Ўзбекистон | 21:25 / 07.07.2023
46624
6 дақиқада ўқилади

Дониёр Комилов Россиядаги энг йирик мис ишлаб чиқарувчи компаниялардан бирининг бенефициар эгасига айланди

Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли, Россиядаги бир нечта йирик компанияларда улушларга эга Дониёр Комилов Урал кон-металлургия компаниясининг ҳам бенефициар эгасига айланди. УКМКга этник ўзбек Искандар Маҳмудов томонидан асос солинган бўлиб, миллиардерлар Маҳмудов, Бакаров ва Козицин унинг асосий акциядорлари бўлиб келган.

Фото: Евгения Яблонская / Коммерсантъ

Асли ўзбекистонлик бўлган россиялик миллиардер Искандар Маҳмудов ва унинг шериклари томонидан асос солинган Урал кон-металлургия компанияси (УКМК) 2022 йилги ҳисоботини эълон қилди. Унда компания собиқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли Дониёр Комиловни ўзининг бенефициар эгаси сифатида кўрсатган. Бунга Forbes нашри эътибор қаратди.

Қайд этилишича, 2022 йил 14 мартда УКМК расмий сайтида компания корпоратив тузилмасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилади. Унда Искандар Маҳмудов ва Андрей Бакаров (Маҳмудовнинг асосий бизнес ҳамкори, “Трансмашҳолдинг” асосчиси) УКМК, “Кузбассразрезуголь”, “Восточный порт”, “Ростерминалуголь” АЖларнинг бенефициарлари бўлишни тўхтатгани, шунингдек, ушбу компанияларнинг директорлар кенгашларини тарк этгани хабар қилинади. Бир ой ўтгач, Маҳмудов ва Бокарев Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилади.

2022 йилнинг июлида Андрей Козицин ҳам УКМК бош директори лавозимидан кетади. Қарор “келажакдаги персонал санкциялардан қочиш” мақсадида қабул қилингани айтилади. Бир неча кундан кейин уни Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатига киритади.

2021 йилгача Маҳмудов, Козицин ва Бокарев УКМКнинг 85 фоиз улушдори бўлган, Кипрда рўйхатдан ўтган Selmareco Limited компаниясига эгалик қилган. Ўз навбатида, УКМК “Кузбассразрезуголь” кўмир компаниясининг 52,7 фоиз улуши эгаси бўлган (2022 йил якунларига кўра, мазкур корхона 44 млн тоннадан ортиқ кўмир қазиб олган ва ушбу кўрсаткич бўйича Россияда 2-ўринда қайд этилган). Маҳмудов, Козицин ва Бокарев бошқа офшор компаниялари орқали “Кузбассразрезуголь”нинг яна 35 фоиз улушига ҳам эга бўлишади.

Кипрда рўйхатдан ўтган яна бир ҳолдинг Starlion Limited Россия Узоқ Шарқидаги “Восточный порт” ва Болтиқбўйидаги “Ростерминалуголь” кўмир терминалларини назорат қилган. Маҳмудов, Козицин ва Бокаревнинг ушбу бизнесдаги умумий улуши тахминан 77 фоизни ташкил этган.

Ўтган йил якунлари бўйича, УКМК билан боғлиқ асосий активларнинг умумий даромади 890 млрд рубль (тахминан 9,6 млрд доллар), умумий соф фойда эса 190 млрд рубль (тахминан 2 млрд доллар) бўлган. УКМК 2022 йил бўйича берган ҳисоботида Комилов Донияр Абдулазизовични компаниянинг бенефициар эгаси сифатида келтирган.

Дониёр Комиловнинг компанияси Тошкент марказидаги собиқ МХХ биносини 210 млрд сўмга хусусийлаштирган. Айни кунларда бу бино ўрнида меҳмонхона қуриш мақсадида бузилмоқда. / Фото: Kun.uz

Маълумот учун, Дониёр Комилов – собиқ Ўзбекистон ташқи ишлар вазири, ҳозирда президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котибининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Абдулазиз Комиловнинг ўғли ҳисобланади. У 1972 йилда туғилган, Москва халқаро муносабатлар институти ва Москва давлат университетини тамомлаган.

Кичик Комилов Газпромбанкнинг биринчи вице-президенти бўлиб ишлаган. Шунингдек, 2015-2016 йилларда “Уралмашзавод” директорлар кенгашига аъзо бўлган. У Москвада рўйхатдан ўтган: қимматли қоғозлар соҳасида фаолият юритувчи “Селена” МЧЖ, молиявий хизматлар соҳасида фаолият юритувчи “КТС” МЧЖ, кўчмас мулк соҳасида фаолият олиб борувчи “Гломакс” МЧЖ, машина ва ускуналар улгуржи савдоси билан шуғулланувчи “ВЛК” МЧЖ ва “Ҳолдинг Инвест” каби бир нечта корхоналарнинг ҳам таъсисчиси ҳисобланади.

Шунингдек, 2021 йилда ягона таъсисчиси Дониёр Комилов бўлган “Metropol Group” МЧЖ Тошкент шаҳри Сайилгоҳ кўчасида жойлашган собиқ МХХ биносини 210 миллиард сўмга сотиб олганди. 2023 йилнинг баҳорида “Radisson Hotel Group” компанияси “Metropol Group” билан мазкур бино ўрнида 4та бинодан иборат, асосий ва энг баланди 22 қават бўладиган, 164 ўринли меҳмонхона қуриш бўйича битим имзолагани маълум бўлди.

Бундан ташқари, Комилов Ўзбекистонда “Delta Global Dynamics”, “Progressgortech-Asia”, “First Premium Alliance” каби компанияларда ҳам 100 фоиз улушга эга. Жорий йилнинг январь ойи охирида “First Premium Alliance” МЧЖ “Қўқон биокимё” АЖ устав капиталидаги 99,7 фоиз давлат акциялар пакетини 277 млрд сўмга сотиб олгани хабар қилинганди.

Искандар Маҳмудов / Фото Дмитрия Духанина / Коммерсантъ

Искандар Маҳмудов 1963 йилда Бухорода туғилган. Тошкент Давлат университетининг шарқшунослик факультетини тамомлаган ва Яқин Шарқ давлатларида ҳарбий таржимон бўлиб ҳам ишлаган. 1996 йилда Оренбург вилоятидаги Тоғ-кон комбинатининг бош директори этиб тайинланган. 1999 йилда Урал тоғ-металлургия компаниясига асос солган. Forbes журнали томонидан тайёрланган, Россиянинг 2023 йилдаги энг бой одамлари рўйхатида Маҳмудов 7,3 млрд доллар билан 21-ўринни эгаллаган. Украинадаги босқинчилик урушидан кейин Ғарб давлатлари уни Кремлга яқин одам сифатида тавсифлаб, санкциялар рўйхатига киритган.

Forbes маълумотларига кўра, Дониёр Комилов нафақат УКМКнинг бенефициар эгаси, балки Искандар Маҳмудов ва Андрей Бокаревнинг бошқа бизнесларидаги кичик ҳамкори ҳам ҳисобланади. Хусусан, Дониёр Комилов бошқарувида бўлган “Волирон” МЧЖ 2022 йилдаги даромади 431 миллиард рублдан (4,6 млрд доллар) ошган “Кузбассразрезуголь” кўмир компаниясининг 8,6 фоиз улушдоридир.

Бундан ташқари, Комиловнинг яна бир компанияси “КТС” асосий акциядорлари Искандар Маҳмудов ва Андрей Бокарев бўлган “Ҳолдинг Транскомпонент” ҳамда “МПК” МЧЖда ҳам 10 фоиздан улушга эгалик қилади.

Тайёрлаган:  Достон Аҳроров

Мавзуга оид