Жамият | 18:50 / 05.04.2023
72838
6 дақиқада ўқилади

Сергелидаги фожиа: вазият пухта терговни талаб қилади

Тошкент шаҳрининг Сергели туманида аёл ўзи ва уч фарзандининг жонига қасд қилгани кўпчиликни қайғуга солди. 27 ёшли аёл аввалига 5 ва 4 ёшли ўғилларини 9-қават деразасидан ташлаб, кейин ўзи ҳали бир ёшга тўлмаган қизалоғи билан бирга пастга сакраган, натижада уларнинг тўрталаси ҳам воқеа жойида ҳалок бўлганди.

Маълум бўлишича, марҳума аёл турмуш ўртоғи билан яшаб келган Тошкент вилояти Зангиота туманидаги икки қаватли уйда 2022 йил октябр ойида ёнғин содир бўлган. Бош прокуратура ахборотига кўра, шу ёнғин сабабли аёл уч фарзанди билан онасининг Сергели 8-мавзесида жойлашган 2 хонали уйига келиб, яшай бошлаган. “Ушбу ҳолатлар унинг руҳиятига салбий таъсир кўрсатган”, – дейилади прокуратура хабарида.

Интернетда уйга аёлнинг ўзи ўт қўйгани ҳақида миш-мишлар юрибди. Оила яшаб келган Зангиотадаги Назарбек маҳалласи раиси Абдубосит Йўлдошев биз билан суҳбатда буни инкор этмади.

“Бу хонадон маҳалла идораси ёнида жойлашган, жуда яхши биламанки, бирор марта мурожаат билан чиқишмаган. Ҳақиқатан ҳам анча аввал уйда ёнғин бўлди, 80 квадрат метрча жой зарар кўрди. Ёнғин хавфсизлиги ходимлари ёнғинни қисқа туташувдан чиққан деб баённома тузишди, мен маҳалла раиси сифатида имзо чекдим. Орадан 3-4 кун ўтиб усталар ишлаётганини кўрдим, биратўла уйни таъмирлашаётган экан”, – деди Абдубосит Йўлдошев.

Маҳалла раиси аёл ва 3 фарзанднинг Сергелида яшаб турганини уларнинг уйи ёнғиндан кейин таъмирга тушгани билан изоҳлади.

“Бу воқеани [Сергелидаги фожиа назарда тутилмоқда – таҳр.] эшитиб, хонадонга телефон қилсам, куёвнинг онаси йиғлаб гапирди. “Ўшанда уйни келинимиз ёққан, лекин учта набирам борлиги учун ўғлимни тинчлантириб, ҳеч кимга айтмагандик. Маҳаллада гап-сўз чиқиб, келини уйини ёққан дейишмасин, деганмиз. Оилани сақлаш учун сир тутган эдик”, деган гапларни айтди”, – деб маълумот берди раис.

Уйга ўт қўйиш айбловини марҳуманинг биз суҳбатлашган дугонаси рад этди.

“Уйи ёниб кетгани ҳақида ҳам гапириб берганди. Тунда болаларини ухлатаётганда уйи ёнаётганини сезиб қолган. Ёнғин бошланганини сезиб, эрини огоҳлантирганда биринчи бўлиб машинани олиб чиқиш кераклигини айтган. Уйи ёнгани сабаб онасиникига келганда хурсанд бўлганди, ўша уйдан қутулдим деб.

Лекин тушкунликка тушганини, руҳиятида бирор ўзгариш бўлганини сезмаганман. Эшитиб шокка тушиб қолдим, ишонмадим. Уни сабрсиз аёл дея олмайман. Яраштириш учун эрининг қариндошлари келишганда, кетмади қайтиб. Бормайман у уйга, мени шунчалик хор қилган хонадонга қайтмайман, деди.

Эрининг қариндошлари яраштирмоқчи бўлиб келишгандаям, унга шарт қўйишган. Кечирим сўраб борасан, эринг устингга хотин олишига рози бўласан, ўша билан битта уйда яшайсан, дейишган.

Яқиндаям дугонамнинг онаси “эрингнинг қариндошлари келишади, уйларни йиғиштириб қўй”, деганда қаршилик қилганини айтиб берганди”, – деди марҳуманинг шахси сир қолишини истаган дугонаси.

Оиладаги яна бир кўнгилсиз воқеа келиннинг ҳомиладорлик пайтида содир бўлади.

“Ҳатто ҳомиладорлигида ҳам калтакланган экан, шу учун кичик фарзанди 6,5 ойлик туғилган. Шу сабабли уни жуда қийинчиликлар билан катта қилаётган эди”, – деди биз билан суҳбатда аёлнинг дугонаси.

Маҳалла раиси бу вазият бошқача бўлганини айтди:

Назарбек маҳалласи раиси Абдубосит Йўлдошев

“Мен санасигача биламан. 2022 йилнинг 30 март куни келин охирги фарзандига ҳомиладорлигида йиқилиб тушганди. Шунда “Тез ёрдам” келган. Улар “02” қилишган. Биз хабар олишга кирганимизда йиқилишига ҳомиладорлик пайтидаги ҳолати, камқонлиги сабаб бўлган, деб хулоса беришган экан”.

Биз Сергели тумани Соҳибқирон маҳалласида ҳам бўлдик, аммо на маҳалла раиси, на унинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарини топишнинг иложи бўлмади. Фақат маҳалла фаолларидан бири Қобилжон Расулов оила ҳақида қисқа фикр айта олишини билдирди:

“Бу оилани 1990 йилдан бери биламан. Намунали оила, ҳеч ким билан “сан-манга борганини” эшитмаганман. Қизи турмушга чиққанини биламан холос”.

Суриштирув давомида оила ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалаётган турли маълумотларни тасдиқлаш ёки инкор этишнинг имкони бўлмади. Ҳолатдан хабардор, биз боғланишга муваффақ бўлган бир нечта гувоҳлар шахси сир қолиши шарти билан бўлса бўлса-да ОАВга гапиришни истамади.

Kun.uz аянчли фожиага, марҳумадаги руҳий зўриқишларга олиб келган сабаблар (эҳтимол шахсларга ҳам) тергов ва суд томонидан қонуний баҳо берилишига умид қилиб қолади.

Эслатиб ўтамиз, жиноят иши қасддан одам ўлдириш ва ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш моддалари билан қўзғатилган.

Гулмира Тошниёзова,
Жавоҳир Ғайратов,
Kun.uz

Мавзуга оид