Ўзбекистон | 18:22 / 06.04.2020
71975
3 дақиқада ўқилади

14 март куни Тошкентда бўлиб қайтган нукусликда 5 апрель куни коронавирус аниқланди

5 апрель куни Қорақалпоғистон Республикасида коронавирусга чалинган дастлабки беморлар аниқланди.

Фото: Қорақалпоғистон ССВ

Қорақалпоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, Нукус шаҳрида яшаётган бир эркак киши ва унинг онасида вирус тасдиқланган.

Маълум бўлишича, эркак иш юзасидан 14 март куни Тошкент шаҳрида бўлган. Вирусга гумонлангач, Республика юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.

«Улардан тегишли таҳлиллар олиниб, Республика санитария эпидемиологик осойишталик марказининг вирусология лабораториясига ва Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-амалий текшириш институтига юборилган. 2020 йил 5 апрель санасида тунда таҳлил натижалари ушбу икки фуқарода коронавирус борлигини тасдиқлади.

Ушбу икки фуқаро вирусга гумон қилинишидан, дарҳол улар билан мулоқотда бўлган кишилар эпидемиологик текширувга олиниб, улар ҳам карантинга олинди», – дейилади вазирлик хабарида.

Ҳозирда ушбу икки фуқаро Нукусдаги Республика юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Уларнинг аҳволи ўртача даражада.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 18 март куни Тўрткўл туманидаги тўйда қатнашган қозоғистонлик аёлда коронавирус аниқлангани хабар қилингач, у билан билан кўришган фуқаролар карантинга олинган эди. Кейинроқ маълум бўлишича, карантинга олинган бу фуқароларнинг таҳлиллари манфий натижа берган.

«Агар Г. исмли Қозоғистон фуқаросида коронавирус инфекцияси лаборатор усулда аниқланганида, Қозоғистон Республикасининг тегишли ташкилотлари томонидан Ўзбекистонга расмий маълумот келиб тушиши керак эди. Бундай расмий маълумот эса ҳалигача берилмади – бу ОАВда тарқалган маълумотларнинг ёлғон эканини кўрсатади.

Шунингдек, норасмий маълумотларга кўра, Г. исмли аёл алоҳида боксда эмас, балки бошқа ёнидаги кишилар билан оддий карантин назоратида экан», деб маълум қилган Қорақалпоғистон ССВ.

Маълумот учун, ҳозирда Тошкент шаҳрида 170 нафар бемор даволанмоқда. Фарғона вилоятида 64, Андижон вилоятида 61, Наманган вилоятида 48, Бухоро вилоятида 19, Хоразм вилоятида 18, Қашқадарё вилоятида 6, Қорақалпоғистон Республикаси ва Навоий вилоятида 2 нафардан беморга даво муолажалари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид