Ўзбекистон | 15:47 / 21.12.2022
7223
3 дақиқада ўқилади

Тошкент автобусларига қоидабузарликларни қайд этувчи камералар ўрнатилмоқда

Шаҳарнинг асосий кўчаларида ниҳоят автобуслар учун алоҳида ҳаракатланиш йўлаклари ажратиб бериляпти. Бу йўлакларга ва автобус бекатларига машинасини қўйиб кетган ҳайдовчилар автобусларга ўрнатиладиган камералар орқали жаримага тортилади – автоматик, инсон омилисиз.

Фото: Kun.uz

Тошкентдаги йўналишли автобусларга қоидабузарликни автоматик қайд этувчи видеорегистраторлар ўрнатилади. Шу кунларда бу масалада тадбиркорлар билан музокаралар олиб бориляпти. Бу ҳақда ЙҲХХ бошқарма бошлиғи Фазлиддин Тошкенбоев маълум қилди.

“Кейинги 3 кун давомида Тошкент шаҳридаги барча марказий кўчалар айланиб чиқилди. Йўл қопламаси, йўл ҳаракатининг қандай ташкил этилгани ва автобус бекатларида автобусларнинг кириб-чиқишига халақит бераётган барча омиллар ўрганиб чиқилди.

Автомобилларнинг тартибсиз қолдириб кетилиши ҳолатлари жуда ҳам кўп. Айниқса савдо мажмуалари, дўконларга кираман деган ҳайдовчилар ҳеч қандай тартиб-қоидасиз исталган жойда автомобилини ташлаб... Автобус тўхтаб қолиши, бунинг натижасида унинг маршрут вақти бузилишини хаёлига ҳам келтирмасдан қолдириб кетмоқда.

Шундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида инсон омилини чеклаган ҳолда ҳар бир автобусга видеорегистратор ўрнатиш бўйича ҳозирги кунда тадбиркорлар билан музокаралар олиб борилмоқда. Тез кунларда ҳар бир автобусни видеорегистратор билан жиҳозлаб, қоидабузарларга нисбатан жазо чоралари қўлланишини йўлга қўямиз”, – деди Тошкенбоев.

Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси бошлиғи Анвар Жўраевнинг айтишича, камералар аввалига 20 та автобусга ўрнатилади. Шу орқали автобуслар учун ажратилаётган алоҳида ҳаракатланиш бўлакларига бошқа ҳайдовчилар кирмаслигига эришиш мақсад қилинган.

“ИИВ ҳамма бекатларни инвентаризация қиляпти. Ҳайдовчилар автомобилини тўхтатмаслиги учун платформалар олдига зигзаг шаклида ётиқ чизиқлар чизилади. Қоидабузарларни автобусларнинг ўзлари қайд этади. Биринчи босқичда тажриба тариқасида 20 та автобусга камера ўрнатамиз. ИИВ камералар учун техник топшириқни ишлаб чиқишга ёрдам берди. Биз автобусларга камераларни заводнинг ўзидаёқ ўрнатишлари, март ойида мингта автобусни камералари бор ҳолда олишни хоҳлаяпмиз”, – дея Анвар Жўраевнинг сўзларини келтирмоқда Gazeta.uz.

Жўраев назарда тутган мингта янги автобус – президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи. Янги автобуслар Наврўз байрамигача олиб келиниши керак.

Аввалроқ маълум қилинганидек, Тошкентнинг марказий кўчаларида 2 ой ичида 475 км автобус йўлаклари ташкил этилади. Йўллардаги ҳаракатланиш бўлакларидан автобусдан ташқари фақат тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ва ИИВ автомобиллари ҳаракатланиши мумкин. Бошқаларнинг бу ердан ҳаракатланиши тақиқланади.

Навоий шоҳкўчаси / Фото: ЙҲХХ

Анвар Жўраевнинг айтишича, Алишер Навоий кўчасида ўтказилган тажриба автобуслар учун алоҳида бўлаклар физик тўсиқларсиз ишламаслигини кўрсатган. Шу сабабли жамоат транспорти учун мўлжалланган ҳаракатланиш бўлагини вақтинча бошқаларидан конуслар ва ленталар билан ажратиш режа қилинмоқда.

Мавзуга оид