Иқтисодиёт | 14:47 / 10.11.2025
3030
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк 18 та банкни 102 млн сўмдан жаримага тортди

Бунга давлат тили тўғрисидаги қонун талабларининг бузилиши ва ахборотларни ошкор этиш бўйича қонунчилик нормаларига риоя қилинмагани сабаб бўлган. «Жойлаштирилган ахборотларни ошкор этишда истеъмолчиларининг тўлиқ, ишончли ва тушунарли маълумот олиш ҳуқуқи ҳисобга олиниши керак», дейилади Марказий банк хабарида.

Фото: Kun.uz

Марказий банк сентябр-октябр ойларида тижорат банкларининг расмий веб-сайтларини мониторингдан ўтказди. Бу ҳақда регулятор ахборот хизмати хабар берди.

Мониторингдан мақсад — молиявий хизматлар истеъмолчилари учун ахборотлар ошкор этилиши бўйича қонунчилик талабларига риоя этилишини ҳамда фойдаланувчиларнинг тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳуқуқи таъминланишини текшириш.

Мониторинг натижасида қатор камчиликлар ва қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Жумладан, давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига риоя этилмасдан, айрим банкларнинг веб-сайтларида маълумотлар ўзбек тилида жойлаштирилмаган.

Бундан ташқари, айрим банклар ахборотларни ошкор этиш бўйича қонунчилик талабларига риоя қилмаган. Уларнинг веб-сайтларида кредит таъминотига олинган гаров мулкларини қарз қолдиғига мутаносиб тарзда босқичма-босқич гаровдан чиқариш тартиби жойлаштирилмаган.

Хусусан, Агробанк, Анорбанк, Ҳаётбанк, Универсалбанк, Гарантбанк, Асакабанк, Туронбанк, Инфинбанк, Микрокредитбанк, Трастбанк, Мадад Инвест банк, Содерот банк, Ориент Финанс банк, Ипотекабанк, Тенге банк, Зираат банк, AVO bank ва Open bank’ларнинг веб-сайтларида ушбу тартиб жойлаштирилмагани кузатилган.

Мониторинг якунларига кўра Марказий банк томонидан қоидабузарликка йўл қўйган банкларнинг ҳар бирига нисбатан 102 млн сўмдан жарима қўлланган.

Шунингдек, аниқланган камчиликларни бартараф этиш ҳамда расмий веб-сайтлардаги маълумотларни қонунчилик талабларига тўлиқ мослаштириш бўйича тегишли кўрсатмалар юборилган.

Марказий банк барча тижорат банкларидан ахборотларни истеъмолчиларга ошкор этишда давлат тили тўғрисидаги қонун талабларига сўзсиз риоя этилишини талаб қилади.

Шу билан бирга, расмий веб-сайтларда жойлаштирилаётган маълумотларнинг тўлиқлиги ва долзарблиги таъминланиши лозим. Жойлаштирилган ахборотларни ошкор этишда истеъмолчиларининг тўлиқ, ишончли ва тушунарли маълумот олиш ҳуқуқи ҳисобга олиниши керак.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид