Ўзбекистон | 17:44 / 20.09.2024
7828
4 дақиқада ўқилади

«Ҳаддини билмаганларни меҳмон деёлмаймиз» – Ўзбекистонда бўлиши номақбул чет элликлар рўйхати юритилади

Сенаторлар маъқуллаган қонунга кўра, Ўзбекистоннинг давлат суверенитети ва хавфсизлигига зид бўлган, халқнинг шаъни, қадр-қиммати ёки тарихини таҳқирловчи гаплар айтган чет эл фуқаролари Ўзбекистонга киритилмайди, агар улар Ўзбекистонда бўлса, депортация қилинади ва қатор молиявий тақиқларга дучор бўлади. Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юритиладиган бундай шахслар рўйхатига чет элликлар – парламент ва махсус ваколатли органнинг тақдимига биноан киритилади.

Фото: Kun.uz

Олий Мажлис сенатининг 20 сентябр кунги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида»ги қонунга қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ушбу қонунга кўра, «Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати» юритилади.

Унга Ўзбекистон давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро ижтимоий, ирқий, диний ва миллий адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқи шаъни, қадр-қиммати ва тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар ҳамда ҳаракатлар содир этган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар киритилади.

Рўйхатни юритиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юритилади. Бундай шахсларни рўйхатга киритиш Олий Мажлис палаталарининг кенгашлари ҳамда махсус ваколатли органларнинг тақдимига биноан амалга оширилади.

Ўзбекистон ҳудудида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиши тақиқланади (Улар Ўзбекистонда ҳудудидаги ўз мулкини сотиши ёки ҳадя қилиши мумкин).

Шунингдек, мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахс шундай мазмундаги Ташқи ишлар вазирлиги хабарномасини олган кундан эътиборан 10 кун ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистондан чиқиб кетиши керак. Агар ушбу муддат ичида ихтиёрий равишда чиқиб кетмаса, мазкур шахс ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан депортация қилинади, яъни мажбурий тарзда чиқариб юборилади.

Қонунбузарнинг рўйхатда бўлиш муддати 5 йил ҳисобланади, агар у ушбу муддатда рўйхатга кириш учун асос бўлган сабабларни бартараф қилса, муддатидан илгари рўйхатдан чиқарилиши мумкин

«Тинчлик, осойишталикка рахна солувчи бундай чиқишлар кенг жамоатчиликда чуқур хавотир уйғотмоқда. Миллий қонунчиликда бундай чиқишларни содир этган чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш назарда тутилмаган. Ваҳоланки, бундай қилмишлар туфайли давлат ва жамият манфаатларига сезиларли даражада зарар етиши мумкин», – дейди сенатор Анвар Тўйчиев.

«Ҳамма давлат ўзининг эҳтиёт чорасини кўряпти. Сиёсатимиз, қонунларимиз ҳақида фикр билдириш учун ҳамма имкониятлар бор. Шунга қарамай, ҳаддини билмасдан, мамлакатимиз хавфсизлигига таҳдид соладиган гапларни тарқатадиганлар ҳам бор-да. Биз бундайларни меҳмон деёлмаймиз. Бутун дунёда шунақа, ахлоқ бузилган жойда қонун пайдо бўлади. Биз жуда тўғри қиляпмиз, ундайларни киритмаслик керак», — деди сенатор Фармон Тошев.

Қонун Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини ҳурмат қилиш бўйича талабга барчанинг, жумладан, чет элликлар ҳам риоя қилишини таъминлашга хизмат қилиши кутилмоқда. Сенаторлар томонидан маъқулланган ҳужжат президент имзолагач кучга киради.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги йил давомида россиялик бир қатор расмийлар ва пропагандачилар, хусусан Захар Прилепин, Михаил Смолин, Михаил Делягин, Евгений Фёдоров, Пётр Толстой ва бошқалар Ўзбекистон ва ўзбек халқи шаънига қаратилган таҳдид ва ёлғон баёнотлари билан Ўзбекистон жамоатчилиги ғазабига сабаб бўлган, қатор фаоллар расмийларни бундай шахсларнинг Ўзбекистонга киришини тақиқлашга чақирган эди.

Мавзуга оид