Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
2025 йилнинг биринчи ярмида Тошкент шаҳрида бирорта ҳам мактаб қуриб битказилмади
Янги ўқув йилида Ўзбекистондаги мактабларда қарийб 2 миллионта ўқувчи ўрни етишмовчилиги юзага келиши мумкин. Жорий йилнинг биринчи ярмида 9 та ҳудудда, хусусан, Тошкент шаҳрида биронта янги мактаб ишга тушмаган.
Фото: Kun.uz
2025 йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистонда ишга туширилган мактаблар сони 68 тани ташкил этди, дея хабар берди Миллий статистика қўмитаси.
Ҳудудлар бўйича янги мактаблар сони қуйидагича:
- Андижон вилояти – 35 та;
- Бухоро вилояти – 19 та;
- Хоразм вилояти – 7 та;
- Наманган вилояти – 6 та;
- Қорақалпоғистон – 1 та.
Иқтисодчи Отабек Бакиров биринчи ярим йилликда пойтахт Тошкентда биронта янги мактаб ишга тушмаганига эътибор қаратди.
“Ўтган ўқув йили бошланиши олдидан Ўзбекистонда 1,7 млн ўқувчи ўрни етишмовчилиги мавжуд эди. 2024/2025 ўқув йилида 455,2 минг нафар ўқувчи мактабларни битирди. Янги ўқув йилида 738 минг ўқувчи 1-синфга чиқади. Яъни мактаб ўқувчилар сони 282,8 мингга ошади. Қурилаётган мактаблар ҳақидаги маълумотлар инобатга олинса, ўқувчи ўрни етишмовчилиги янада ошади, айниқса Тошкент ва йирик шаҳарларда. Мактаб вазирлиги мактабларнинг қуввати ва 2 ва 3 сменада ишлайдиган мактаблар ҳақидаги маълумотларни расмий саҳифасига жойламаган. 2 йил аввалги статистикага кўра, 75,5 фоиз мактаблар 2- ва 3- сменада ўқишга мажбур эди”, дея ёзди иқтисодчи.
2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида қуриб битказилган мактабларнинг қарийб ярми Андижон вилояти ҳиссасига тўғри келган. Ўзбекистоннинг 9 та ҳудудида, хусусан, Тошкент шаҳрида биронта янги мактаб ишга тушмаган.
“Охирги 1 йилда Тошкент шаҳри аҳолиси 70 мингга кўпайган. Охирги 7 йилда 663,5 мингга. Бунга Тошкент шаҳрига туташ Қибрай, Тошкент, Зангиота, Қуйи Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларидан келиб ўқийдиганларниям қўшиш керак. Таълимдаги раҳбарларда пойтахтда тобора кучайиб бораётган мактаб етишмовчилигини “хусусий мактаблар ечади” қабилидаги нотўғри қараш шаклланган”, дея қўшимча қилди Бакиров.
Мавзуга оид
10:07 / 26.12.2025
Мактабгача ва мактаб таълими: 2025 йилда 59 та янги мактаб ишга туширилди
22:08 / 22.12.2025
Бойлар “ўйини” ёхуд ошкора камситиш: мактабларда урфга кираётган “Секрет Санта” одамларга қандай таъсир қиляпти?
09:54 / 22.12.2025
Нигерияда жангарилар қўлидан яна 130 нафар мактаб ўқувчиси озод қилинди
20:15 / 16.12.2025