Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эҳсон ортидаги қопқон – Ўзбекистонда навбатдаги молиявий пирамида авж ола бошлади
Ml Share номи остидаги молиявий пирамида аввалроқ кўплаб ўзбекистонликларни чув тушириб кетган PGM каби “тухум тарқатиш” орқали аъзо кўпайтиришга интилмоқда. Ушбу платформанинг реклама баннерлари ҳатто ўқув ва тарбия муассасаларигача кириб боряпти. Президент Шавкат Мирзиёевнинг танқидига қарамай киберхавфсизлик ходимлари ҳозирча “ариза йўқ, муаммо ҳам йўқ” позициясида турибди.
Бири ёпилса бошқаси...
2025 йил май ойида Ўзбекистонда “китоб ўқиш орқали пул топиш” баҳонасида кўплаб инсонларни чув туширган OMD молиявий пирамидаси ёпилгач, кўп ўтмай PGM молиявий пирамида тарғиботига киришилди. Яқинда ушбу платформа ҳам “ҳосилини” йиғиштириб олди ва фаолиятини тўхтатди. Оқибатда минглаб одамлар унга меҳнат депозити сифатида киритган пулидан айрилиб қолди. Ҳатто жабрланувчилар орасида 146 млн сўмидан айрилганлар ҳам бор. Бундайларнинг аниқ сони маълум эмас. Kun.uz ўз суриштирувида PGM ва OMD молиявий пирамидалари ўртасидаги эҳтимолий боғлиқликни келтириб ўтганди.
ИИБ ходимлари тарғиб қилган XCM молиявий пирамидаси 2025 йил декабр ойи ўрталарида ёпилди. Бу сафар ҳам минглаб одам ушбу ёлғонга алданиб, пулидан айрилди. XCM ёпилган айни ўша кунларда эса унинг ўрнига Ml Share номи остидаги молиявий пирамида пайдо бўлди.
Осон даромад алдови
Ml Share молиявий пирамидасининг олдингиларидан ҳеч қандай фарқли томони йўқ: услуб ҳам, тарғибот шакли ҳам бир хил. Платформада пул тикиш ҳамда кунлик вазифани бажарган ҳолда даромад олиш таклиф қилинган. Кунлик вазифалар эса ўша-ўша, реклама кўриш ва лайк босиш.
Платформага пул тикиш J1ʼдан J9ʼгача бўлган босқичларга бўлинган. Масалан, энг қуйи J1 босқичида 285 600 сўм тикиб, кунлик 5 та вазифани бажарган ҳолда 9 520 сўм, йилига 3 427 200 сўм даромад кўриш таклиф этилган. Энг юқори J9 даражасида эса 680 млн сўм тикиб, кунига 600 та вазифани бажарган ҳолда 24 млн 480 минг сўм, йилига эса 8 млрд 812 млн сўм (!) даромад олиш мумкинлиги кўрсатилган. Одам қўшганларга эса алоҳида совға ва бонуслар ваъда қилинган.

Эҳсон ортидаги қопқон
Ml Share ҳам аввалги молиявий пирамидалар каби тарғиботни эҳсон тарқатиш орқали кучайтириб бормоқда. Кейинги кунларда республиканинг турли ҳудудларида айни шу молиявий пирамиданинг реклама баннери илиб қўйилган турли тадбирлар кўпайяпти.
Уларнинг айримлари эҳтиёжманд оилага эҳсон тарқатиш билан боғлиқ. Битта гугурт, 20 та тухум ва 1 литр ёғни қабул қилиб олиб, ўзлари билиб-билмаган ҳолда Ml Share шаънига раҳматлар ёғдираётганлар талайгина.




Шунингдек, жамоа бўлиб, бир дастурхон атрофида ўтказилаётган тадбирлар сони ҳам ортиб бормоқда. Одатда бу каби “чойли” тадбирларнинг харажати молиявий пирамида ортида турганлар томонидан қоплаб берилади.




Ижтимой тармоқлардаги гуруҳларида Ml Share тарғиботи ҳатто таълим ва тарбия масканларига ҳам кириб бораётганини кўриш мумкин.

Ўзбекистон учун махсус ишлаб чиқилган
Kun.uz аввалги суриштирувида Ўзбекистонда бири йўқолса, бошқаси пайдо бўлаётган молиявий пирамидалар ортида бир гуруҳ турган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминни илгари сурганди. Негаки, ушбу платформалар дастурлари ва тарғибот материаллари тўлиқ ўзбек тилида тайёрланган. Жумладан, Ml Share’ники ҳам.



Шунингдек, Ml Share иловасида рус ва инглиз тилидан ташқари фақатгина ўзбек тили мавжуд.

Ml Share молиявий пирамидасининг Telegram’даги асосий каналида 2025 йил 4 декабр куни эълонлар жойлаштира бошланган. Канал қисқа вақт ичида 30 мингдан ортиқ аъзо тўплаган.

Бу ҳам ушбу платформа аввалроқ ёпилган XCM ўрнига фаолият бошлаганини, асосан Ўзбекистонда тарғиб қилинаётганини англатади.
“Қанча муддат ишлайди?”
Ўзбекистонда молиявий пирамидалар ортидан даромад кўришни, осон пул топишни хаёл қиладиган қатлам шаклланиб улгурди: XCM, PGM, Ml Share каби платформаларга алданиб қолаётганларнинг аксарияти навбатдаги молиявий пирамида очилганида унга ҳам иккиланмасдан пул тикмоқда.
Ҳатто ижтимоий тармоқларда шу каби молиявий пирамидалар таҳлилига ихтисослашган махсус гуруҳлар пайдо бўляпти. Уларда одамлар “бу молиявий пирамидами?” деб эмас, “буниси кўпроқ муддат ишлайдими?” деган саволлар ўртага ташланмоқда.


Бу Ўзбекистонда маълум бир қатлам орасида молиявий пирамидаларга қарамлик пайдо бўлаётганини кўрсатади. Агар тезроқ олди олинмаса, бу қарамлик тўри кенгайиб, одамлар чўнтагидан ўмарилаётган миллионлар давлат иқтисодиётига таъсир қиладиган даражага келиши мумкин. Бу анча хавфли прогноз.
Киберхавфсизлик қачон “уйғонади?”
Аввалроқ президент Шавкат Мирзиёев видеоселектор йиғилишида 3 йил олдин Ички ишлар вазирлигида ташкил қилинган кибержиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг иши ҳали кўринмаётганини танқид остига олганди. Давлат раҳбари ўтган йили пойтахтда кибержиноятлар сони 16 мингдан ортиб, фуқаролар қарийб 2 триллион сўм моддий зарар кўрганини, уларни фош этиш 8 фоизга ҳам бормаганини айтиб ўтган эди.
Йиғилишда президент ўз сўзида молиявий пирамидалар ҳақида ҳам тўхталди.
“Илгари фақат “кўча” деб билган уюшган жиноятчилик бугун бизнес ниқоби остида анча даромадли соҳаларга кириб боряпти. Айниқса, жиноий тўдалар фаолияти кўп қаватли уйлар, автомашиналар олди-сотдиси, молиявий пирамидалар ташкил қилиш, Умра ва Ҳаж зиёратига юборишда анча кўпайган”, деди Шавкат Мирзиёев.
Бироқ президент танқидига қарамай, молиявий пирамидалар илдиз отишда, бири йўқолса, ўрнига бошқаси пайдо бўлишда давом этмоқда. Киберхавфсизлик масъул идоралар ҳозирча “ариза йўқ, муаммо ҳам йўқ” позициясида турибди.
Ваҳоланки, Жиноят кодексининг 188-1 моддасида (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) молиявий пирамидалар ташкил қилганлик учун оғирлик даражасига қараб 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Жиноят процессуал кодексининг 325-моддасига кўра, бундай жиноят ишларини қўзғатиш учун жабрланувчиларнинг шикояти талаб этилмайди.
Мавзуга оид
07:58 / 24.03.2026
“Робот сотиб ол ва бойиб кет”: Ўзбекистонда навбатдаги молиявий пирамида оммалашмоқда
12:11 / 25.01.2026
Тармоқли маркетингми ё молиявий пирамида: тузоқни қандай ажратиш мумкин?
21:17 / 23.01.2026
10 та тухум, 3 та банан ва минглаб қурбон: PGM “тўри” кўплаб ўзбекистонликларни ўз домига тортди
18:38 / 23.12.2025