Ўзбекистон | 21:16 / 23.12.2022
40271
3 дақиқада ўқилади

“Док-1 МАКС”ни ичган болалар госпитализацияси давом этмоқда. Бу ҳолат РШТЁИМда ҳам кузатилган

Бугун, 23 декабр куни Самарқанд вилоят болалар шифохонасига “Док-1 МАКС” препаратини ичганидан кейин аҳволи оғирлашган навбатдаги бола ётқизилди, у айни пайтда реанимацияда. 20 декабр куни РШТЁИМ ҳам ССВга шу дори масаласида хат чиқарган. Kun.uz мухбири Самарқанддаги болалар шифохонасида бўлиб, шифокор ва бемор боланинг онаси билан суҳбатлашди.

Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази охирги 2 ой ичида 15 нафар бола “Док-1 МАКС” препарати сабабли вафот этган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.

Марказнинг шу мазмунда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига 15 декабр куни чиқарган хати ижтимоий тармоқларда жиддий муҳокамаларга сабаб бўлди.

Марказ бош врачи М.Азизов “Док-1 МАКС” препаратидан фойдаланган аксарият инсонлар унинг ножўя таъсиридан шикоят қилганини билдирган. Бош врачга кўра, бу дорини истеъмол қилган болаларда буйрак зарарланиши ва етишмовчилиги белгилари кузатилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу борада ўрганиш ишлари бошлангани, Фармацевтика агентлиги эса 22 декабрдан бошлаб дорининг Ўзбекистондаги савдоси тўхтатилганини маълум қилди.

Kun.uz мухбири Самарқанд вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида бўлиб, ҳолатни ўрганди.

Марказ бош врачи ўринбосари Фазлиддин Файзуллаев биз билан суҳбатда вазиятга изоҳ берди.

“Одатда куз-қиш мавсумида ёш болаларда нафас йўллари билан боғлиқ муаммолар, шамоллаш ва тана ҳароратининг ошиши кўп кузатилади. Сўнгги ойларда бизнинг марказимизда буйрак етишмовчилиги билан оғриган бемор болалар сони ортди. Биз уларнинг ота-оналари билан суҳбатлашганимизда, уларнинг аксарияти тана ҳароратини тушириш ва даволаш мақсадида “Док-1 МАКС” препаратидан фойдаланганини маълум қилди. 17 нафар бемор болаларда касаллик ниҳоятда оғир кечди. 15 нафарини сақлаб қолишнинг имкони бўлмади. Шу каби ҳолатларни таҳлил қилиб, Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасига билдирги бердик”, – деди Фазлиддин Файзуллаев.

Маълум бўлишича, 23 декабр куни ҳам ушбу марказга шаҳрисабзлик бир бола ётқизилган. Онаси Дилноза Бойқобилованинг айтишича, 14 декабр куни фарзанди боғчадан иссиғи чиққан ҳолда қайтган. Шундан сўнг дорихоначи тавсияси билан “Док-1 МАКС” сиропини харид қилган. Бу дорини тўрт кун давомида уч маҳалдан фарзандига ичирган. Кутилган натижа бўлмагач, шифокор тавсияси билан бошқа сироп олиб ичирган. Болада ҳолсизлик, кўнгил айниши, иштаҳасизлик, уйқучанлик кузатилган. Икки кун аввал пешоб қилолмай қолган. Шундан кейин Самарқанд вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига даволатиш учун олиб келган. Бола ҳозирги вақтда марказнинг жонлантириш бўлимида.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзов ҳозирча ҳолат ўрганилаётгани, якуний хулосага келингач, жамоатчиликка маълум қилинишини билдирди.

Маълум бўлишича, 2022 йилнинг 20 декабр куни Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази ҳам “Док-1 МАКС”нинг ножўя таъсири бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигига хат чиқарган. Бу хатда 19 декабр куни марказга олиб келинган 14 нафар бемор боланинг 12 нафари айнан “Док-1 МАКС” қабул қилгани аниқланган.

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид