Ўзбекистон | 18:59 / 30.10.2018
141338
6 дақиқада ўқилади

Шов-шувли истеъфо. Зойир Мирзаев иши энди ёпилдими?

Қайсидир бир камчилик, кутилмаган ҳолат ёки бир онлик зиддият туфайли истеъфога чиқишлар (ёки чиқарилишлар) ҳақида хориж хабарларида эшитардик. Бу ҳолат энди Ўзбекистонда ҳам кузатила бошланди. Охирги жиддий истеъфо бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаевнинг ўз вазифасидан четлатилиши бўлди.

Зойир Мирзаев

Таъкидлаш керак, жамият уйғонаётганининг, оммавий ахборот воситаларининг кечагидек ўз қобиғига ўралиб олмаганлигининг ўзига хос рамзи бўлди бу ҳолат. Олти кишининг сувга туширилиши ва айбдорларча бош эгиб тургани акс этган сурат тарқалиши билан бу воқеага алоқадор миш-мишлар ҳам урчий бошлади. Дастлаб бу воқеа водийда юз бергани тўғрисида хабарлар берилди. Кейинчалик Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида юз бергани маълум бўлгач, олтовлоннинг қандай қилиб сувга тушиб олишгани масаласи қалқиб чиқди ва бири-биридан кулгилироқ ҳамда ақлбовар қилмас маълумотлар тарқалди.

Олти кишининг ўзаро баҳс бойлашиб, сувга тушиб олганлари тўғрисидаги бемаъни фикрдан кейин туман ҳокимлиги расмийлари бир киши ортидан қолганлар ҳам сувга тушганлари ҳақидаги гапга ҳаммани ишонтиришга уринишди ва айбдорлар жазоланганини билдиришди.

Лекин ҳамма бу жазо юқоридан, анчагина юқоридан – ҳудудни текшираётган бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев томонидан берилганлиги ва унинг ўзи жараённи бевосита кузатиб турганларидан бохабар бўлиб улгурганди.

Бўлар иш бўлди. Мажбурий меҳнатга қарши давлат даражасида кураш кетаётган бир пайтда ҳамма президент ва ҳукуматнинг бу ҳолатга муносабатини кута бошлади.

Натижа кўп куттирмади – Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 29 октябрь куни имзоланган «Барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида» фармон мазмунини кенг жамоатчилик, хусусан барча ҳудудий раҳбарлар, ташкилот, идора ва тузилма бошлиқларига етказиш бўйича видеоселектор бўлиб ўтди. Йиғилишда Бош вазир Абдулла Арипов Зойир Мирзаевнинг ишдан олинганини эълон қилиб, бу ҳолатга муносабат билдирди.

«Мен учун бу ёмон ҳолат. Ҳукумат раҳбари сифатида, ўринбосаримнинг ушбу ишда томошабин бўлиши ё иштирокчи сифатида туриши ёмон. Президент топшириғи билан 25 октябрда бўлган воқеалар Бош прокуратура томонидан қатъий ўрганилади», деди А. Арипов.

Шу ўринда Зойир Мирзаев шахсига тўхталиб ўтишни лозим деб топдик.

Йирик раҳбар лавозимида ўз фаолиятини 2008 йилда Самарқанд шаҳар ҳокими сифатида бошлаган Зойир Тоирович Мирзаев 2010 йил 17 декабрдан бошлаб республиканинг энг катта вилоятларидан бири Самарқанд вилояти ҳокими лавозимига тайинланади. Бу лавозимда у роппа-роса олти йил – 2016 йил 15 декабргача ишлайди.

Таъкидлаш жоиз, бир вилоят ҳокими лавозимини узлуксиз эгаллаб туриш бўйича олти йил анча катта муддат ҳисобланади ва фақат саноқли ҳокимларгина бунга муваффақ бўлишган.

Қадимий шаҳарда ҳокимлиги, вилоят бошқарувида ҳам Зойир Мирзаев одамлар билан тил топишишга усталиги, халқчиллиги билан ном қозонган. Шунингдек кўпчилик самарқандликлар коррупция муаммоси ҳам унинг даврида кейин қайд этилганидек урчиб кетмаганлигини эътироф этишади. 

З. Мирзаев вилоят ҳокимлигидан нафақат ишдан кетади, балки янада юқори лавозимни эгаллайди 2016 йилдан бошлаб бош вазир ўринбосари - Қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, агросаноат мажмуаси раҳбари, 2018 йилдан то истеъфога чиқарилгунига қадар бош вазир ўринбосари - агросаноат, озиқ-овқат ва халқ истеъмол моллари мажмуаси раҳбари бўлиб ишлаб келган ва бу соҳада ҳам анчагина тажриба тўплаган.

Аммо Зойир Мирзаев талабчан ва қатъийлик чегарасини ошириб юборганини ўзи ҳам сезмай қолганга ўхшайди. Оққўрғонлик бир қатор раҳбарлар ва фермерларни сувга тушириб, таҳқирлаш иш талаб қилиб камситиш борасидаги эскича услубларнинг оддийси эди. Шу кунга қадар ҳам туман ва ҳатто вилоят раҳбарларининг қўл остидаги ходимларини дўппослаганлари, турли хил шаклда тазйиқ ўтказганлари ҳақида маълумотлар тарқалиб турарди.

Аммо айнан мана шундай қилмишлар учун юқори лавозимли раҳбарнинг эгаллаб турган лавозимидан четлатилиши Ўзбекистон тарихида илк бор юз бермоқда ва бу жуда муҳим сигналдир.

Шу пайтга қадар ҳам вилоят ва республика миқиёсидаги раҳбарларнинг кимнидир таҳқирлаганлари танқид қилинган, лекин бу ҳолатлар кўпроқ уларнинг қатор камчиликларга йўл қўйганлари ортидан ишдан бўшатилаётган пайтларида эсланган.

Зойир Мирзаев эса битта жиддий камчилик учун бир маромда, кўтарилиш сари кетаётган каръераси билан жавоб берди.

Бундай катта лавозимли, тажрибали раҳбарнинг ҳам аяб ўтирмай жазоланиши эса ҳаммаси жиддийлигини, президент ҳам, ҳукумат ҳам бу борада қатъий позицияда эканлигини билдиради.

Кўпчилик ҳозир З. Мирзаевнинг кейинги тақдири билан қизиқмоқда. Бу борада бош прокуратура ҳам махсус текширув ўтказишини маълум қилган ва ҳатто ҳолатни индамай кузатиб турган вилоят ҳокими ўринбосари ва прокурор ўринбосари ҳам ишдан бўшатилгани эълон қилинди.

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) лойиҳа бош техник маслаҳатчиси Йонас Аструп бугун ҳукуматнинг Бош вазир А. Арипов бошчилигидаги селектор мажлисида иштирок этиб, воқеага муносабат билдирди. У мажбурий меҳнатга йўл қўйган ҳукумат даражасидаги амалдорга чора кўрилишига умид билдирган.

Аммо бу ҳолатда жиноят таркибини топиш ва бош вазирнинг собиқ ўринбосарини жавобгарликка тортиш эҳтимоли кам. Катта эҳтимол билан Зойир Мирзаев бир муддат ишсиз юради ва шундан кейингина бирор тармоқ раҳбарлигига тайинланади.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид