Ўзбекистон | 20:54 / 29.03.2023
17027
7 дақиқада ўқилади

60 км/соат тезлик чекловига риоя қилмаганларни жаримага тортиш қачондан бошланади? Масъуллар жим

1 апрелдан бошлаб Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида автомобиллар ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 70 километрдан 60 километргача туширилмоқда. Бироқ ИИВ ЙҲХХ ҳайдовчиларни жаримага тортиш қачондан бошланиши ҳақидаги саволга жавоб бера олмаяпти.

Фото: V1.ru

Ўзи нима гап?

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссиясининг 3-сонли баёни билан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ҳамда вилоятларнинг айрим ҳудудларида транспорт воситаларининг юқори ҳаракат тезлиги соатига 60 километр этиб белгиланган, жумладан, пойтахтдаги Кичик ҳалқа йўли ичида жойлашган кўчаларда транспорт воситаларининг юқори ҳаракат тезлиги соатига 70 километрдан 60 километрга камайтирилганди.

Аслида тезликни камайтириш Шавкат Мирзиёевдан чиққан ғоя. Президент шу йил феврал ойида Самарқанд шаҳрига қилган ташрифида шундай таклифни ўртага ташлаган эди.

“Яқинда Тошкентда тезлик кўпи билан 60 км/соатгача белгилангани ҳақида қарор чиқади”, — деган эди ўшанда Ш.Мирзиёев.

Давлат раҳбари Тошкент шаҳри ва бошқа йирик шаҳарларнинг марказий кўчаларида тезлик лимити оқилона, илмий ёндашув асосида ўрнатилиши кераклигини таъкидлаган эди. Кўчаларда ҳаракатланиш ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам қулай бўлиши керак, — деган эди Мирзиёев.

Маълумки, аҳоли пунктларида одамлар ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаларининг аксарият қисми белгиланган тезликни ошириш натижасида келиб чиқади.

Дунёнинг кўплаб шаҳарларида тезлик 40-50 км/соат қилиб белгиланган. Узоққа бормайлик. Ён қўшнимиз Қозоғистоннинг эски пойтахти Алмати шаҳри кўплаб кўчаларида 60 км/соат, марказий кўчаларда тезлик ҳаттоки 40 км/соат қилиб белгиланган.

“Алмати шаҳрини 2025 йилгача ривожлантириш дастури”га кўра, шаҳарнинг магистрал ва маҳаллий кўчаларида тезликни 60 ва 40 км соатдан 50 ва 30 км/соатгача тушириш кўзда тутилган.

Россия пойтахти Москва шаҳрида ҳам марказий кўчаларда тезлик 50 км/соат қилиб белгиланиши, айрим кўчаларда 30 км/соат қилиниши белгиланган. Қайд этилишича, Москвада тезлик режими пасайтирилиши ЙТҲлар сони икки баробарга камайишига олиб келган.

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институтининг маълум қилишича, шаҳарларда энг юқори тезликни соатига 10 кмга камайтириш Ўзбекистонда бир йилда 614 нафар инсоннинг ҳаётини сақлаб қолади. Қолаверса, паст тезликда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларида оғир жароҳатлар улуши камаяди.

Тезлик чеклови қачондан кучга киради?

Тасдиқланган давлат дастурига асосан, 2023 йил 1 апрелдан эътиборан Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида максимал тезлик 70 км/соатдан 60 км/соатга туширилиши кутилмоқда.

Аввалроқ ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Кичик ҳалқа йўли ичида жойлашган кўчаларда тезлик чеклови 60 км/соат этиб белгиланганини англатувчи йўл белгилари ўрнатилиб, кўчалардаги радар ва камералар ҳам транспорт воситаларининг тезлигини аниқлашда чекланган тезликка, яъни 60 километр соат тезликка мослаштирилаётганини маълум қилганди.

Идора матбуот котиби Азизхон Муродов автомобиллар 60 километр соат тезликда ҳаракатланиши белгиланган кўчалар хатловдан ўтказилгач, тегишли белгилар босқичма-босқич ўрнатилиши тақиқловчи белгилар ўрнатилмагунча жарима ёзилмаслигини таъкидлаганди.

Хўш, автомобиллар 60 километр соат тезликда ҳаракатланиши белгиланган кўчалар хатловдан ўтказилиб бўлдими? Тезлик пасайтирилиши айтилган барча кўчаларда тегишли тақиқловчи белгилар ўрнатиб чиқилдими?

Барча ташкилий ишлар якунланиб, тезлик оширган автомобилларга жарима ёзила бошлаши ҳақида оммавий ахборот воситаларида ва расмий сайтлар орқали жамоатчиликка маълумотлар бериб борилиши билдирилганди. Бироқ ҳозирга қадар на ИИВ ЙҲХБ сайти ва ижтимоий тармоқлардаги каналларида ва на ОАВда жарималар қачондан ёзила бошлангани ҳақида аниқ маълумот берилгани йўқ.

Афсуски, ИИВ ЖХД ЙҲХХ матбуот хизмати бу ҳақдаги сўровимизга жавоб бергани йўқ. Хизматнинг телеграм-каналида эълон қилинган Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоятлар ва туманларнинг марказларида 1 апрелдан транспорт воситалари ҳаракатланишининг энг юқори тезлиги соатига 60 километрга туширилиши ҳақидаги видеохабарда бу ҳақда лом-мим дейилмайди.

Қачондан жаримага тортиш бошланади?

Ҳаракатланиш тезлиги пасайтирилиши билан боғлиқ хабарнинг энг муҳим нуқтаси – шу, аслида. Марказий кўчаларда тезлик 60 км/с этиб белгиланиши ҳақида гап-сўзлар тарқалгандан бери ҳайдовчиларни энг кўп қизиқтираётган маълумот ҳам – шу.

Бироқ ИИВ ЖХД ЙҲХХ матбуот хизмати раҳбари шу йилнинг 1 март куни йўллаган саволларимизни, ундан кейинги қўнғироқларимизни ҳам жавобсиз қолдирмоқда. Ҳали беморлигини, ҳали хизмат сафари ёки мажлисда эканини айтиб баҳона қиладиган матбуот котиби Азизхон Муродовнинг хурмача қилиқлари, расмий сўровни жавобсиз қолдираётганидан ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсовнинг ҳам хабари бор. Бироқ масала ҳал бўлганича йўқ.

Азизхон Муродов январда йўл ҳаракати иштирокчилари 60 км/соатгача пасайтирилган кўчаларда тақиқловчи белгилар ўрнатилганидан кейин, шунингдек, кўчалардаги махсус мосламалар (радар ва камералар) ҳам транспорт воситаларининг тезлигини аниқлашда чекланган тезликка мослаштирилгандан сўнг тезликни 60 км/соатдан оширгани учун жаримага тортила бошлашини айтганди.

27 февраль куни Daryo нашри ЙҲХХ ахборот хизматига таянган ҳолда камералар тезлик меъёрини оширганлик учун жарима ёзишни бошлаганини маълум қилганди. ИИВ ЖХД ЙҲХХ матбуот котиби томонидан жавобсиз қолдирилган сўровда ҳозиргача республика бўйича неча нафар ҳайдовчи юқори тезлик 60 км этиб белгиланган кўчаларда тезликни оширгани учун жаримага тортилгани ҳақида ҳам сўрагандик.

Хўш, аслида, ҳайдовчиларни жаримага тортиш бошланганми ёки Азизхон Муродов фейк ахборот тарқатганми? Исми сир сақланишини сўраган ИИВ мулозимига кўра, ҳозирча очиқлаш мумкин бўлган маълумот 1 апрелдан Тошкент ва Нукус шаҳарларида ҳамда вилоят/туман марказларида максимал тезлик 70 км/соатдан 60 км/соатга туширилиши холос. Жаримага тортиш бошланган-бошланмагани ҳақидаги саволимиз яна очиқ қолди.

Жавобсиз қолдирилаётган сўровлар

ЙҲХБ – Ички ишлар вазирлигига бўйсунувчи тузилма. Бироқ Азизхон Муродов масаласида вазирликдагилар ҳам тайинлиги қарорга келиша олмаяпти. Зеро, у сўровларимизни биринчи марта жавобсиз қолдирмаяпти. Бундай ҳолатлар аллақачон анъана тусини олган.

Асосий вазифаси ОАВ билан ишлаш, ўзи хизмат қилаётган идоранинг имижини яхшилаш бўлган мулозимнинг субутсизлиги фақат биз билан содир бўляптими ёки у бошқа нашрдагиларга ҳам шундай муносабатдамикин дея ҳамкасбларимизнинг у ҳақдаги фикри билан қизиқдик. Буни қарангки, бошқа журналистлар ҳам унинг тайинсизлигидан ёзғиришди.

Фикримизча, ИИВ ўз тизимидаги хизмат матбуот котибининг лавозим мажбуриятлари ва хизмат вазифаларини кераклича бажаришини таъминлай олмаётганда ҳар йили матбуот котибларининг фаолияти самарадорлигини ўрганиб, буни рейтингларда акс эттириб келадиган АОКА вазиятга аралашиши зарур. Йўқса, сансалорлик ҳали узоқ вақт давом этиб, оммавий ахборот воситалари жамоатчиликка ўз вақтида етказиши керак бўлган ахборотлар яна кечикаверади.

Жамшид Ниёзов, Kun.uz

Мавзуга оид