспертнинг таъкидлашича, ЎзР Солиқ кодексига мувофиқ, солиқ идораси жараён судда кўрилаётганда ижрони тўхтатиб туриши керак, аммо идора ижрони давом эттирмоқда.

 Гап нимада?

 Шу йилнинг феврал ойида бошланган «обналчилар» можароси атрофида баҳс-мунозаралар тинмаяпти. Мустақил экспертлар, ижтимоий тармоқлар орқали қилаётган чиқишларида Давлат солиқ қўмитаси хатти-ҳаракатларига баҳо беришмоқда. Хусусан, «М-Фактор» лойиҳасига интервю берган солиқ маслаҳатчиси Aбдуғани Муҳаммадбоев ушбу масала юзасидан солиқ идораси ҳаракатининг қонуний асосларига тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, 11 февралдан давлат бюджетига тўланмаган ҚҚС (қўшимча қиймат солиғи-таҳр.) суммасини ундириш билан боғлиқ «солиқ қарзи» қаердан пайдо бўлгани 10 мингга яқин тадбиркорлик субъектларини қийнамоқда.

«Ҳолат 3 февралдан бошланди. 11 февралдан тадбиркорлар солиқ идораси томонидан тўланмаган ҚҚС суммасини тўлаш бўйича талабномалар ола бошлашди. Талабнома икки хил бўлади. Биринчиси: солиқ текшируви натижасида солиқ тўловчига тақдим этиладиган талабнома. Бу солиқ ҳисоботларида аниқланган камчиликларни бартараф этишга доир бўлади. Иккинчи тури юзага келган солиқ қарздорлигини бартараф этиш тўғрисида.

Биз гапираётган ҳолатда тадбиркорга солиқ қарзини бартараф этиш хусусида талабнома келган. Энди савол туғилади: солиқ қарзи қаердан пайдо бўлди? Солиқ қарзи пайдо бўлиши учун ё солиқ тўловчининг ҳисоботи натижасида тўланмай қолган маблағ, кечроқ тўлаган бўлса пеня, ёки солиқ текшируви жараёнида қандайдир қўшимча ҳисобланган солиқлар, пенялар, жарималар бўлиши лозим. Шу иккита ҳолатдагина солиқ қарзи пайдо бўлиб қолиши мумкин», - дейди у.

Иш судда кўрилади

Муҳаммадбоевнинг сўзларига кўра, тадбиркорлар солиқ бошқармасига эътироз билдирган тақдирда низоли вазият судда кўрилиши керак.

«Солиқ идораси солиқ тўламаслик хавфи катта бўлган ёки ҚҚС тўловчиси деган гувоҳномаси бекор қилинган субъектлар билан алоқа қилган солиқ тўловчиларга ҳисобга олинган солиқ суммасини бюджетга тўлашни талаб қилмоқда. Бунда Солиқ кодексининг 266-моддасига мурожаат қилиняпти. Солиқ органида шундай ҳуқуқ бор. Солиқ кодексининг махсус қисмида ҚҚС солиқ органига бу ҳуқуқ берилган бўлса, кодекснинг умумий қисмида процессуал тартиблар белгиланган. Яъни, солиқ органи мурожаат қилаётган 14-моддага асосан солиқ органи “кўзбўямачилик учун тузилган битимларни солиқ ҳисоблашда инобатга олмасликка ҳаққим бор”, - демоқда. 14-модданинг тегишли қисмида кўзбўямачилик масаласи ёки солиқ органи битимни ҳақиқий эмас деб топса-ю, солиқ тўловчи эътироз билдирса, бу масала фақат судда ҳал этилиши белгилаб қўйилган», - дея таъкидлайди эксперт.

Солиқ идорасига алоқаси бўлмаган мутахассислар қандай фикрда?

 Унинг таъкидлашича, солиқ органида бўлмаган барча мутахассислар «бу эътирозли масала, демак битимларнинг ҳақиқий эмаслиги судда кўрилиши керак»лигини айтишмоқда ва албатта, кўзбўямачилик учун тузилган битим ҳақиқатан сохта битимлиги судда исботланиши керак.

  «Бугунги кунда солиқ тўловчилар ўзи ёки мутахассислар билан биргаликда судларга мурожаат қилмоқда. Солиқ органининг ҳаракатига баҳо бериш, яъни қонунга қанчалик мос келиши ёки келмаслиги юзасидан мурожаат қилганмиз. Ҳаракат деганда, ҳисобрақамга қўйилган инкассо ҳақида гап кетмоқда ва бундай ваколат солиқ органида бор. Бизнинг мурожаатимиз мазмуни шундан иборатки, тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварағида пайдо бўлган қарздорлик қаердан, нима асосда пайдо бўлди деганда, солиқ органи ва солиқ тўловчи ўртасида битта тўхтамга келинмаганлиги, қолаверса солиқ органи ҳеч қанақа текширувсиз, битим кўзбўямачилик учун тузилган деган гумони асосида солиқ қарзи ҳисоб қилиши қанчалик қонуний деган саволга ечим сўраб мурожаат қилдик», - дейди А. Муҳаммадбоев.

Қарор ижроси тўхтатилиб турилиши керак

Солиқ маслаҳатчиси ушбу масаланинг яна бир жиҳатига тўхталди. Солиқ кодексининг 231-моддасига кўра, солиқ тўловчи солиқ органи мансабдор шахсининг қарори устидан шикоят берганда, ушбу қарор ортидан келиб чиқадиган ижро тўхтатиб турилиши керак.

 «Тадбиркорлар судга мурожаат қилгани ҳақида солиқ органига алоҳида хабарнома берилди, чунки Кодексда шундай ёзиб қўйилган. Солиқ органидан маълумот учун қабул қилдик, деган жавоб келди, ҳаракат эса давом этмоқда. Мен 20дан ортиқ тадбиркорлар билан шу масалада мулоқот қилиб турган бўлсам, бирортасидан ҳам инкассо топшириқлари қайтиб олинмаган. Яъни тадбиркорларнинг ҳисобрақамлари музлатиб қўйилган.

 15 февралда ҳисобрақамларига инкассо қўйилган тадбиркорлар салкам бир ойдан бери фаолият кўрсатмаяпти. Бу жараён тугагандан кейин таҳлил ҳам қилинса керак: солиқ органи қанча ундирмоқчи эди-ю, қанча солиқдан қуруқ қолди? Тадбиркор солиқ органига судга мурожаат қилгани ҳақида хабарнома берганида, солиқ органи ижрони тўхтатиб туриши керак эди. Aгар инкассо топшириғи бекор қилиб турилса, тадбиркор фаолиятини давом эттиради, ишчилар, ойлик, истеъмолчига маҳсулот етказиб бериш каби ижтимоий масалалар ҳал бўлади. Иккинчидан, иқтисодий масала ҳал бўлади. Бугун мавҳум бўлган эски (мавҳум) солиқни ундираман деб, янги солиқ ҳосил бўлиш имконияти чеклаб қўйилмоқда»,- дейди эксперт.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, иқтисодчи Юлий Юсупов ДСҚнинг «обналчилар»га қарши бошлаган кураши юзасидан фикр билдириб, қўмита ҳаракатларини «соғлом фикрга зид ва қонунни мазах қилиш» деб атаган эди.

Кейинроқ ДСҚ «обналчилар» можароси юзасидан ижтимоий тармоқларда қўмита ҳаракатларини «гумон», «мутлақо қуруқ гап», «тасдиқланмаган фараз» деб фикр билдирган экспертларга қарши баёнот билан чиқди.

Шундан сўнг, Юлий Юсупов ДСҚга 6та савол билан мурожаат қилди. Солиқ қўмитаси эксперт саволларига жавоб бермади. 

Мавзуга оид